Жамият | 20:22 / 18.08.2021
5632
5 дақиқада ўқилади

Венеция биенналесидаги ўзбек павильонида таълим дастурлари йўлга қўйилмоқда

Маданият ва санъат риволантириш жамғармаси Венеция архитектура биенналесидаги Ўзбекистон миллий павильонида таълим дастурларини йўлга қўймоқда.

24-31 август кунлари Венеция Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистоннинг биринчи Миллий павильонида Маданият ва санъат риволантириш жамғармаси томонидан бир қатор маърузалар, давра суҳбатлари ҳамда очиқ филм намойиши ташкил этилмоқда.

Венецияда ўтказилаётган 17-Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон миллий павильони 22 май куни ўз эшикларини очган эди. “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти” лойиҳаси Ўзбекистоннинг мазкур халқаро анжумандаги дебюти бўлди.

Павильон комиссари – Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг We Exhibit'га таяниб маълум қилишича, шу кунгача Ўзбекистон миллий павильонига 20 мингга яқин одам ташриф буюрди.

Лойиҳа маҳалланинг маданий меросини тушуниш ва ҳужжатлаштириш зарурлиги ғоясига асосланган бўлиб, у Ўзбекистоннинг маданият соҳасидаги мутахассислари ва архитектура бўйича халқаро экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Фанлараро лойиҳа маҳалла меъморчилиги ва ҳаётининг турли жиҳатларини ўрганишга асосланган бўлиб, Ўзбекистоннинг маданий-меъморий анъаналарини ижодий акс эттиришга қаратилган кенг қамровли академик тадқиқотлар ва ифодали бадиий мулоҳазани бирлаштирган.

Тўпланган маълумотларга ва хорижий мутахассисларнинг кенг доирасига асосланиб, ташкилотчилар “Маҳалла ҳикоялари” дея номланган бир қатор тадбирларни ўтказишни кўзлашган. “Маҳалла ҳикоялари” – бу “La Biennale di Venice” 17-Халқаро архитектура кўргазмасида Маданият ва санъат риволантириш жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган таълим ва маданий тадбирлар кетма-кетлиги. Ушбу тадбирларда нафақат лойиҳа кураторлари ва рассомлари, балки таклиф қилинган маърузачилар ҳам спикер сифатида чиқишлар қилишади.

24 август куни Ўзбекистон павильонида ўтказиладиган дастурни “Шодиёна” ўзбек анъанавий карнай ва сурнайчилар мусиқа ансамбли очиб беради ҳамда мақом ижрочиси Хушнуд Солижоновга ҳамроҳлик қилади. Шу куни мақомчи ва мусиқачилар бир вақтлар маҳаллалардаги тўй ва бошқа байрамларда ижро этилган мумтоз ўзбек миллий қўшиқларини ижро этишади.

Умуман олганда, Ўзбекистон павильонидаги сессиялар қуйидаги мавзуларда бўлиб ўтади: кураторлар Эмануел Кристоф ва Кристоф Гантенбейнларнинг Ўзбекистон ва маҳаллалар – ижод учун илҳом манбайи мавзуси, табиат овози учун ҳаракатининг контексти ва тарихий замири, шунингдек, рассом ва овоз режиссёри Карлос Касас томонидан тақдим этилган 70-йилларнинг бошидан то ҳозирги кунгача бўлган овозли ландшафт ва дала ёзувлари намуналари ва бошқалар.

Муҳим тадбирлардан бири 28 август куни Исроил ва Полша павильонлари билан биргаликда ўтказиладиган Кураторлар жамоавий куни ҳисобланиб, бунда халқаро экспертлар томонидан қишлоқ аҳолиси, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли турмуш тарзи каби мавзулар муҳокама қилинади.

Ўзбекистон павильонига Италиянинг энг қизиқарли мусиқачилари ва овоз техниклари Энрико Малатэста, Жованни Лами ва Глауко Салвони очиқ сессияга таклиф қилинган. Мазкур мусиқачиларнинг ижро маҳорати мавжуд импровизация, товуш табиати, борлиқда янграши ва чуқур тинглаш амалиёти чегараларини ўзгартириб юбориш қобилиятига эга деб қаралади. Шунингдек, шу куни маҳаллаларда ва уйларда ёзиб олинган товушларнинг перкуссияси, шунингдек, мусиқий намуналар (сэмпллар) ва электроникадан фойдаланган махсус жонли импровизация сессияси ҳам бўлади. Мазкур сессия павильонга янгича овоз амалиётини тақдим этади.

Шунингдек, тадбирнинг яна бир ёрқин саҳифаси сифатида Венециянинг қадимий “Teatrino Palazzo Grassi” кинотеатрида “Маҳаллада дув-дув гап” филмининг очиқ намойиши ҳамда тарихчи ва CNRS / CETOBAC Миллий тадқиқот маркази илмий ходими Хлое Дрийю ва рассом ва кинорежиссёр Саодат Исмоилова билан бўладиган суҳбат кутилмоқда.

Тадқиқотчи Хлое Дрийю Марказий Осиёда яратилиши 1924 йилга бориб тақалувчи илк киноасарларни ўрганиб чиққан. Ушбу фильмлар Ўзбекистоннинг этник ва ҳудудий чегараларини кўрсатган ҳолда унинг сиёсий тикланиши рамзига айланган ва кинематография тарихида янги даврни бошлаб берган. Бу ва кўплаб бошқа қизиқарли маълумотларни Венеция аҳолиси ва меҳмонлари тадбирга ташриф буюриб билиб олиши мумкин.

Тадбирларнинг батафсил жадвали билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин: mahallavenice.uz/events/sessions

Шунингдек, Instagram ва Facebook'да Венеция архитектура биенналесида биринчи Ўзбекистон миллий павильонига бағишланган саҳифалар юритилмоқда.

Мавзуга оид