Ўзбекистон | 13:23 / 22.06.2022
48630
2 дақиқада ўқилади

Тўпаланг ГЭСдаги авария сабаби маълум қилинди

Тўпаланг сув омборидаги вазиятга ГЭСнинг сув қувури тўсини шикастланиши сабаб бўлган. Авария оқибатида Тўпаланг сув омбори тўғонига зиён етмаган. Авария юз берган босимли қувурда сув оқиши тўхтатилган. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ раҳбари воқеа жойига учиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Энергетика вазирлиги Тўпаланг ГЭСда рўй берган ҳолат юзасидан маълумот берди.

«Бугунги кунда Тўпаланг ГЭСда модернизация қилиш ва ГЭС қувватини 30 МВт.дан 175 МВт.га ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши натижасида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан.

Таъкидлаш керакки, дарёнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 600 куб метрни ташкил этади. Сув сизиб чиқиш вақтида сув сарфи сониясига 160 кубометргача кўтарилган.

Ҳозирда босимли қувурдан сув сизиб чиқиш тўхтатилган. Шуни маълум қиламизки, бу ҳолат тўғон ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилмаган ва Тўпаланг сув омбори тўғонига шикаст етмаган», дейилади вазирлик хабарида. 

Айни пайтда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳодиса сабабларини ўрганиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида воқеа жойига етиб борган.

Фуқаролардан ҳар қандай баҳсли масалада фақат расмий маълумотлардан фойдаланиш сўралган. Ҳодиса жойидан қўшимча маълумот бериб борилади.

  • 22 июн куни тонгида ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омбори тўғони ёрилиб кетгани ва натижада атрофни сув босгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Кейинроқ «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ахборот хизмати Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон ёрилиб кетгани ҳақидаги хабарларни рад этди ва аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди.

Мавзуга оид