Жаҳон | 21:13 / 01.08.2022
30645
11 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият. Украина ва Россия армияси ташаббус учун курашмоқда

Июл ойи бошида Россия раҳбарияти Украинадаги ҳарбий кампанияда эълон қилган «оператив пауза» жанглар тўхтатилишига олиб келмади, аммо кузатувчиларнинг баҳоларига кўра, август ойи бошига келиб икки томон ҳам ҳужумга ўтишга тайёр. Шу билан биргаликда, юришлар аллақачон бошланиб кетган бўлиши ҳам мумкин.

Фото: Anadolu Agency

Украинлар тез орада Херсон яқинида фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида айтишмоқда ва буни Россия армиясининг ушбу шаҳардаги гуруҳи таъминоти етказиладиган Днепр устидан ўтган кўприклар ўққа тутилаётгани ҳам тасдиқлайди.

Украина қуролли кучлари Ингулец дарёси соҳилидаги плацдармни эгаллаб олган, буни кўпчилик ҳужум бошланиши сифатида қабул қилмоқда.

Россия қўшини Донбассда фаол ҳаракатланишда давом этмоқда. Бу ҳудудда фронт катта айлана ёй шаклини (дўға) ҳосил қилган, у шимолда Россия назоратидаги Изюм шаҳридан, жанубий қисми эса - Донецк районида бошланади. Сўнгги кунларда ушбу дўғанинг асосий ҳудудида фаол ҳарбий ҳаракатлар кечмоқда.

Кузатувчилар қайд этишича, икки томон ҳам жонли куч ва техникада рақибдан катта устунликка эга бўлмагани туфайли ҳарбий ҳаракатлар боришини қатъий ўзгартира олмайди.

Россия кучлари олдиндан ҳимояланиш учун тайёрлаб қўйилган ҳудудларга ҳужум қилмоқда, уларнинг ҳаракатланиш суръати у қадар юқори эмас. Плацдарм эгаллангани ва Днепр бўйлаб ўтган кўприкларга муваффақиятли ҳужумларга қарамай, Украина қўшинлари ҳам Россия гуруҳи мудофаасини ёриб ўта олмаяпти.

Томонларнинг ҳар бири ташаббусни қўлга олишга - ўзи учун қулай жойда рақибга қарши амалиётлар олиб боришга уринмоқда. Аммо ҳозирча бундай ташаббусни қўлга олиш кураш ўзининг актив фазасига чиқа олмади.

Донбасс дўғаси

Россия армиясининг Украинадаги ҳарбий кампаниясининг апрел ойининг иккинчи ярмида бошланган «иккинчи босқичи» Донбассни эгаллашга қаратилганди. 22 апрел куни Марказий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Рустам Миннекаев бу кампаниянинг янги мақсадлари ҳақида гапирганди.

«Махсус амалиётнинг иккинчи фазаси бошланганидан бери, у икки кун олдин бошланди, Россия армиясининг вазифаларидан бири — Донбасс ва Жанубий Украина устидан тўлиқ назоратни ўрнатиш. Бу Қримга қуруқлик орқали коридорни таъминлайди, шунингдек, Украина иқтисодиёти учун ўта муҳим объектларга таъсир кўрсатади», — деганди Миннекаев.

Ўшандаёқ Донбассдаги фронт жанубда Миколайив, Херсон, Запорижжя ва Донецк областларининг эгаллаб олинган ҳудудларидан бошланиб шимолда Харкив атрофигача узанган ёй шаклланганди.

Можаронинг иккинчи босқичида Россия аввалига Украина қуролли кучларининг Донбасс гуруҳини қуршаб олишга ҳаракат қилди, аммо якунда украин қўшинлари қаршилигини енгиб ўтолмади. Украин ҳарбийларини тўрт томондан ўраб олиш учун бошланган юришлар фақатгина украин ҳарбийларини ғарбга чекинтириш билан якунланди.

Асосий муваффақият ёйнинг шарқий қисмида жойлашган Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларини эгаллаб олиш бўлди. Шундан кейин Украинанинг Луҳанск области ҳудуди тўлиғича Россия назоратига ўтди.

Экспертлар қайд этишича, Донбасс устидан назорат ўрнатиш Россиянинг Украинадаги кампаниясининг мазкур босқичдаги сиёсий мақсади ҳисобланади. Россия қўшинлари олдиндан мудофаага тайёрланган истеҳкомларга ҳужум қилишига тўғри келди ва мақсадга катта қийинчиликлар билан эришилди.

Донбасс - ҳужум давом этмоқдами?

