Жаҳон | 12:17 / 10.06.2022
8666
3 дақиқада ўқилади

АҚШ конгресси комиссияси: Трамп оломонни Капитолийга бостириб киришга ундаган 

Фото: Reuters

Тергов комиссияси 2021 йил 6 январдаги тартибсизликларни давлат тўнтаришига уриниш деб атади. «Зўравонлик тасодиф ҳодиса бўлмаган. Бу Трампнинг сўнгги уриниши эди», - деди конгрессменлар.

АҚШ конгрессининг Капитолийга амалга оширилган ҳужумни тергов қилиш комиссияси 2021 йил 6 январда Вашингтондаги тартибсизликлар учун асосий жавобгарликни ўша пайтдаги президент Доналд Трампга юклади. 

«6 январь куни давлат тўнтаришига уриниш, ҳукуматни ағдариш учун қўпол ҳаракатнинг авж нуқтаси бўлди. Зўравонлик тасодифий ҳодиса бўлмаган. Бу Трампнинг сўнгги уриниши эди», — деди комиссия раиси, Демократик партиядан конгрессмен Бенни Томпсон 9 июнь, пайшанба кунги эшитувлар давомида.

Тергов комиссияси раисининг ўринбосари, республикачи Лиз Чейни шундай деди: «Президент Трамп оломонни чақириб, уни тўплади ва бу ҳужум алангасини ёқди». Капитолийга бостириб кириш содир бўлганидан кейин АҚШ конгресси вакиллар палатасининг комиссияси Трампнинг ўша воқеалардаги ролини аниқлаш учун 140 мингдан ортиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва мингдан ортиқ гувоҳлар билан суҳбатлашди.

Чейни сўзларига кўра, тергов комиссиясининг хулосасига кўра, ўша пайтдаги президент сайловларни сохталаштириш бўйича ноҳақ айбловларни илгари сурган, воқеага аралашиб, оломонни тинчитиш ўрнига тартибсизликларга ундаган ва ўз лавозимида қолиш учун коррупциядан фойдаланган. 

Телевидениеда жонли эфирга узатилган ва олтита режалаштирилган сессияларнинг биринчиси бўлган комиссия йиғилишида асосий маслаҳатчилар ва Трамп оиласи аъзоларига эътибор қаратилди. Суд мажлисига икки гувоҳ ҳам таклиф қилинди - тартибсизликлар пайтида бошидан жароҳат олган полициячи Кэролайн Эдвардз ва Proud Boys гуруҳининг ўнг қанот экстремистларини суратга олган оператор Ник Куэстед. Конгрессменлар Трампнинг қизи Иванка ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер, АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс ва бош прокурор Уильям Баррнинг видеолари ва гувоҳликларини намойиш қилди. 

Тергов гуруҳига кўра, Трампнинг сайловолди штаби аъзолари, жумладан, унинг қизи Иванка собиқ президентнинг сайловларни сохталаштириш ҳақидаги ёлғон айбловларини рад этган. Бир қатор судлар, амалдорлар ва Трамп маъмурияти аъзолари аввал ҳам шундай қилганди.

Шу билан бирга, Доналд Трампнинг ўзи ҳамон 2020 йилги президентлик сайловларида мағлубиятга учрагани йирик миқёсдаги фирибгарлик натижаси бўлгани ҳақидаги иддаолардан қайтгани йўқ. Конгрессдаги эшитувларнинг биринчи босқичи арафасида у тергов комиссияси фаолиятини кескин танқид қилди. Трамп 2024 йилда АҚШ президентлиги учун яна ўз номзодини қўйишини истисно этмаяпти. 

Мавзуга оид