Жаҳон | 21:25 / 13.06.2022
64357
8 дақиқада ўқилади

Путин Поклонскаяни истеъфога чиқарди. У Z белгисини фожиа рамзи деб атаганди

Давлат думаси собиқ депутати ва собиқ Қрим прокурори Наталья Поклонская «Россотрудничество» раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этилди. У бу лавозимга 2022 йил феврал ойи бошида тайинланганди. Украинада уруш бошлангач Поклонская Z белгисини фожиа ва қайғу рамзи деб атагани учун танқидлар остида қолганди.

Фото: SERGEI FADEICHEV/TASS

Россиядаги «Россотрудничество» («Росҳамкорлик») давлат корхонаси раҳбари ўринбосари вазифасида ишлаб келган Наталья Поклонская лавозимидан озод қилинди.

«Россия президенти Владимир Путин бошқа ишга ўтишим муносабати билан «Россотрудничество» раҳбарининг ўринбосари лавозимидан четлатилишим тўғрисида фармон имзолади. Президентимизга ишонч ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдираман», деб ёзган Қрим собиқ прокурори Telegram-каналида.

Президент фармонида Поклонскаянинг истеъфоси сабаби келтирилмаган, унинг ўзи эса қарор у бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан қабул қилинганини айтган. У айнан қандай ишга ўтаётганига аниқлик киритмаган.

Рус нашрларида аллақачон Поклонская ҳақида танқидий мақолалар чоп этилиб, унинг урушни қўлламаганлар қаторида бўлгани танқид билан эсланди.

Бир ой муқаддам Германиядаги Der Freitag нашрига берган интервюсида Поклонская «раҳбарият қанчагача рухсат берса» шунча вақт давомида «Россотрудничество»да ишлашини, чунки у бу орқали одамларга ёрдам бериши мумкинлигини айтганди.

Владимир Путин Поклонскаяни «Россотрудничество» раҳбари ўринбосарлигига 2 феврал куни тайинлаганди. Идорада у ватандошлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан машғул бўлган.

«Наталья Владимировна фаолияти давомида ватандошлар ҳуқуқлари учун қўрқмас ва самарадор курашчи эканини намойиш этиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган, Украинанинг озод этилган ҳудудларига [Россия ҳукумати уруш вақтида босиб олинган ҳудудларни шундай атайди - таҳр. BBC], гуманитар ёрдамлар етказиб берди ва бизнинг ҳарбий асирларимиз ватанга қайтиши учун жуда кўп иш қилди», дейилади идоранинг телеграм-каналида.

Наталья Поклонская Украинадаги урушни қўлламаган кам сонли россиялик расмийлардан бири бўлди.

Апрел ойи охирида у «Живой гвоздь» лойиҳаси журналистига берган интервюсида Z ҳарфи Россия учун ҳам, Украина учун ҳам фожиа ва қайғу рамзига айланганини айтганди.

«Ҳа, чунки рус аскарлари ҳам ҳалок бўлмоқда ва ота-оналар турлича хабарлар олишмоқда. Бу - фалокат. Ахир мудофаа вазирлиги шунча одам ҳалок бўлгани, шунча одам яраланганини айтмоқда. Ахир бу қувончлими? Йўқ», - деганди у.

Кейинги куниёқ Поклонскаянинг бошлиғи, «Россотрудничество» раҳбари Евгений Примаков бу сўзларни «маълум бир ихтиёрийлик ва давлат хизматчисининг эркин фикрини ифода қилиши» даб атади ва хулоса қилишга ваъда берди.

«Аниқлаштираман: бизнинг ҳарбий техникаларимизга туширилган Z белгиси, худди V каби армиямиз ва озодлик кучларини қўллаб-қувватлашнинг халқона рамзи, Украинани ёвузлик - террорчилар ва тўда режимидан қутқариш рамзига айланди», дея ёзганди у.

«Аскарлар ва оддий инсонлар ҳаётини йўқотмоқда, кўпчилик ногирон бўлиб қолмоқда ва яна қанча одам шунга маҳкум... Қанча ҳарбий хизматчилар, қанча қайғу... Буларнинг бари мусибат, фожиа, фалокат», - дея муносабат билдирганди Поклонская.

Поклонскаянинг лавозимини тарк этишига ҳозирча Примаков изоҳ бермади.

Бундан ташқари, 31 март куни Поклонская россиялик мустақил журналист Катерина Гордеевага интервю бериб, Россиянинг Украинага босқинини фалокат деб атаганди.