Россия раҳбарияти дам олиш ва қўшинларни тўлдириш учун эълон қилган танаффусга қарамай, ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Россия қўшинлари Донбассда янги аҳоли пунктлари ва ҳудудларни эгаллаб олган ҳолда, Украина қуролли кучлари мудофаасини том маънода «ғажиб келмоқда».

Сўнгги кунларда Донбассда деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб жанглар кетмоқда. Россия армиясининг ютуқлари камтарона бўлса-да, барибир ютуқ, масалан, Углегорск ТЭС эгаллаб олингани хабар қилинган. Россия ҳарбийлари Донбасс ёйининг жанубий қисми бўйлаб Бахмут ва Авдеевка томон ҳаракатланмоқда, шимолда эса - Северскка ҳужум қилинмоқда.

Аммо экспертлар юришлар суръати у қадар юқори эмаслигини қайд этишмоқда. Бу катта эҳтимол билан қуйидаги икки сабаб туфайли бўлмоқда.

Биринчидан, Россия армияси бўлинмаларни тўлдиришда муаммога дуч келмоқда. Россия раҳбарияти эълон қилган танаффус дам олиш ва сафларни тўлдириш зарурати туфайли эълон қилинганди - расмий эълонда ҳам шундай дейилган.

Аммо, Британия мудофаа вазирлиги Украинадаги вазият бўйича 29 июл куни берган ҳисоботида қайд этишича, Россия урушнинг илк ҳафталаридаёқ фронтда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси отрядларидан фойдалана бошлаган, улар фронтнинг бутун секторларига масъул бўлган. Шу билан бирга, британ разведкаси қайд этишича, армия Украинадаги можарога қадар бундай отрядларга бу каби вазифалар берилмасди.

«Вагнер»нинг роли катта эҳтимол билан ўзгарган, чунки Россия мудофаа вазирлиги пиёдаларнинг ўткир етишмовчилигига дуч келган, лекин «Вагнер» кучлари ҳам ҳарбий ҳаракатлар кечишига жиддий таъсир кўрсатиши даргумон», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда айтилишича, айнан «Вагнер» кучлари Углегорск электр станцияси ҳудудини ўз назоратига олишга муваффақ бўлган.

Россия қўшинлари секин ҳаракатланаётганининг иккинчи сабаби - украин кучлари GMLRS ракеталари билан россияликларнинг ўқ-дори омборларига аниқ зарбалар йўллаётганидир. Россия армияси ҳаракати артиллерия қўллаб-қувватловига ўта боғлиқ, қатор омборлар йўқ қилиниши эса артиллериячиларни снарядларни тежаб ишлатишга мажбурламоқда.

Натижада, Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (Institute for the Study of War - ISW) экспертлари фикрича, «россиялик кучлар, кўринишидан, Украинада айни вақтда фақат иккита йирик юриш амалга ошира олиши мумкин: бири Северскни эгаллашга уриниш, иккинчиси - Бахмут йўналишида ҳужум қилиш».

ISW экспертлари ҳисоблашича, айнан ресурслар етишмовчилиги бошқа йўналишларда ҳам юришларни шу каби суръатда давом эттириш ёки ҳудудларни эгаллаб олишга имкон бермаган.

Херсон

Айни пайтда Россия яна бир муаммо билан шуғулланиши керак. Гап шундаки, Украина қуролли кучлари Херсон областида ҳаракат бошлаган.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги 28 июл куни бу ҳаракатни «ҳужумга ўтиш» деб баҳолади.

Херсонга ҳужум мамлакат раҳбарияти томонидан Украина қуролли кучлари олдига қўйилган сиёсий вазифа ҳисобланади. 11 июл куниёқ Украина мудофаа вазири Олексий Резников Британиянинг Times нашрига берган интервьюсида, президент Зеленский мамлакат жанубидаги ҳудудларни, жумладан уруш даврида россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган ягона вилоят маркази бўлмиш Херсонни қайтариб олиш бўйича амалиёт режасини тайёрлашга топшириқ бергани ҳақида айтганди.

Херсонга ҳужум шуниси билан жозибалики, ушбу шаҳарни эгаллаб турган Россия гуруҳининг таъминоти Днепр орқали ўтган кўприкларга, айниқса Антонов кўпригига боғлиқ.

Бу кўприк 19 июлдан буён нишонга юқори аниқликда бориб тегувчи GMLRS ракеталари билан ўққа тутилмоқда, украинлар бу ракеталарни америкаликлар етказиб берган HIMARS ва MLRS қурилмалари орқали отишмоқда. Бу зарбалар натижасида кўприк жиддий шикастланган ва армия таъминоти хавф остида қолган.

Эндиликда, ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Россия кучлари таъминот учун вақтинчалик понтон кўприклардан фойдаланмоқчи бўлмоқда, лекин бундай кўприкларнинг ўтказиш қобилияти нисбатан жуда паст.

