Ўзбекистон | 22:07 / 16.07.2022
50348
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга жазирама қайтмоқда. Энерготаъминот бунга тайёрми?

17–22 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳарорат 47 даражагача кўтарилиши, жазирама рекордлари янгиланиши кутилмоқда. Хўш, энерготаъминот бунга қанчалик тайёр? Ўтган йили жазирамада кузатилган муаммолар бу йил ҳам такрорланадими?

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” раҳбари Шерзодхўжа Ҳабибуллахўжа шошилинч ахборот билан чиқиб, республика ҳудудига 17–22 июл кунлари Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши, шу сабабли ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

Унга кўра, иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида кундуз кунлари ҳаво ҳарорати қуйидагича кўтарилади:

  • Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 44-47 даражагача;
  • Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 42-45 даражагача;
  • Фарғона водийси вилоятларида 41-43 даражагача.

Статистик рақамларга кўра, агар Тошкентда ҳарорат 45 даражага чиқса, бу 1870 йилдан кейинги даврнинг мутлақ рекорди бўлади.

Июн ойи охирида Ўзбекистон аҳолиси кучли иссиқнинг биринчи тўлқинини бошдан кечирди. “Ўзгидромет” хабарига кўра, 27–28 июн кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудлар катта қисмида иссиқ максимал даражага етган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари айрим туманларида июн ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилган.

Кунларнинг аномал даражада исиб кетиши ўз-ўзидан кондиционер ва совитиш қурилмаларига бўлган эҳтиёжни оширади, электр энергияси билан ишлайдиган бундай жиҳозлардан ёппасига фойдаланиш эса энергетика тармоғига юклама ортиб кетишига олиб келади. Хўш, тизим бундай босимга тайёрми?

Узилишлар

Кейинги кунларда Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида энергия таъминотида узилишлар кузатила бошлади. Тўғри, узилишлар ҳозирча узоқ вақт давом этаётгани йўқ, аммо шу каби ҳолатлар ҳали аномал иссиқ қайтмай туриб, тармоқ кучланишга чидаб бера олмаётганига ишора қилмоқда.

Электр таъминотидаги узилишлар июн ойида ҳам кузатилганди. Буни Марказий диспетчерлик хизматига Telegram орқали аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ҳам тасдиқлайди.

Telegram-гуруҳдаги мурожаатлар ва уларга берилган жавоблар таҳлили аномал иссиқ кузатилган кунларда кўплаб нимстанция ва трансформаторлар фаолиятида носозлик кузатилгани, катта эҳтимол билан бу муаммолар тизимдаги юклама ортиб кетгани сабабли юзага келгани, электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида айрим ҳудудларда аҳоли сувсиз қолиб кетганини кўрсатмоқда.

Шаҳар электр тармоқлари корхонаси буни аномал иссиқ ва қишга тайёргарлик доирасидаги режали ўчиришлар билан изоҳлаб, аҳолини энергиядан “тежаб фойдаланишга” чақирганди.

Янгича ҳийла?

Масъуллар кейинги пайтда муаммонинг ечими сифатида паст кучланишли электр энергияси билан таъминлаб, “ток борми, бор”, қабилида иш тутаётгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон шароитида жиҳозлар 220 В кучланишда ишлашга мослаштирилган.

Тизимга юклама ортиши натижасида энергия етказиб берувчилар шартномага мувофиқ 220 В кучланишда эмас, ундан пастроқ, масалан, 160-180 В кучланишли электр энергияси узатишмоқда. Табиийки, бунда уйингизда чироқ бўлади, телевизор ва камэнергия сарфловчи жиҳозлар ишлайверади. Бироқ музлаткич, кондиционер каби қурилмалар бундай кучланишда ҳатто ёнмайди ҳам.

Бундай ҳолат кеча ёки бугун бошлангани йўқ. Шу мазмундаги шикоятлар ўтган йили ҳам, ўтган ойда ҳам, шу кеча-кундузда ҳам кузатилмоқда. Ҳозирча аҳоли энерго етказиб берувчиларнинг бу ҳийласини тўлиқ англаб етишганича йўқ, билганлар ҳам жуда озчиликни ташкил қилади.

Талаб бор жойда таклиф юзага келганидек, мавжуд муаммони ҳал қилиб берувчи хизматлар пайдо бўлган.

