28 йилга чўзилган жараён. Нега Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши чўзилиб кетди?
Ҳозирда Жаҳон савдо ташкилотига 164 давлат аъзо ва ушбу мамлакатлар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 98 фоизи тўғри келади. Ўзбекистон ҳам ташкилотга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза берган бўлса-да, ҳалигача қабул қилинмаган. Бунга бир қанча омиллар таъсир кўрсатган.
21 июн куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши бўлиб ўтди. Хўш, ЖСТ қандай ташкилот ва унга қўшилиш Ўзбекистон учун нимани англатади?
ЖСТ ҳақида
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) – халқаро савдони либераллаштириш, савдо ва сиёсий муносабатларни тартибга солиш билан шуғулланадиган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1995 йил 1 январда имзоланган келишув асосида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда дунёдаги энг йирик халқаро иқтисодий ташкилотга 164 давлат аъзо ва ушбу мамлакатлар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 98 фоизи тўғри келади.
ЖСТ 1947 йилда тузилган халқаро битим – GАТТʼнинг давомчиси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлган тамойиллар ва қоидалар белгиланган.
ЖСТнинг асосий вазифаси глобал иқтисодиётни кузатиш орқали халқаро савдо изчиллиги ва шаффофлигини таъминлашдир. Шунингдек, ташкилотнинг яна бир устувор йўналиши ривожланаётган, кам ривожланган ва кам даромадли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ЖСТнинг қоида ва интизомларига мослашишга ёрдам бериш ҳисобланади.
Бугунги кунда ЖСТнинг асосий 5 тамойили мавжуд.
1. Камситмаслик. Бу тамойил энг мақбул миллат тушунчасига қарама-қарши қўйилади, яъни ташкилот аъзоси қолган барча аъзо давлатларга савдо-сотиқда бир хил шарт-шароит яратиши керак. Шунингдек, импорт қилинадиган товарларга маҳаллий ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан бир хил муносабатда бўлиш талаб этилади.
2. Ўзаро дўстлик. Бунда асосан давлатлар учун ташқи бозорларга кириш учун имкониятларни ошириш ва ўзаро муносабатларни яхшилашга эътибор қаратилиши белгиланган.
3. Юкланган ва амалга оширса бўладиган мажбуриятлар. Кўп томонлама савдо музокараларида ва ташкилотга қўшилишда қабул қилинган тариф мажбуриятларига давлатларнинг риоя қилиши лозимлиги. Бунда аъзо давлат ўзига юклатилган мажбуриятларни савдо шериклари билан музокаралар олиб борилгандан кейингина ўзгартириши мумкин.
4. Шаффофлик. Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўз савдо қоидалари ҳақида доимий маълумотлар бериши, савдога таъсир ўтказадиган маъмурий қарорларни кўриб чиқишга имкон берадиган муассасаларни сақлаб туришлари, маълумот олиш мақсадида бошқа аъзо давлатлар томонидан юборилган сўровларга жавоб беришлари белгиланган.
5. Хавфсизлик. Муайян шароитларда давлатлар савдони чеклаш имкониятига эга. ЖСТ шартномаси аъзоларига нафақат атроф-муҳитни, балки аҳоли саломатлиги, ҳайвонлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлар юклайди.
Нега Ўзбекистон ташкилотга шу пайтга қадар қабул қилинмади?
ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ҳар бир мурожаат этувчи мамлакат учун алоҳида ўрганиб чиқилади ва аъзо бўлиш шартлари мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш босқичига ва амалдаги савдо режимига боғлиқ тарзда амалга оширилади. Жараён ўртача беш йил давом этиши, аммо мамлакат ташкилот талабларига тўла жавоб бермаса ёки сиёсий муаммолар халақит берадиган бўлса, у узоқроқ муддатга чўзилиши мумкинлиги кўзда тутилган. ЖСТга аъзо бўлиш учун энг қисқа муддатли музокаралар Қирғизистон билан (2 йил-у 10 ой), энг узоқ музокаралар эса Россия билан (19 йил-у 2 ой) амалга оширилган.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йил 21 декабрда ариза топширган ва ишчи гуруҳ тузилган. Баъзи экспертлар таъкидлашича, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон ташқи савдо сиёсатида протекционизм устувор аҳамият касб эта бошлайди. Бу асосан, мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотлари нархи жаҳон бозорида пасайиши билан изоҳланади. Ҳукумат эса валюта назорати орқали импортни қисқартира бошлайди. 1998 йилда Осиё мамлакатларида юз берган иқтисодий инқироз протекционизмга бўлган муносабатини янада кучайтиради.
