Ўзбекистон | 20:00 / 08.04.2022
17910
8 дақиқада ўқилади

Амир Темур шахсини идрок этмоқ – миллий ўзликни англамоқ демакдир

Ўзбек давлатчилигини юқори босқичга кўтара олган, миллий тикланиш учун халққа тарихий таянч бўлган соҳибқирон нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида ўз ўрнига эга, деб ёзади Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммедов.

Маълумки, Ватанимиз тарихининг “иккинчи Ренессанс” даври Амир Темур ва темурийлар даврига тўғри келади. Эътироф этиш зарурки, буюк саркарда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тарихида ҳам туб бурилишлар содир этган шахс сифатида юксак аҳамиятга эга. Адолат ва улуғворлик тимсоли, дунёни лол этган буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги бугун юртимизда кенг нишонланмоқда. Ўзининг етук ва улуғ сиймоси билан башар элига тарихий ибрат бўлган моҳир саркарда ҳаёти, унинг босиб ўтган йўлини ўрганиш бугун ҳар бир ўғил-қизларимиз учун шарафдир.

Унинг давлатчилик фаолияти ҳақида сўз юритганда, бир қатор ўзига хос жиҳатларни алоҳида таъкидлаш зарур. Мамлакатни мўғул истибдодидан озод этиб, мустақил марказлашган давлатга асос солганлиги, Хитойдан то Ўрта ер денгизи соҳилларигача бўлган улкан ҳудудни бирлаштириб, ўзаро урушларга чек қўйганлиги, Буюк ипак йўли фаолиятини қайта тиклаганлиги, қудратли Олтин Ўрда давлатининг тор-мор этилиши натижасида шарқий Европа халқларининг, айниқса, Россиянинг мўғул зулмидан озод бўлишини тезлаштирганлиги, фан ва маданиятнинг тараққий этишига ҳомийлик қилиш орқали жаҳон тарихида “Темурийлар даври ренессанси”га асос солганлиги  – буларнинг барчаси – Амир Темур сиймосининг улуғвор ҳақиқатларини кўрсатиб беради.

Амир Темур биринчи навбатда бунёдкор шахс ва ҳар томонлама етук, билимли кишилардан эди. Унинг фаолиятига назар ташлар эканмиз, ҳар бир одимида юрт фаровонлиги, ободлиги, таълим, фан ва санъатнинг ривожи учун қайғуришини кўришимиз мумкин. Айниқса, зиёлиларнинг, илм аҳлининг меҳнатини қадрлаган, олимлар билан суҳбатлашар экан, қарашларини ўрганган, дин, таълим ва маданиятга муҳаббати билан Шамсуддин қози, Жазирий, Шайх Бухорий ва бошқа кўплаб машҳур олим ва уламоларни ўзига ром қилиб олган. У ўз саройида мушоиралар ўтказиб турар ва ўзи ҳам мушоираларда ажойиб шеърлар ўқир эди. Ҳазрат Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис”да бундай ёзади: – “Темур Кўрагоний – … агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеда ўқибдурларким, анингдек, бир байт ўқимоқ, минг яхши байт айтқонча бор”.

Қолаверса, “Темур тузуклари”да Амир Темур қаламига мансуб қуйидаги байт ҳам унинг шеъриятдан йироқ бўлмаганлигини кўрсатади:

“Ёрга еткур эй сабо, Ким макр қилмушдир манға,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға.”

Соҳибқирон тахтга чиққандан сўнг биринчи навбатда мамлакат тараққиётининг асоси бўлмиш таълимга жуда катта эътибор қаратди. Ўша даврнинг асосий таълим даргоҳлари бўлган мактаб ва мадрасаларга вақф мулклари ажратиш орқали уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Бу даврда Мовароуннаҳр маданий ҳаётига катта таъсир ўтказиб турган шахс – нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳовуддин Нақшбанддир. Унинг машҳур “Дил ба ёру, даст ба кор” шиори саркарда ва халқнинг ўша даврдаги буюк яратувчилик ва ижодкорлик ишларига ҳамоҳанг бўлиб, ёш давлатнинг асосий мафкурасига айланган.

