Ўзбекистон | 15:49 / 27.05.2022
8337
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳайдовчилардан машиналарни дарахт остида қолдирмаслик сўралди

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати аҳолидан автомобилларни дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз воситалар яқинида қолдирмасликни сўради. ФВВ эса кучли шамол вақтида амал қилиш зарур бўлган хавфсизлик чораларини эслатиб ўтди.

Фото: ИИВ ЙҲХХ

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, шу билан бирга пойтахт Тошкентда ҳам шамол тезлиги кучаймоқда. Шу муносабат билан ИИВ ЙҲХХ фуқаролар ва ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди.

«Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлишларини, транспорт воситаларини дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз воситалар яқинида қолдирмасликларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса кучли шамол вақтида амал қилиш зарур бўлган хавфсизлик чораларини эслатиб ўтди:

  • яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;
  • электр ва газ воситаларини ўчириш;
  • кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;
  • кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчалари ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкамлигини текшириш;
  • шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган жойларда муҳофазаланиш;
  • очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;
  • бузилган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама устунлари ва дарахтлар ортига яшириниш тақиқланади;
  • кучли шамолдан сўнг электр ва газ жиҳозларидан улар текширилгандан кейин фойдаланиш талаб этилади.

ФВВ ҳам автомобилларни дарахтлар остида қолдирмасликни тавсия қилди.

Аввалроқ, «Ўзгидромет» 27−29 май кунлари республика бўйлаб баъзи жойларда шамол тезлиги 18−23 м/с.гача кучайиши, баъзи туманларда чанг-тўзон тушиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид