Жамият | 20:08 / 31.08.2021
14148
2 дақиқада ўқилади

Шерободда анор пишди: аҳоли томорқасида 1000 гектар анорзорлар бор

Шеробод ҳудуди тупроқ унумдорлиги ва қуруқ ҳавоси анор етиштириш учун қулайлиги, деҳқончиликда муайян натижаларга эришиш мумкинлиги инобатга олиниб, туманда анорзорлар йилдан йилга кенгайтириб борилмоқда.

Дарвоқе, шу кунларда Шеробод боғларида анор пишди.

Ҳозирги кунда туман ҳудудида 6 минг 15 гектар ер майдонларида олма, анор, узум, ўрик, беҳи ва бошқа мевалар етиштирилмоқда. Шунингдек аҳоли томорқаларининг 1 минг 40 гектар ер майдонида анор мевалари етиштирилиб, ҳар йили уларнинг 50 фоиздан ортиғи хориж давлатларига экспорт қилиняпти. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 апрель-1 май кунлари Сурхондарёга ташрифи доирасида Шерободда анор етиштиришни ривожлантириш, бунинг учун 3 минг гектар ерда анорзорлар барпо этиш кераклиги ҳақида кўрсатма берганди. Туманда шунча ер майдонларига экилган анор кўчатлари бугунга келиб дастлабки меваларини бера бошлади.

Қолаверса, давлат раҳбарининг тавсиясига биноан Шерободда анорни қайта ишлаш “Шеробод анор импекс” МЧЖ ташкил этилди. Корхона 6 минг тонна қадоқлаш, 2 минг тонна анор шарбатини ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 70 киши иш билан таъминланган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жорий йилнинг феврал ойида мазкур туманда бўлиб, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар билан учрашди. Учрашувда 100 нафар ёшларнинг ҳар бирига 50 сотихдан – жами 50 гектар ер ажратиш, шу орқали уларнинг бандлиги, даромад манбаини таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилганди. Қисқа фурсатларда анорзорларни ташкил этиш, ерларни шудгорлаш, тартибга келтиришда боғ эгаларига ёрдам берилди. Таъбир жоиз бўлса, бу боғлар тумандаги муҳтож қатлам ва ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлабгина қолмай, даромади ошишига, моддий манфаатдорлигига хизмат қилади.  

Шеробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид