Ўзбекистон | 15:45 / 15.10.2021
122607
4 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов ҳукуматдан кетганидан бери илк марта ОАВда чиқиш қилди

Рустам Азимов охирги йиллардаги ўзгаришлар, давлат ташқи қарзи ҳақида фикр билдирди ва Ислом Каримовни хотирлади.

Бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари, собиқ молия вазири, айни пайтда «Ўзбекинвест» акционерлик жамияти бош директори лавозимида ишлаётган Рустам Азимовнинг мақоласи «Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинди. Унда муаллиф мустақилликнинг илк йилларидаги вазият ва охирги йилларда бўлган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари ва Ислом Каримов ҳақида

“Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, албатта. Мустақиллик эълон қилинган биринчи кунлардаги қийинчиликлар, республика омборларида бир ҳафтага етар-етмас дон қолгани ёки нефть танқислиги, бу муаммоларни ҳал этиш, яъни чет давлатдан сотиб олиш учун валютамиз йўқлиги, ундан кейин Тошкентда террористлар томонидан содир этилган портлашлар, Наманган ва бошқа ҳудудлардаги фожиали воқеалар... Шуларни эслаганда, авваламбор, Биринчи президентимиз Ислом Каримовни Ўзбекистон мустақиллигига асос солган инсон сифатида кўз олдимизга келтиришимиз табиийдир. Биринчи президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун ҳам жуда катта мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич ўта талабчан инсон эдилар. Лекин улар ушбу талабчанликни олдин ўзларига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эди. У инсоннинг қилган ишларига президентимиз Шавкат Мирзиёев жуда тўғри ва одилона баҳо бердилар. Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги кунда дунёда расман 200дан зиёд мустақил давлат бор, лекин аслида кўпчилигининг мустақиллиги қоғозда, яъни сунъий, чунки улар сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик жиҳатидан у ёки бу давлатга тобе ва афсуски, уларнинг тақдири ўз пойтахтларида эмас, балки бошқа пойтахтларда ҳал этилади. Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ, 25 йил ичида ҳақиқий мустақилликка эга бўлди”.

Охирги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида

“Ўзбекистон демократик жамиятни қуришга киришди. Буни очиқ айтиш керак, осон қарор бўлмади. Демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди. Демократия халқимиз қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишига йўл очди”.

Ошиб бораётган давлат ташқи қарзи ҳақида

“Иқтисодий ислоҳотлар жадал ривожланяпти, булардан энг биринчиси валюта эркин айланмаси жорий қилингани бўлса, банк тизими ва пул муомаласи эркинлаштирилиши, солиқ юкининг кескин камайтирилиши ва хусусий бизнесга кенг йўл очилиши унинг асосий негизидир. Кўплаб йиғилиб қолган муаммоларни фақат ўзимизнинг чегараланган манбалар ҳисобидан тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун давлатимиз четдан қарз олишга мажбур. Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга, иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради”.

Маълумот учун, Рустам Азимов 1991–1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқарув раиси сифатида ишлаган, 1998–2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси молия вазири сифатида фаолият кўрсатган.

2000 йилдан 2002 йилгача у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири, 2000–2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — макроиқтисодиёт ва статистика вазири бўлиб ишлаган. 2003–2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар вазири. 2005–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси молия вазири. 2008 йил 22 ноябрдан 2016 йил декабригача Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири, Макроиқтисодий ривожлантириш мажмуаси раҳбари.

2017 йилдан ҳозирги кунга қадар «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мавзуга оид