У урушни қўлламаслиги, Россиянинг расмий позициясига зид фикр билдиришдан қўрқмаслигини айтганди. Собиқ прокурор интервю давомида уруш сўзини ишлатиб бўлмаслигини айтиб кулганди ҳам. Ўзининг украин миллатига мансуб эканини таъкидлаган Поклонская Украина Россия эмаслиги, у ерда инсонлар бошқача яшаши, фикрлаши ҳақида гапирганди.

 «Биласизми, Украина бу – Россия эмас. У ерда жамият бошқача яшайди. Охирги саккиз йилда улар ўз жамиятини яратган. Мен бу саккиз йил давомида Украинада яшамадим, аммо одамлар ўзлари тузган жамиятда, ўзлари тўғри деб билган жамиятда яшамоқда. Масалан, мендан бир йил ёки бир ой аввал [Украинага кирган рус армиясини] украиналиклар гул билан кутиб оладими, деб сўрашса, йўқ деб жавоб берардим. Чунки у ердаги жамият чиндан бошқача. Шу сабаб украиналиклар баъзи нашрларда ёзилгани каби гул билан кутиб олмаганини тушунаман. Бизда эса (Россияда) бу ҳақда ғалати гаплар айтилмоқда.

Аммо мен тушунаман, Донбасс - алоҳида тарих. Бу ҳам улкан фожиа. Аммо ҳозир улар Украинанинг бутун қисми ҳақида ҳам гапиришмоқда. Киев, Харков, Одесса, Мариупол, Днепр, Запорожье, Полтава, Лвов», деганди у.

Айнан шу интервюдан кейин Россияда Поклонскаяга нисбатан расмий доираларда салбий муносабат кучайди. У фронтга кетган эрини излаётган аёлларнинг мурожаатларини саҳифасида эълон қилиб яна танқидлар остида қолди.

У урушда ватандошлари ўлаётган бир вақтда Қрим Россия таркибига ўтганини байрам қила олмаслигини айтганди. 2022 йил 18 март куни Москвадаги «Лужники» стадионида россияликлар Путин бошчилигида Қрим Россияга ўтганининг 8 йиллигини байрам қилганди. Ўша куни Поклонская 42 ёшга тўлган.

11 май куни Поклонская Германиядаги Der Freitag нашрига интервю бериб, Россия фуқароси бўлгани ҳолда украиналик эканидан фахрланиши ва икки ватанини ҳам - Украинани ҳам, Россияни ҳам севишини айтди.

Собиқ прокурор, собиқ депутат ва амалга ошмаган элчилик

«Россотрудничество»да раҳбарлик лавозимига келишидан олдин, 2021 йил октябрида Наталья Поклонская Кабо-Вердега элчи этиб тайинланганди. ОАВ унинг бу мамлакатга юборилишини «шарафли сургун» деб атаганди. Аммо у январ ойида шахсий ҳаёти туфайли бу лавозимга кириша олмаслигини айтади.

Элчиликка тайинлангунга қадар Поклонская - 2016 йил октябридан бошлаб - Давлат думаси депутати бўлган, у ерда аввалига депутатлар даромадлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини назорат қилиш комиссиясини бошқарган. Россия нашрларида ёзилишича, Давлат думасидагилар у қадар тизимли бўлмаган хатти-ҳаракатлари ва ғайриоддий баёнотлари туфайли уни кейинги чақириқда кўришни исташмаган.

Хусусан, Поклонская «Единая Россия» партиясининг биринчи ўқишда пенсия ёши оширилишига қарши овоз берган ягона депутати бўлган (қонун лойиҳасининг иккинчи, ҳал қилувчи ўқишида эса у овоз бермаган), шунингдек Алексей Учителнинг «Матильда» фильмига қарши курашдаги фаоллиги билан эътибор марказига тушган.

Гордеева билан интервюда Поклонская Думада қонунлар буйруқ билан қабул қилинишига ишора қилганди.

Бир йил муқаддам Поклонская яна Қрим прокурори бўлишга тайёрлигини айтганди - у бу лавозимни 2014 йил мартида, яриморол Россия томонидан аннексия қилинганида эгаллаб, Давлат думасига сайлангунига қадар эгаллаган.

2014 йилга қадар Поклонская кўп йиллар мобайнида Украина прокуратура органларида ишлаган, аммо 2014 йилда Россия ҳукумати томонига ўтган ва «Рус баҳори» рамзларидан бирига айланган. Погон таққан ва ўзига хос кўринишга эга бўлган Қримнинг янги прокурори «няш-мяш» лақабини олган ва ҳатто япон анимеси ихлосмандлари орасида ҳам машҳурликка эришган.

Украинада Поклонскаяга қарши ватанга хиёнат қилиш бўйича жиноий иш очилган.

Мавзуга оид