2003 йилда валюта айирбошлаш чекловлари олиб ташланади ва савдони эркинлаштириш томон қадам ташланади. Ислоҳотлар натижасида савдо ва умуман иқтисодиёт сезиларли даражада ўсади. Бироқ 2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози Ўзбекистонга жиддий таъсир кўрсатади. Шундан сўнг ҳукумат хорижий валюта устидан қайта назорат ўрнатади ва яна савдо протекционизмига қайтади. Расмий курс ва норасмий бозор курси ўртасида катта тафовут юзага кела бошлайди. Айнан чекланган валюта конвертацияси кўп йиллар давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб келади. Божхона тўсиқлари ва давлатнинг иқтисодиётга юқори даражадаги аралашуви йиллар давомида сақланиб қолади.
Умуман олганда, 2005 йилда ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилиши ўтказилади ва шундан сўнг музокара жараёнлари тўхтаб қолади. Бу 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари сабаб Ўзбекистон ва халқаро молия институтлари ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетиши билан ҳам боғланади.
Ишчи гуруҳ фаолияти қайта тикланиши
Ўзбекистонда 2017 йил сентябр ойидан валюта курсини талаб ва таклифга асосан эркин белгилаш тартиби жорий этилди. Шундан сўнг ЖСТга аъзо бўлиш масаласи яна кун тартибига қайтди. 2019 йил бошига келиб, ишчи гуруҳ фаолияти ҳукумат томонидан жонлантирилади. 2020 йил 7 июлда 15 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ йиғилишлари қайта тикланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 май куни «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори қабул қилинади.
Ўзбекистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов мазкур ташкилотга аъзо бўлиш ишларини мувофиқлаштиришга масъул этиб белгиланган.
Аввалроқ, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари Сянчен Чжан Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.
ЖСТга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?
ЖСТнинг асосий тамойили – эркин, очиқ ва шаффоф рақобат ҳисобланади. Агар Ўзбекистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинса, глобал савдо «ўйин қоидалари»га амал қилган ҳолда, босқичма-босқич протекционизмдан воз кечади.
Бу биринчи навбатда, божхона тарифлари камайиши ҳисобига истеъмолчиларга арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилади. Хомашё нархи пасайиши ҳисобига маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам арзонлашади ва халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ортади. Логистика билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада камаяди.
Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.
Мамлакат ичидаги монопол компанияларнинг ички бозордаги устун мавқейига чек қўйилади ва эркин рақобат муҳити яратилади. Ҳозирги шароитда Ўзбекистондаги импорт протекционизми даражаси анча баланд ҳисобланади.
Шунингдек, инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши кўпаяди. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига имконият тақдим қилади.
Бундан ташқари, ўрта муддатли истиқболда ташкилотга аъзолик инфляция яхшигина пасайишига замин яратади.
Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Жаҳон савдо ташкилоти?
Назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, ҳар икки ташкилотга аъзо бўлиш бир-бирини инкор этмайди. Халқаро экспертлар қайд этишича, ҳукумат ЖСТга ҳам, ЕОИИга ҳам аъзо бўлишни мақсад қилган бўлса, аввал глобал савдо ташкилотига (бунда ЕОИИ аъзолари – Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия мисол тариқасида кўрсатилган), кейин эса минтақавий ташкилотга кириши керак.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Нишонбой Сирожиддинов бир қанча омилга кўра, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш ЕОИИга қўшилишдан кўра фойдалироқ эканини айтиб ўтганди:
- ЕОИИга аъзо бўлиш, ташкилот ташқи савдо қоидаларини қабул қилишни англатади. Бу эса ЖСТга кириш учун олиб бораётган музокараларни мантиқсиз қилиб қўяди ва ташқи савдо сиёсатни мустақил белгилашдан воз кечилишига олиб келади;
- ЕОИИга қўшилиш Ўзбекистонга учинчи мамлакатлар, хусусан, Туркия, Сингапур ва Жанубий Корея билан эркин савдо зоналарини яратиш имконини чеклаб қўяди. Қоидаси бўйича мамлакат эркин иқтисодий ҳудуд ташкил қилмоқчи бўлса, бошқа умумий бож тўлови ўрнатиладиган интеграцион ташкилотларга кирмаслиги керак;
- ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистонга бошқа иштирокчилар билан келишилган ҳолда ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ташқи савдо божларини белгилаш имконини беради. Бу эса асосан импорт қилинувчи маҳсулотларга паст бож тўловларини кейинчалик ЕОИИга қўшилган вақтда ҳам Қозоғистон сингари сақлаб қолиш имкониятини беради.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, глобал савдо блокларига энг кам интеграциялашган Ўзбекистон учун ЖСТга кириш муҳим қадам ҳисобланади. ЕОИИга қўшилиш масаласи эса бугунги кундаги глобал сиёсий беқарор вазият фонида фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтириши мумкин. Россия-Украина уруши чўзиладиган бўлса, Россияга реэкспортнинг олдини олиш мақсадида божхона иттифоқига кирувчи бошқа давлатларга ҳам санкциялар қўлланиши эҳтимоли мавжуд.
Мавзуга оид
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
22:35 / 26.08.2024
Россия Ўзбекистонга маймунчечакни аниқлайдиган тест тизимларини беради
15:52 / 04.06.2024