Жамият | 16:08 / 13.07.2022
38202
6 дақиқада ўқилади

Инсонлар учун ҳалокатли жазирама: жон сақлаш учун нималарни билиш керак?

2022 йилнинг ёзи аввалги йиллардагидек жазирамали кечмоқда. Ҳайит кунлари арафасида кунлар бироз салқинлашган, Фарғона водийсида ҳаттоки ёмғир томчилаган бўлса-да, юртимизга аномал иссиқлик яна қайтиши прогноз қилинмоқда.

Бундай кунларда кўпчилик бошидан сув қуя бошлайди, «иссиқдан ўлаёздим», дея кондиционерли хоналарни тарк этишмайди, литрлаб сув ичишади. Савол туғилади: чиндан ҳам инсон ташқи ҳавонинг исиши натижасида ўлиб қолиши мумкинми?

Олимлар инсон организмининг чидамлилиги чегараларини аниқлашга мудом интилиб келган ва доим янги ихтиролар қилишади. Олдинга ўтган ҳолда таъкидлашимиз керак: инсон очиқ қуёш остида бир неча дақиқада ўзини ёмон ҳис қила бошлаши мумкин. Бироқ инсон организми янада каттароқ зиёнга дучор бўлиши мумкин бўлган бошқа хавфли шароитлар ҳам бор.

Баъзан иссиқ ёз қаҳратон қишдан хавфлироқ. Фото: pinmig.com

Қуёш тиғи нимаси билан хавфли?

Инсон саломатлигига энг катта зиён – у очиқ осмон остида, қуёш тиғида қолиб кетганда етказилиши ўз-ўзидан тушунарли нарса. Ёзда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ҳам ўтади, чўл ва даштлардаги очиқ далаларда бу кўрсаткич яна 10-20 пунктга зиёдроқ ҳам бўлиши мумкин. Қуёш остида инсоннинг боши айниқса зарбага биринчи бўлиб дучор бўлади — иссиқ ҳарорат инсон бошининг пўстлоғини қиздиради, бу эса томирлар кенгайишига олиб келади. Бунинг оқибатида бошга катта ҳажмда қон оқа бошлайди, бу эса миядаги қилтомирлар ёрилишига олиб келиши мумкин. Бу бутун марказий нерв тизимига зиён етказиши мумкин.

Иссиқда очиқ осмон остида қолмасликка интилинг. Фото: runews24.ru

Қуёш ва иссиқ уриши

Жазирамада инсон иссиқ уриши ёки қуёш уришидан жабр кўриши мумкин. Бу алоҳида-алоҳида фарқли ҳолатлардир.

Келинг, аввал қуёш уришининг оғирлик даражасига кўра энг кенг тарқалган аломатлари билан таништириб ўтамиз:

  • Енгил даражадаги қуёш уриши ҳолсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, нафас олиш ва пулс уриши тезлашиши, кўз қорачиғи кенгайиши билан намоён бўлади;
  • Ўрта даражадаги қуёш уриши юқорида саналган аломатлардан ташқари, қулоқ битиши, қадам босиш қийинлашиши, ҳушдан кетиш ва тана ҳарорати 38–40 даражагача кўтарилиши билан юзага чиқади;
  • Оғир даражадаги қуёш уриши кутилмаганда намоён бўлади: инсон териси оқаради, онг равшанлиги йўқолади, ихтиёрсиз нажас ажралади, тана ҳарорати 42 даражагача кўтарилиб кетиши мумкин.

Тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса, қуёш уришининг оғир ҳолатлари 20–30 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланиши мумкин. Тезкор тиббий ёрдамда бемор инсон соя ва салқин жойга олиб ўтилади ва пешонасига совуқ компресс босилади. Тез ёрдамга қўнғироқ қилинади.

Қуёш уришининг оғир ҳолатлари 20–30 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланиши мумкин. Фото: sport-psychology.ru

Иссиқ уриши эса инсон танаси ҳароратининг 36,6 даражадан кўтарилиб кетиш ҳолатига айланади. Қуёш уриши иссиқ уришининг алоҳида бир ҳолати. Қуёш уришидан кўра иссиқ уришига осонгина ва кўпроқ дучор бўлиш мумкин — бунинг учун иссиқ ва дим хонада ишлаш, қалин кийимда юриш етарли.

Иссиқ уриши инсонни қуёш уришига нисбатан тезроқ маҳв этади. Унинг аломатлари:

  • Тери қизариши;
  • Бутун танадаги ҳолсизлик;
  • Кўнгил айниши ва қусиш;
  • Бош айланиши;
  • Мушаклардаги спазмлар.

Иссиқ урган инсон текис сиртга ётқизилиши керак, агар у қуса бошлаган бўлса, масса унинг томоғига тиқилиб қолмаслигига эътибор бериш лозим. Совуқ компресслардан ташқари иссиқ урган инсоннинг устидан 20 даражагача бўлган совуқ сув қуйиб турилади. Албатта, дарҳол тез ёрдамга қўнғироқ қилиш керак, чунки тўлақонли тиббий ёрдамни фақат мутахассислар кўрсата олишади.

Инсон ўзини қуёш ва иссиқ уришидан қандай асраши мумкин?

Организм қизиб кетишига йўл қўймаслик учун жазирамада очиқ рангдаги кийимлар кийиб, кўпроқ сув ичиш керак. Бош кийим билан бошни ҳам қуёш тиғидан асраш керак. Ишлаш чоғида кўпроқ нафас ростлаб туриш керак, айниқса қуёш куйдирадиган пайтларда сиеста тизими — пана ва салқин жойда ўтириб, дам олишни йўлга қўйиш лозим. Жазирамада кўп овқат ейиш ярамайди, айниқса алкоголли ичимликларни мутлақо ичмаслик керак.

Жазирамада очиқ рангдаги кийимлар кийиб, кўпроқ сув ичиш керак. Фото: estellemoda.ru

Инсон саломатлиги учун энг хавфли ҳаво

Бироқ инсон ҳаттоки сояда ҳам қаттиқ иссиқдан жабр кўриши мумкин. «Ҳўл термометр» деб аталадиган шароит пишиб етилса айниқса ёмон бўлади. Бунда ҳаво ҳарорати ўртача 31,1 даража иссиқ, нисбий намлик ҳам 95 фоиздан юқори бўлади. Бундай шароитларда инсон организми тана ҳароратини тер ажратиб тартибга солиш имкониятини йўқотади, натижада барча салбий оқибатлари билан иссиқ уриши намоён бўлади. Мутахассислар бундай шароитларда мутлақо чидамли ва соппа-соғ инсонлар ҳам ўлиб қолиши мумкин, деб ҳисоблашади.

Кучли намлик шароитидаги жазирамани енгиш қийин. Фото: olhardigital.com.br

«Ҳўл термометр» шароитида инсон енгил кийим ва ёнида кўп миқдорда сув бўлса ҳам хавфдан қутула олмайди. У қанча терламасин, танасининг ҳарорати барибир оша бошлайди — қутулиб қолишнинг ягона йўли намлик миқдори камроқ бўлган салқин жойни топиш.

Ҳаводаги намлик даражаси кўтарилиши Ўзбекистонда ниҳоятда кам кузатилади. Намликнинг ўта юқорилаши шароитида жон сақлаш қийин бўлган минтақалар қаторига Жанубий Осиё, Яқин Шарқнинг денгиз соҳиллари ва Шимолий Американинг жанубий-ғарбий қисми киради.

Мавзуга оид