Жамият | 00:24 / 07.12.2021
46080
2 дақиқада ўқилади

Метрода 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган шахсга суд ҳукми ўқилди

Вояга етмаган қизга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган шахс суд томонидан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар суди ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йил 2 декабр куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи К.Ш.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Ҳукмга кўра, К.Ш. 2021 йил 18 сентябр куни Тошкент метрополитени поездининг вагонида ЖК 129-моддасининг (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Маҳкумга иш ҳақининг 20 фоизи миқдори давлат даромадига ушланган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 сентябр куни Тошкент метрополитенининг «Олмазор» бекатида 2008 йилда туғилган, вояга етмаган А.Э.га нисбатан беҳаё ҳаракатлар содир этган шахс қидирилаётгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, қидирувга берилган шахс қўлга олинганди.

ИИВ хабарига кўра, К.Ш. 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ҳозирда Олмазор туманида истиқомат қилади, муқаддам Жиноят кодексининг 166- (талончилик), 169- (ўғрилик) ҳамда 127-моддаларида (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун судланган.

Метродаги воқеадан сўнг, Тошкентдаги жамоат транспортларида тегажоғликка дуч келинганда хабар берувчи тугмалар ўрнатилди.

Мавзуга оид