Жаҳон | 17:05 / 02.08.2022
11244
4 дақиқада ўқилади

Пекин Пелосининг Тайванга эҳтимолий ташрифи куни огоҳлантириш билан чиқди

Ахборот агентликлари хабар беришича, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси аллақачон Малайзияни тарк этган бўлиши мумкин. Тайванда унинг ташрифини 2 август куни кечқурун кутишмоқда.

Фото: AP

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси - - Америка раҳбариятидаги ҳокимият иерархиясида президент ва вице-президентдан кейин учинчи шахснинг Ҳинд-Тинч океани минтақасига сафари фонида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда. Хитой ҳукумати бир неча бор ва турли каналлар орқали АҚШни Пелосининг Тайванга «хавфли» ташрифини бекор қилишга чақирди, деб маълум қилди 2 август, сешанба куни Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин. 

«Агар АҚШ бу нотўғри йўлда давом этса, биз суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўрамиз», деди у. Хитой ташқи сиёсат идораси вакили билдиришича, Пекин Пелосининг Тайванга ташрифига «кучли қаршилик» кўрсатмоқда ва АҚШнинг Хитой «провокация» деб ҳисоблаётган ҳаракатлари туфайли вазият кескинлашиши эҳтимоли бор.

Вакиллар палатаси спикерини Малайзияга олиб борган АҚШ ҲҲК самолёти ушбу мамлакат пойтахти Куала-Лумпурдан ҳавога кўтарилди, деб хабар берди Reuters агентлиги Flightradar24 сайти маълумотлари ва гувоҳларга таяниб. Шу билан бирга, Пелоси ёки унинг делегацияси аъзолари самолётда бор ёки йўқлиги номаълум, дея таъкидлайди Reuters. Ўз навбатида, AP’нинг хабар беришича, Пелоси Малайзияга қисқа муддатли ташрифдан сўнг ўз делегацияси билан АҚШ ҲҲК самолётида учиб, бу мамлакатни тарк этган. У Тайванга ташриф буюриши кутилмоқда, деб ёзади агентлик исми сир қолишни истаган амалдорга таяниб. 

Германиянинг dpa агентлиги Тайван парламентидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Пелоси Тайбэйга 2 август куни кечқурун келиши кутилмоқда. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, у оролга маҳаллий вақт билан соат 22:30 (Тошкент вақти билан 19:30)лар атрофида қўниши мумкин. 

Айни пайтда, Американинг тўртта ҳарбий кемаси, жумладан, авиаташувчи Тайван шарқидаги сувларда жойлаштирилди, деб хабар бермоқда Reuters. АҚШ ҲДК Хитойнинг огоҳлантиришлари фонида, буни одатий жойлаштириш деб атади. 

Пелосининг Тайванга эҳтимолий ташрифи билан боғлиқ кескинлик ортиб бораётган бир пайтда, фонд бозорлари ҳам кескинлашмоқда. Осиё бозорларининг асосий индекслари геосиёсий кескинлик кучайиши хавотири туфайли тушиб кетди, деб ёзади AFP. Ҳонгконг ва Шанҳай биржалари индекслари энг кўп пасайди. 

Можаронинг кескинлашиши Германиянинг DAX муҳим биржа индексига салбий таъсир кўрсатди, у 2 август куни эрталаб 0,70 фоизга тушиб, 13 385,99 пунктни ташкил қилди. 

Июль ойи охиридан бери дунё ОАВ томонидан кенг муҳокама қилинаётган Нэнси Пелосининг ташрифи АҚШнинг сўнгги бир неча ўн йилликлардаги энг юқори мартабали вакилининг Тайванга бориши бўлади. Хитой раҳбарияти Тайванни ХХРнинг бир қисми деб ҳисоблайди ва бошқа давлатларнинг Тайбэйдаги расмийлар билан алоқаларига қарши. Ўз навбатида, АҚШ статус-квонинг бир томонлама ўзгаришини томонлардан ҳеч бири қабул қилиши мумкин эмаслигини таъкидлайди ва Тайван бўғози ҳудудида тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш тарафдори бўлиб турибди. 23 май куни АҚШ президенти Жо Байден агар Хитой Тайванга қуролли тажовуз қилса, унга ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди. 

28 июль куни Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин узоқ давом этган телефон мулоқотида савдо, технология соҳасида ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама муносабатлардаги асосий ноқулайликларни, жумладан Пелосининг Тайванга эҳтимолий ташрифини муҳокама қилди. Бу мавзуларда ҳеч қандай муваффақиятга эришилмаган. 30 июль куни Xinhua агентлигининг хабар беришича, Хитой армияси Тайвандан бўғоз орқали ажратилган Пинтань ороли (Фуцзянь вилояти) яқинида ўқ отиш машқларини ўтказган.

Мавзуга оид