Амир Темур даврининг маданий ҳаётида энг ривожланган соҳа шубҳасиз, меъморчиликдир. Соҳибқирон ҳукмронлик йилларида Мовароуннаҳр, айниқса, Самарқанд ва Шаҳрисабз қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Ўз пойтахти Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарга айлантира олди. Самарқанд гўзаллиги ва улуғворлигидан испан элчиси Клавихонинг қанчалик ҳайратга тушганини унинг кундаликларидан билиш мумкин. Бу даврда Самарқанд шаҳри атрофларини жаннат боғларига тенг келувчи “Боғи Дилкушо”, “Боғи нав”, “Боғи беҳишт”, “Боғи чинорон” ва “Боғи шамол” ўраб турарди. Шу ўринда ибн Арабшоҳнинг бир қизиқ маълумотини келтириб ўтиш ўринли: “…шаҳар аҳлидан бадавлат-у мискинлар у [бўстон]ларга қараб йўл оладилар....Боғлардаги ширин, мазали мевалар баб-баравар [текин] эди. Чунки мевалардан бир қинтори ҳам арзимаган баҳоға бўлса-да, сотилмасди”. Бундан кўриниб турибдики, Амир Темурнинг жаннатмакон боғлари оддий фуқаролар учун ҳам доимо очиқ бўлган. Бу масканларда халқ сайллари, байрамлар ўтказилган.

Амир Темурнинг энг йирик қурилишлари Аҳмад Яссавий мақбараси, Шоҳизинда мажмуаси, Кешдаги Оқсарой Самарқанд марказидаги Кўксарой ва бошқа кўплаб олий иморатлар эди. Самарқанд атрофидa кўплаб шаҳарчалар қурилиб, уларга жаҳоннинг Париж, Қоҳира, Дамашқ ва бошқа шу каби машҳур шаҳарларнинг номи берилган эди. Бобур мирзо “Бобурнома”да Самарқанд ва Бухоро оралиғи Амир Темур томонидан бутунлай боғ-у роғ қилинганлигини ёзади. Бу боғларнинг ҳар бирининг ўртасида ажойиб меъморчилик обидалари қурилган эди. Соҳибқироннинг энг йирик боғларидан бири Самарқанд ва Кеш ўртасида ҳам барпо этилган бўлиб, ундаги қаср “Тахта Қорача” номи билан машҳур эди.

Амир Темур қурилиш ишларини Бағдод, Шероз, Султония, Табриз, Кобул ва бошқа кўплаб Мовароуннаҳрдан узоқдаги шаҳарларда ҳам олиб борган, уларни гўзалликка буркаган. Низомиддин Шомий қаламига мансуб “Зафарнома” асари орқали бизгача етиб келган Бағдод шаҳрини ободонлаштириш ва вайронага айланган иморатлар ўрнига янгиларини бунёд этиш ҳақидаги фармони бунинг ёрқин мисолидир. Буюк саркарда томонидан Эрон Озарбойжонида олиб борилган бунёдкорлик ишлари, мўғуллар томонидан вайрон қилинган Байлоқон шаҳрининг қайта тикланиши, Муғон чўлига янги канал орқали сув чиқарилганлиги ҳам эътиборга молик. Амир Темур бу канални ўз қабиласи номи билан “Баҳри барлос” деб атаган эди.

Соҳибқирон раҳнамолигида амалга оширилган маданий ҳаётдаги ўзгаришлар Улуғбек давридаги Самарқандда, Шоҳруҳ ва Навоий давридаги Ҳиротда юз берган маданий юксалишга пойдевор бўлди.

Айтиш керакки, Амир Темур шахсини идрок этмоқлик – тарихни идрок этмоқлик, миллий ўзликни англамоқликдир. Соҳибқирон Амир Темур –  инсоният тарихида енгилмас саркарда, жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, халқимизнинг ғуруридир. Ўзбек давлатчилигини юқори босқичга кўтара олган, миллий тикланиш учун халққа тарихий таянч бўлган соҳибқирон нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида беқиёс ўринга эга.    

Баҳодиржон Шермуҳаммедов,  
Фарғона давлат университети ректори,
Педагогика фанлари доктори, профессор Ⓣ

Мавзуга оид