Ўзбекистон | 08:13 / 07.06.2022
7760
3 дақиқада ўқилади

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилмоқда

Президент “Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилди.

Қуйидагилар Матонат мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

а) ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш соҳасида:

таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этиб, паралимпиячиларнинг ўз ҳаёт йўлларида қийинчиликларни қандай енгиб ўтганликлари ҳақида суҳбатлар ўтказиш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахс сифатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга кўмаклашиш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ижтимоий ҳаётининг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларига таклиф ва тавсиялар киритиш;

ватан шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат асосида ёшларнинг қалби ва онгига сингдириб бориш;

ёшларга юқори натижаларга эришган шахсларни ўрнак қилиб кўрсатиш орқали уларни матонатли этиб тарбиялаш, шу мақсадда илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб, китобхонлик кечалари, машҳур кишилар билан учрашувлар ташкил этиш;

ёшларда қадимий тарихимиз ва маданиятимиз билан, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантиришга кўмаклашиш;

б) ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасида:

ўсиб келаётган ёш авлодни паралимпия спорт турларига жалб этиш, уларни “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказишда қатнашиш;

иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни параспорт турларига йўналтириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш;

ёшларнинг халқаро параспорт тадбирлари ва мусобақалари, форум ва конференциялардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Белгиланишича:

Матонат мактаби Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил қилинади;

Миллий паралимпия қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Матонат мактабига раҳбарлик қилади;

Матонат мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади;

Матонат мактабининг ташкил этилиши муносабати билан Миллий паралимпия қўмитасига қўшимча 2 та штат бирлиги ажратилади;

Матонат мактабига ҳудудларга бориб келиш ва тадбирларда иштирок этиш учун 1 та енгил автомобиль, 1 та автобусни харид қилиш учун маблағлар ва уларни сақлаш учун лимит ажратилади.

Мавзуга оид