Ўзбекистон | 19:16 / 23.11.2021
6124
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон автомобил бозорида савдо ҳажми қарийб 33 фоизга ўсди

Октябрь ойида автомобиль савдоси бирламчи бозорда 58,5 фоизга, иккиламчи бозорда эса 24,3 фоизга ошган.

Фото: KUN.UZ

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2021 йилнинг октябрь ойида аҳоли ўртасида автомобил олди-сотдиси бўйича шартномалар сони жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан 32,6 фоизга ошган. Шунингдек, 2020 йил октябрь ойи билан таққослаганда ўсиш 10 фоизни ташкил қилган.

Автомобил бозорининг сезиларли ўсиши асосан иккиламчи бозорда савдо ҳажми ўсиши билан изоҳланган. Октябрь ойида 50,1 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, сентябрь ойида ушбу кўрсаткич 40,3 минг донани ташкил этди (ўсиш – 24,3 фоиз).

Шунингдек, бирламчи автомобил бозорида ҳам сезиларли жонланиш кузатилган. Октябрь ойида 20,6 мингта янги автомобил сотилган, бу эса сентябрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 58,5 фоизга кўпроқ.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (60,4 фоиз), Навоий (55,9 фоиз), Бухоро (53,4 фоиз) ва Тошкент (50,2 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Маълумот учун, январь-октябрь ойларида республика бўйича 152,2 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан 9,9 минг дона ёки 6,5 фоиз чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар рўйхатга олинган.

Мавзуга оид