Таъминот учун муҳим бўлган бошқа кўприкларга ҳам зарбалар йўлланмоқда - булар Антонов кўпригидан 6 км шимолдан ўтган темирйўл кўприги, шунингдек Херсон областининг россияликлар томонидан босиб олинган ҳудудидан ўтган Ингулец дарёсидаги Дарьевский кўприги ва ниҳоят Нова Каховкадаги Каховка ГЭС дамбаси орқали ўтган йўл.

Бу ҳужумлардан мақсад Херсондаги россияликлар қўшинини таъминот манбаларидан узиб қўйишга қаратилган.

Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари нафақат таъминот линияларига таҳдид солмоқда, балки ҳужумкор ҳаракатларни ҳам амалга оширмоқда. Украина қуролли кучлари Ингулец дарёсининг жануби-шарқий соҳилида, Лозовое ва Андреевка қишлоқлари ҳудудидаги плацдармларни эгаллаган. Улар Херсондан шимоли-ғарбда жойлашган.

Бу муҳим ҳодисадир, чунки дарё табиий тўсиқ ҳисобланади, бу плацдармлар эгаллангани эвазига бу ердан туриб ҳужумларни бошқариш мумкин. Россия армияси фронтнинг бу участкаси аҳамиятини яхши тушунади, аммо ҳозирга қадар украинларнинг бу плацдарми йўқ қилинмади.

Ташаббус учун кураш

Фронтдаги сўнгги вақтларда сезиларли ўзгаришлар кузатилмаётган бўлса-да, Россия-Украина можаросидаги ҳарбий ҳаракатларни ҳозирча позицион уруш деб аташ мушкул.

Ҳарбий экспертларнинг қайд этишича, томонларнинг ҳеч бири барча кучини бир муштга жамлаб, рақиб кучидан бир неча баробар устунликка эришиш имкониятига эга эмас.

Россия қўшинларининг Донбассдаги йирик амалиётлари ёки украинларнинг Херсонда ҳужумга ўтиши нафақат мудофаа линиясини ёриб ўтишдек мураккаб ишни бажаришни, балки муваффақиятни ривожлантириш учун катта кучларни жалб этишни ҳам талаб қилади.

Ҳужумга ўтиш учун Украинага оғир зирҳли техникалар, артиллерия ва авиация даркор. Фото: ANADOLU AGENCY

Украина қуролли кучлари Ғарбдан етказиб берилган юқори аниқликдаги тизимларни қўлламоқда, аммо кенг кўламли ҳужумга ўтиш учун етарли даражада кўп қуроллар йўқ. Украинларга ҳозиргача етказиб берилаётганидан кўра анча кўп миқдорда танклар ва бошқа зирҳли техникалар зарур. Шунингдек, украинларга муваффақиятли ҳужум ҳаракатлари учун керак бўлган жанговар самолётлар ҳам етишмаяпти.

Шунга қарамай, Украина зирҳли техникалар олишда давом этмоқда - ўтган ҳафта охирида Шимолий Македония Украинага Т-72 танклари етказиб беришини эълон қилди.

Келгусида Киев Ғарбдан катта партияда артиллерия ва ҳатто жанговар самолётлар олиши мумкин - Америка Сенати украин учувчиларини тайёрлаш дастурини тасдиқлаган. Аммо бундай жўнатмалар ҳам муаммони «жойида ва ҳозирнинг ўзида» ҳал этолмайди.

Россия қўшинлари артиллерия ва авиация бобида устунлик қилмоқда, бу эса Украина қуролли кучларининг олдинга силжишини сезиларли даражада қийинлаштиради. Шу билан бирга, Россиянинг Херсондаги гуруҳи таъминотдаги муаммо туфайли анча қийин ҳолатга тушиб қолган.

Ҳозирда икки армия ташаббусни қўлга олишга, яъни душманни ўзига қулай бўлган йўналишга жалб этишга уринаётгани аниқ. Бундай тактикада армиянинг вазифаси - рақибнинг нисбатан заиф нуқталарига зарба бериб, у ерга захираларни олиб келишга ва бунга жуда катта куч сарфлашига мажбур қилиш ҳисобланади. Ҳужум тугагач, бошқа жойга зарба бериш мумкин - бундай зарбалар олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлади.

Херсон эса Украина қуролли кучларининг ташаббусни қўлга олишга уриниши учун мантиқий нишондир. Аммо бу вақтда Россия ҳамон асосий эътиборини бошқа йўналишга қаратган ва ўз мақсадига эришиш - Донбасс устидан тўлиқ назорат ўрнатишга бўлган ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид