Ўзбекистон | 18:39 / 08.11.2021
84188
3 дақиқада ўқилади

11 сентябр терактлари ва 101-рейс. Ўзбек авиациясининг ёритилмаган тарихи

2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда содир этилган теракт пайти АҚШ осмонида Uzbekistan Airways'нинг 101-рейс самолёти ҳам бўлган. Ушбу самолёт капитани ва бортда бўлган яна тўрт кишининг ҳикояси – SUBYEKTIV'нинг янги сонида.

2001 йил 11 сентябр. Тарихни ўзгартирган, миллионлаб одамлар тақдирига таъсир кўрсатган кун. АҚШда содир этилган хунрезликлар 3 мингга яқин инсон ўлими ва 25 минг кишининг жароҳатланиши билан энг қонли теракт сифатида дунё тарихига кирган.

Ўша кун тонгда “Ал-Қоида” террорчилари парвоздаги тўртта йўловчи самолётини эгаллаб, уларни Американинг энг кўзга кўринарли бинолари томон йўналтирган. Иккита лайнер Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказига, яна бири Пентагонга бориб урилган. Пойтахт Вашингтонга мўлжал олган тўртинчи самолётда эса йўловчилар террористларга қарши исён кўтарган ва йўналишни ўзгартиришга муваффақ бўлган, охир-оқибат самолёт далага қулаган.

Фожиа сабаб АҚШ ҳаво кенгликлари дарҳол ёпилган, мамлакатга кириб келаётган ҳар қандай самолётга потенциал хавф манбайи сифатида қаралган. Ўша куни Нью-Йоркка қўниши керак бўлган Uzbekistan Airways лайнери ҳам бундан мустасно эмасди: 101-рейсни амалга ошираётган лайнерни иккита қирувчи самолёт қуршовга олган, экипажга йўналишни дарҳол Канада томон ўзгартиришга буйруқ берилган. Берилган буйруқнинг бирор сабаб билан бажарилмай қолиши эса ҳалокатли якун топиши мумкин эди.

Аввалига, “Тошкент – Бирмингем – Нью-Йорк” йўналишидаги Boeing-757 парвозининг иккинчи қисми бошланиши ҳам хайрли кечмаган эди: йўловчилардан бири бўлган фарғоналик аёл Германиядан АҚШга учиб кетишга тайёрланаётган самолёт трапида йиқилиб тушиб, жон берган.

Манзилга яқинлашганда 180 йўловчига эга ҳаво кемасининг икки тарафида АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари пайдо бўлганини йўловчилар аввалига қизиқиш ва жилмайиш билан қарши олишган, бироқ кўп ўтмай йўловчилардан бирининг Америкада яшовчи онаси телефон қилиб “Уруш бошланди” дейиши билан бортда саросима бошланган.

Орадан 20 йил ўтибдики, бу воқеадан кенг ўзбек жамоатчилиги ҳамон хабардор эмас. Kun.uz ҳомийлигидаги SUBYEKTIV лойиҳасининг навбатдаги сони айни шу воқеа ҳақида ҳикоя қилади.

Биз ўша рейс капитани Зархўжа Саидазимов, борт кузатувчиси Наргиза Бурхонова, йўловчилар – Гулнора Мусаева, Карен Гафуржанов ва Гулшода Абдиева билан суҳбатлашиб, 20 йил аввалги хотиралари билан ўртоқлашишларини сўрадик.

Қизиғи, суҳбатдошларимиздан бири – Гулнора Мусаева Нью-Йоркка 11 сентябрда эмас, 9 сентбрда учиб кетиши ва 11 сентябр куни Жаҳон савдо марказининг айнан самолёт бориб урилган қаватида бўлиши керак эди. Собиқ “Анор” гуруҳи продюсери АҚШга ёлғиз ўзи эмас, яқинлари билан учишга қарор қилган ва чиптасининг санасини ўзгартирган эди.

Юқоридагилар ҳақида батафсил бевосита воқеа иштирокчиларининг ўзларидан эшитинг – SUBYEKTIV'нинг янги сонини томоша қилинг. Ҳар доимгидек, фикрларингизни изоҳларда кутамиз. Ва эслатиб ўтамиз, айнан сизнинг лайк босишингиз интернетда сифатли ўзбекча контент оммалашишига ёрдам беради.

Мавзуга оид