Жаҳон | 19:41 / 23.05.2022
28809
6 дақиқада ўқилади

Байден Хитой ҳужум қилган тақдирда Тайванни ҳарбий йўл билан ҳимоя қилишга ваъда берди

АҚШ президенти Жо Байден Хитой Тайванга таҳдид қилиш орқали олов билан ўйнашаётганини айтиб, агар оролга ҳужум амалга оширилса, Америка қуролли кучлари вазиятга аралашишини ваъда қилди.

Фото: Reuters

Шарқий Осиёга илк ташрифи давомида Японияда чиқиш қилган Байден Пекиндаги ҳукуматни Тайван билан муносабатлардаги сиёсати орқали «хавфли ўйин олиб бориш»да айблади.

Байденнинг сўзлари, минтақадаги вазиятни кузатиб борувчи мутахассисларнинг фикрича, «ягона Хитой» сиёсатига (Пекиндаги ҳукуматни мамлакатнинг ягона легитим ҳукумати деб билиш) амал қилувчи Вашингтоннинг расмий позициясига зид келади.

Шу билан бирга Қўшма Штатлар Тайванни қўллаб-қувватлайди ва расмий дипломатик муносабатлар ўрнатилмаган бўлса-да, унга қурол-яроғ сотади.

Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб ҳисоблайди, Тайван эса мустақил давлат эканини даъво қилади. Тайваннинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати мавжуд.

  • Маълумот учун, Хитойда фуқаролар уруши (1946—1949) натижасида Хитой Коммунистик партияси мамлакатнинг материк қисмида ғалаба қозонган, Хитой Республикасининг ўша пайтдаги президенти Чан Кайши бошчилигидаги олдинги раҳбарият Тайванга қочиб кетган. Уруш натижасида Хитой иккига бўлиниб кетди: биринчиси ҳозирги кунга келиб жаҳоннинг етакчи кучларидан бирига айланган ХХР, иккинчиси эса 15 давлат томонидан тан олинган Тайвандаги Хитой Республикаси. Натижада бир-бирини тан олмайдиган иккита Хитой ҳукумати юзага келган.

Байден японлар бош вазири Фумио Кисида билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. «Улар ҳозирда бу қадар яқиндан учиб ва бу барча манёврларни амалга оширган ҳолда хавфли ўйин ўйнашмоқда», деди АҚШ президенти  Хитой ҳарбий самолётлари Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зонасига киргани ҳақидаги хабарларни назарда тутган ҳолда.

Байденнинг қўшимча қилишича, хитойликларнинг Тайванга бостириб кириши кутилмаяпти, аммо воқеаларнинг кейинги ривожи «дунё бу каби воқеаларга қанчалик танбеҳ кўзи билан қараши»га боғлиқ бўлади.

Байдендан тўғридан тўғри агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, АҚШ қандай йўл тутиши борасида сўрашган. Байден АҚШ Тайванни босқиндан ҳимоя қилишга қанчалик тайёрлиги тўғрисидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Ҳа ... бу биз ўз зиммамизга олган мажбурият».

1979 йилда АҚШда «Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун» қабул қилинган, унга кўра, Вашингтон «ягона Хитой» сиёсатига амал қилади, аммо Тайван ҳукуматига зарур ҳолда ўзини мудофаа қилиш воситалари етказиб бериш мажбуриятини олади.

Кейинроқ Оқ уй вакили Байденнинг сўзлари Американинг Хитой ва Тайван муносабатларидаги расмий позицияси ўзгаришини англатмаслигини билдирди.

Россияга қарши санциялар - Хитойга сабоқ

Байден АҚШ «ягона Хитой» сиёсатига розилиги, аммо оролнинг мақоми куч билан ўзгартирилиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Биз ягона Хитой сиёсатига қўшиламиз. Биз уни ва ундан келиб чиқадиган барча келишувларни маъқуллаганмиз. Аммо [Тайванни] куч билан олиш мумкинлиги ҳақидаги фикр… шунчаки ноўрин. Бу бутун регионни ларзага солади ва Украинада содир бўлаётган воқеаларга ўхшаш навбатдаги акция бўлади», деган Жо Байден.

Америкаликлар президенти Тайван атрофидаги вазиятни бевосита Украинаники билан боғлаб, Путин «Украинанинг ўзлигини йўқ қилиш»га уринганини айтди.

Хитой ҳарбий самолётлари тез-тез Тайван ҳаво кенглигини бузиб киради. Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, Россияга нисбатан санкциялар можаронинг ҳарбий қисми якунланганидан кейин ҳам узоқ вақт давомида кучини сақлаб қолиши ва бу жумладан Пекинга ҳам дарс бўлиши керак.

Агар Россия ва Украина келишувга эришса ва Россияга қарши санкциялар бекор бўлса, «Хитойга Тайванни куч билан эгаллашга уринишнинг тўлови бўйича қандай сигнал берилади?» дея савол қўяди Байден.

Унинг қайд этишича, Путин Украинага босқини учун тўлов қилишга мажбурланиши нафақат Россияни жазолаш, балки бошқаларга, жумладан Хитойга ҳам Америка ва унинг иттифоқчилари халқаро муносабатларни бир томонлама ўзгартириш учун куч ишлатишга тоқат қилмаслиги ҳақида аниқ сигнал юбориш ҳисобланади.

Пекин аллақачон Байден Тайван атрофидаги вазият ва Россиянинг Украинага босқини орасида параллел ўтказишидан норозилигини билдириб бўлди. ХХР ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин Тайван Хитойнинг ажралмас қисми экани ва бу борада ҳеч қандай муросага ўрин йўқлигини таъкидлади.

«Хитой Америка томонининг баёноти муносабати билан кескин норозилик ва қатъий протест билдиради. Тайван Хитойнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Тайван масаласи ва Украина масаласи бир-биридан тубдан фарқ қилади. Уларни солиштириш абсурд. Биз яна бир бор АҚШни ягона Хитой сиёсатига риоя этишга чақирамиз», деган Ван Вэнбин.

Жо Байден аввалроқ ҳам Тайванни қўллаб-қувватлаш нияти ҳақида маълум қилганди. Ўшанда Вашингтон Тайванга уруш билан таҳдид қилган Пекиннинг баёнотини қаттиқ хато деб атаган ва бу кескинлик ўзаро тўқнашувга айланмаслиги кераклигини таъкидлаганди.

Хитой Тайванни мустақиллик учун ҳар қандай ҳаракат урушни англатишидан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид