Жамият | 15:15 / 31.12.2021
8735
6 дақиқада ўқилади

Ҳал этилган аҳоли муаммолари: Kun.uz Андижон жамоасининг 2021 йил сарҳисоби

2021 йил поёнига етиб тарихга айланмоқда. Кўплаб жамоаларда бўлгани каби, Kun.uz'нинг Андижон бўлинмаси ҳам ортда қолган йилдаги фаолияти сарҳисобини қилди. Қувонарлиси, водий аҳолисининг сайтда ёритилган аксарият мурожаатлари ижобий ечим топди.

Доимгидек, тўрт фасл ичи водий кезиб, воқеа-ҳодисаларни бериб боришга, мурожаатлар ортидан аҳоли муаммоларини ёритиб, масъулларга етказишга, оғир ҳолдаги беморларга хайрия акциялари орқали кўмаклашишга уриндик. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш давомида жойлардаги муаммоларни Kun.uz минбари орқали мутасаддиларга етказиш асосий мақсадимиз бўлди. Шукрки, мақолаларимиз кенг оммага тақдим қилингач, уларнинг аксар қисми ижобий ечим топди.

Йил бошида Шаҳрихонсой устига қурилган 55 йиллик алвастикўприк ўрнига янги кўприк сўраб мурожаат қилган Файзиобод маҳалласи оқсоқоллари билан учрашган эдик. Мазкур муаммога шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратиб, қийналаётган аҳоли учун кўприк қуриб берилди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Аҳоли шу кўприкдан яйраб ўтяпти. Файзиобод аҳолиси хурсанд, қўли дуода. Муҳтарам президентимизнинг назари тушиб, миллиард-миллиард сўм пулга катта замонавий кўприк қурдириб берди. Енгил машина ҳам, юк машинаси ҳам бемалол ўтади”, – дейди маҳалла оқсоқоли Абдуманноб ота Исмонов.

“Жамоат транспортига муҳтож Андижон. Талабаларни қийнаётган муаммога ечим борми?” сарлавҳали мақоламизда Андижон шаҳридаги ОТМлар талабаларининг ўқишга қатнаши учун шаҳар ичидаги йўлкира нархи қимматлиги сабабларини ўрганган эдик. Талабалар “Дамас”ларда қатнаш қимматлиги сабаб, мутасаддилардан автобуслар қатновини йўлга қўйишни сўрашган эди. Ҳўш, мақоладан сўнг ўзгариш бўлдими?

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Охирги икки йил давомида Андижон шаҳридаги талабалар номидан жамоат транспорти сўраб, жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилдим. Самара бермади. Kun.uz сайтига арз қилишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг ҳолат ўзгарди. Автобуслар олиб келинди. Талабалар олийгоҳларга қатнайдиган 75-йўналишга 12 та, 394-йўналишга 20та, 222-йўналишга 20 та, 14-йўналишга 10 та замонавий автобуслар қўйилди”, – дейди Андижон давлат университети талабаси Дилдора Олимжонова.

Сенат раиси Танзила Норбоевага “Охирги умидим сиздан...” дея мурожаат қилган қирғизистонлик онанинг арзи ёдингиздадир. Андижонга келин бўлиб тушган Шоирахон Эгамова 30 йилдан буён фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаётгани, паспорти йўқлиги учун 10 йилдан бери бор-йўғи 100 км нарида, Қирғизистонда яшовчи кекса онасини кўргани бора олмаётгани ҳақидаги материалимиз қаҳрамони билан ҳам учрашдик.

Фото: Kun.uz

“Биринчи марта Ўзбекистон фуқароси сифатида янги паспортим билан участкага бориб сайловда қатнашдим. Сўзга чиқдим. Менга ҳамма қарсак чалди. Сизлар келиб кетганинглардан сўнг 15 кунга қолмай паспорт беришгач, онамни кўргани бордим. Қувончимнинг чеки йўқ бўлса-да, роса йиғлабман. Онамни хурсанд бўлганини кўрсангиз эди”, – дейди Шоирахон Эгамова.

“Ўтин ёқсакми ёки газ баллон?” – Андижон марказидаги “дом”да яшовчилар бу қишни ҳам газсиз ўтказишдан хавотирда” номли танқидий мақоламизга Андижон вилоят мутасаддилари тез фурсатларда муносабат билдирди. Ўрикзор маҳалласидаги 3-кичик даҳа 40, 21, 21 “А” ва 44-уйлардаги табиий газ таъминоти муаммоси ижобий якун топди ва ҳудудга 800 метр янги газ қувури тортилиб, электр тармоғи таъмирланди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Андижон шаҳар “Ҳудудгаз” корхонаси ходимлари келиб қувурларни тортишди, хонадонимиздаги газ плитасида газ ёняпти. Бундан ташқари, уйларимизнинг фасадларини ҳам таъмирлаб беришди. Танқидга ўз вақтида муносабат билдирган вилоят ҳокимига раҳмат айтаман. Уйларимизга иссиқ кирди”, – дейди Ҳанифа Раҳимова.

Жалақудуқ туманининг Ойбулоқ маҳалласи вакиллари уларнинг ҳудудига ҳоким оёғи ҳеч етмаётани, маҳалла муаммолар ичида қолганини айтиб мурожаат қилишганди. Электр кучланиши 110 волтга етмайдиган, ичимлик сувини “качалка”да тортиб ичаётган маҳалланинг камчиликлари икки ҳафта ичида ечимини топди.

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Избосканда коронавирусдан вафот этган врачнинг оиласига бир йилдан бери президент қарорида айтилган пул тўлаб берилмаётгани ҳақидаги мақоламиз муҳокамаларга сабаб бўлди. Чиқишимиздан сўнг соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари уч боласи билан боқувчисиз қолган аёлга 250 миллион сўм бир марталик тўлов пулини тўлаб бергани бизни ҳам қувонтирди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Одамлар бизни тингламай хулоса чиқаряпти” — оилали аёлни зўрлаганликда айбланаётган беш эркак” номли мақоламиз қаҳрамонлари томонидан берилган интервью охир-оқибат ўз исботини топди.

Мана шундай ижобий якун топган мурожаатлар бўйича кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Наманган шаҳрининг Ҳамроҳ кўчасида кўп қаватли уйлар қурилиши сабаб “снос”га учраган қатор фуқаролар муаммоларининг ечим топиши, Хонобод шаҳар ҳокимлиги томонидан Андижон давлат университети талабаларининг кўчаларни безашда берилмаган ҳақлари ундирилгани шулар жумласидан.

Йил давомида, шунингдек, жойлардан қизиқарли мақолалар, ўтказилган байрамлар ва турли спорт мусобақаларидан баҳоли қудрат фото ва видеорепортажлар тайёрлаб, кенг оммага тақдим қилиб боришга интилдик. Водий табиати, тарихи, айниқса самимий ва тадбиркор инсонлари билан таништирувчи материаллар ҳам бериб бордик.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Биз янги йилда ҳам водий вилоятларидаги воқеа-ҳодисаларни холис, тезкор ёритишда давом этамиз.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид