Ўзбекистон | 15:00 / 24.06.2022
10812
3 дақиқада ўқилади

Янги “ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” китобининг тақдимоти ўтказилди

2022 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодиёт уйи томонидан нашр этилган 4 жилдли “ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғати

Луғат атоқли шарқшунос олим, академик Неъматулло Иброҳимов бошчилигидаги муаллифлар гуруҳи томонидан тузилган. 4 жилддан иборат ушбу луғат 100 мингдан ортиқ сўз ва иборани ўз ичига олган. 

Мазкур луғат араб тилининг классик даврдан то бугунги кун жонли шаклигача, аниқ, табиий ва инсоний илмлардан тортиб диний манбалар асосида, адабий тил билан бир қаторда турли шевалардаги кўриниши ҳақида маълумот беради.

“Ал-Қомус” луғатининг аҳамияти шундаки, у ўзбек халқининг ўтмиши, илм-фанидан маданиятигача, адабиётидан санъатига қадар фойдаланиладиган сўзларнинг араб тилидан ўзбек тилига таржима луғати ҳисобланади. Чунки ўзбек халқидан етишиб чиққан таниқли шахсларнинг аксарияти ўз ижодини араб тилида тақдим этишган.

Арабча-ўзбекча луғатни тайёрлаш устида атоқли олим, академик, филология фанлари доктори Неъматулло Иброҳимов бошчилигидаги гуруҳ 10 йилдан ортиқ иш олиб борди.

Тақдимотда юртимизнинг атоқли шарқшунос, арабшунос, тилшунос, исломшунос, тарихчилари, академиклар, фан докторлари, профессорлар иштирок этдилар. Тақдимотда сўзга чиққанлар луғатнинг аҳамияти, унинг ўзбек илм-фани тарихида мисли кўрилмаган ютуқ эканини таъкидладилар.

Луғатшунос олимлар профессор А.Мадвалиев, профессор М.Умархўжаевлар луғат сўз бойлигининг катталиги, қамровининг кенглиги, илмий атамаларнинг муваффақиятли амалга оширилганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур, профессор М.Имомназаров, профессор Қ.Содиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, бунга қадар жуда кўп луғатлардан фойдаланганликларини, лекин “ал-Қомус”га ўхшаган мукаммал луғат ҳали тузилмаганлиги, унинг бошқа луғатлардан тубдан фарқ қилувчи оригинал илмий-энциклопедик тадқиқот сифатида юзага келганини эътироф этдилар.

Тақдимотда сўзга чиққанларнинг кўпчилиги бир овоздан академик Неъматулло Иброҳимов бошчилигидаги муаллифлар гуруҳи томонидан амалга тузилган “ал-Қомус” луғати Ўзбекистоннинг янги давр юксалиши, учинчи ренессанси учун тамал тоши вазифасини ўташини таъкидлаб, луғат давлат мукофотига лойиқ фундаментал тадқиқот эканини қайд этишди.

 

Мавзуга оид