Тўйда келинчакни урган куёвбола топилди – у жавобгарликка тортилиши кутилмоқда
Ижтимоий тармоқларда келин-куёв тўй маросимида қандайдир ўйин ўтказилгани, унда ютқазиб қўйган куёв мағлубиятга чидай олмай келиннинг бошига ургани акс этган видео тарқалганди. Интернет юлдузига айланган куёв топилди: у энди суд олдида жавоб беради.
Kun.uz ҳодиса тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар билан боғланди. Масъул ходимларнинг саъй-ҳаракатлари ва рўй берган ҳолатга бефарқ бўлолмагани сабабли келин ва куёв топилди.
Қайд этилишича, ушбу тўй 2022 йил 6 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлиб ўтган. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 1997 йилда туғилган куёв 2003 йилда туғилган келин никоҳ тўйи маросимида қоғозга ўралган ширинликни ким биринчи бўлиб очиш бўйича мусобақалашган. Ўйинда келиннинг омади келган ва у биринчи бўлиб ширинликни очган. Бундан жаҳл отига минган куёв келинга бир маротаба тарсаки туширган.
Гарчи интернетда тарқалган видеода калтак еган келиннинг олдига қандайдир аёл (келиннинг онаси бўлиши мумкин – таҳририят) яқинлашгани ва келин куёв билан ўтирган саҳнани тарк этгани кўринган бўлса-да, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасининг маълум қилишича, ўша куни тўй охиригача давом этган ва бошқа кўнгилсизлик содир бўлмаган. Ҳеч ким ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга рўй берган ҳолат бўйича мурожаат қилмаган.
Суриштирувлар давомида муҳокамага сабаб бўлаётган видеони ким тасвирга туширгани ва халқаро тармоққа жойлаганини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (куёв) га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судга юборилган. Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Мавзуга оид
15:31 / 23.12.2024
Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ёш оила Ўзбекистонга қайтарилди
15:29 / 19.12.2024
Индонезияда аёлларга нисбатан зўравонлик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
10:55 / 13.12.2024
Камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади
10:40 / 13.12.2024