Бироқ аслида бу муаммони ҳал этиши лозим бўлган Энергетика вазирлиги ва бошқа мутасаддилар оғзига талқон солиб олишган. Муаммони ҳал қила олишмагани ҳам майли, жиллақурса аҳолига бу борада тушунтириш беришгани ҳам йўқ.

Энерготизим жазирамага тайёрми?

“Ўзгидромет” жазирама ҳақидаги прогнозларини эълон қилган куниёқ Kun.uz Энергетика вазирлигига мамлакат энергия таъминоти юклама ортишига қанчалик тайёрлиги юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилганди. Бироқ вазирликдан бу борада ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги айтилди.

Kun.uz аномал иссиқ кузатилаётган кунлари “свет” ўчаётгани, одамлар жазирамада электр энергияси билан барқарор таъминланмаётгани билан боғлиқ муаммони ўтган йили ҳам кўтариб чиққанди. Ўшанда соҳа масъуллари ҳаво кескин исиб кетиши оқибатида трансформаторлар, айниқса, катта подстанцияларда ишлаб турган трансформаторлар қизиб кетаётгани, уларнинг ичидаги ўрамни совитиб турувчи ёғ қайнаб кетаётгани сабабли икки-уч соатга ўчириб совитишга тўғри келаётгани, узилишлар сутканинг фақат кундузги соатларида қуёш қаттиқ қиздирган пайтга тўғри келиб, тунги соатларда муаммо йўқлигини маълум қилишганди.

Президент Шавкат Мирзиёев йил бошида кузатилган блэкаутдан сўнг электр энергияси қувватини ошириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берганди. Режага кўра, 2026 йилга бориб жами генерация қувватлари 27 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 110 миллиард киловатт соатга етказилиши керак.

Энергетика вазирлиги 2022 йилда Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда умумий қуввати 1 900 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Қорақалпоғистонда 1 700 МВт.лик шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа битимлари имзоланиши режалаштирилгани, 2023 йилнинг якунига қадар Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши, 2026 йилга бориб қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 8 000 МВтга етказилиши ҳақида хабар берган. Бироқ бу лойиҳаларнинг ишга тушиб, электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлашига ҳали кўп қовун пишиғи бор. Хўш, унгача-чи, янги қувватлар юзага келгунча вазиятни ўнглаш бўйича чора йўқми, бўлса қандай, нега айтилмайди?

Ўзбекистонда ҳар йили май-сентябр ойларида ҳаво ҳарорати юқори бўлиши, айниқса, июн-август ойларида жазирама иссиқ кузатилиши ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятда тизимда юклама ортиши ўз-ўзидан маълум, бунинг сабабларига юқорида тўхталиб ўтдик. Шуни билган ҳолда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар, хусусан, трансформаторларнинг қизиб кетмаслигини таъминлаш, уларнинг сонини кўпайтириш, бюджетдан трансформаторлар учун кўпроқ пул талаб қилиш, энергия импорти бўйича керакли ишларни қилиб қўйиш, колл-марказлар ишини тартибга келтириш мумкин-ку?

Ҳа, Энергетика вазирлиги буткул жим эмас, электр энергиясида узилиш бўлмаслиги учун ўз тавсиясини берди: яқинлашаётган жазирамада аҳолидан электр энергиясини тежаб ишлатиш сўралди. Эҳтимолки, чақириқлар билан кўп нарсага эришиб бўлмаслигини вазирликдагилар ҳам билади. Одамлар ташқарида аномал иссиқ ёндираётганда айнан шундай кунлар учун сотиб олинган кондиционерини нега хотиржам ишлатмаслиги керак? Бу тавсияни берганларнинг хонасидаги кондиционер улар йўқ пайтда ҳам соатлаб бўш хонани совитиб ётмайдими?

Охирги йилларда электр генерацияси сезиларли кўпайгани, трансформаторларни янгилаш кўрсаткичлари каррасига ошгани бўйича фактларни рад этиб бўлмаслиги рост, бироқ бу билан муаммоларга изоҳ беришдан қочишни оқлаб бўлмайди. Истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, матбуот анжумани ўтказиш, аниқ саволларга рўй-рост жавоб беришга нима халал беради?

Жамшид Ниёзов, журналист

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мавзуга оид