Жаҳон | 19:55 / 03.08.2022
63595
11 дақиқада ўқилади

Хитой ва Тайван — 70 йиллик душманлик тарихи

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой, Тайван ҳамда тайванликларнинг иттифоқчиси ҳисобланган Америка ўртасидаги кескинлик янада кучайишига олиб келди. Бу муносабатлар ўзида доимий «тутаб турувчи» можарони акс эттириб, бунинг тарихи 70 йил олдинга бориб тақалади.

Тайванликлар ўзини алоҳида халқ деб билади. Фото: BBC News

Хитой халқ республикаси Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб ҳисоблайди ва эртами-кечми ҳудудни ўз таркибига қайтариши ҳақида айтиб келади. Аммо кўплаб тайванликлар етмиш йиллик алоҳида яшашдан кейин ўзларини алоҳида халқ деб, оролни эса алоҳида давлат деб ҳисоблашни бошлаган, аммо орол ҳозиргача мустақиллик эълон қилмаган, шу билан бирга ўзини бутун Хитойнинг қонуний вориси деб билади.

Можаронинг тарихи қандай?

Тайванга илк кўчиб келганлар австронезия қабилалари бўлиб, маълумотларга кўра, улар ҳозирги Хитой жанубидан кўчиб ўтишган.

Орол хитойликларнинг солномаларида, айрим маълумотларга кўра, эрамизнинг 239 йилида илк бор қайд этилган, ўшанда хитойликлар императори бу ҳудудни ўрганиш учун экспедиция корпуси юборган — Пекин ушбу факт билан оролга эгалик ҳуқуқини асосламоқчи бўлади.

Қисқа муддат давомида, 1624 йилдан 1661 йилга қадар Тайван голландлар мустамлакаси бўлган, кейин эса, 1683 йилдан 1895 йилга қадар хитойликларнинг Син сулоласи ҳукмида бўлган.

Ўшанда, XVII асрда, Тайванга Хитойнинг материкдаги ҳудудидан кўплаб одамлар оқиб кела бошлаган, одамлар тартибсизликлар ва қашшоқликдан қочиб ўтишган. Уларнинг аксари Фузян провинцияси ҳудудидаги хокло хитойлари ёки Гуандун провинциясида яшаган хакка хитойлари бўлишган. Уларнинг авлодлари бугунги кунда оролдаги энг йирик демографик гуруҳни ташкил қилишади.

1895 йилда, биринчи хитой-япон уруши бошлангач, Син сулоласи Тайванни Японияга қолдиришга мажбур бўлган. Иккинчи жаҳон уруши якунида Япония Хитойдан тортиб олинган ҳудудларни назорат қилишдан воз кечади. Уруш ғолибларидан бири бўлмиш Хитой Республикаси — ўз иттифоқчилари АҚШ ва Буюк Британия розилиги билан Тайванни бошқара бошлайди.

Аммо кейин Хитойда Чан Кайши бошқарувидаги Гоминдан партиясининг миллий ҳукумати ва Мао Цзэдун раҳбарлигидаги Хитой Коммунистик партияси қўшинлари ўртасида фуқаролик уруши бошланиб кетади. Якунда Гоминдан мағлубиятга учрайди.

1949 йилда Чан Кайши ўз тарафдорлари билан - уларнинг сони бир ярим миллион атрофида бўлган - Тайванга қочиб ўтади. У бу ерда сургундаги ҳукумат таъсис этиб, ўзига бўйсунган ҳудудни Хитой Республикаси деб эълон қилади ва кейинги 25 йилда ҳукмронлик қилади.

Чан Кайши билан бирга материк ҳудудидан қочиб келган хитойликлар бутун аҳолининг 14 фоизини ташкил қилса-да, кўп йиллар мобайнида Тайван сиёсатида устунлик қилишади.

Чан Кайшидан кейин Тайванда ҳокимият тепасига унинг ўғли Жианг Жинггуо келади, у Николай Владимирович Елизаров номи билан ҳам маълум эди. Болаликда уни ўқиш учун Москвага юборишган, у Лениннинг синглисининг уйида яшаган, коллективлаштиришда қатнашган ва ҳатто маълум вақт «Уралмаш» заводининг механик цехида ишлаган, 1937 йилда эса қамоққа олинган.

Ўша 1937 йилда Жианг Жинггуо ватанига рус рафиқаси билан қайтади (Тайванда у Жианг Фанлян номини олади).

Жианг Жинггуо очиқлиги ва демократик қарашлари билан ажралиб турарди. Отасининг Тайвандаги ҳукуматида ички ишлар вазири сифатида у бир неча бор коммунистларнинг исён уюштиришга бўлган уринишларни бартараф этган.

Отаси ўлимидан кейин у аввалига Гоминданни бошқара бошлади, кейин 1978 йилда Тавайн президенти бўлди ва умри охиригача - 1988 йилгача яна икки муддатга сайланди. Унинг бошқаруви даврида ҳукумат авторитар шаклда сақланиб қолган бўлса-да, Тайванда демократик ислоҳотлар ўтказилди.

Жианг Жинггуонинг ўрнига унинг ҳукуматида вице-президент бўлган Ли Денхуэй келади. Уни «Тайван демократияси отаси» деб аташган. У конституцион ислоҳот ўтказади ва 2000 йилда мамлакатда илк бор Гоминдан партияси аъзоси бўлмаган номзод Чэн Шуйбян президентликка сайланади.

Тайванни кимлар тан олади?

Тайван мақоми борасида ихтилоф ва чалкашлик мавжуд. Оролнинг ўз конституцияси, демократик сайланган етакчилари ва 300 минг кишилик армияси мавжуд.

Бир вақтлар сургундаги ҳукуматни тузган Чан Кайши бу ҳукумат бутун Хитойни ифодалашини ва мамлакатни қайтадан ўз измига олишини даъво қилади. Тайван ҳатто БМТ Хавфсизлик кенгашида Хитойнинг ўрнини эгаллаган, чунки Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари айнан уни Хитойнинг ҳақиқий ҳукмдори деб ҳисоблаган.

Хитойнинг собиқ ҳукмдори Чан Кайши 1949 йилда ўз тарафдорлари билан Тайванга қочиб ўтганди. Фото: CENTRAL PRESS

Аммо ўтган асрнинг 70-йилларида Хавфсизлик кенгашининг айрим аъзолари Тайван бундан буён Хитойнинг материкдаги қисмида яшовчи юз миллионлаб кишиларнинг манфаатларини ифодалай олмаслиги ҳақида айта бошлашди.

1971 йилда БМТ бу жойни Пекинга қайтаради, Тайван эса кенгашдан чиқарилади. 1978 йилда Хитой ўз иқтисодиётини жаҳон учун оча бошлайди. АҚШ эса савдо имкониятлари ва муносабатларни ривожлантириш зарурлигини тан олиб, 1979 йилда Пекин билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатади.

Шундан буён Тайванни расман тан олувчи мамлакатлар сон кескин қисқаради - ҳозирда уларнинг сони 15 та атрофида.

Эндиликда, мустақил давлатнинг барча хусусиятларига ва Хитойдан ажралиб турадиган сиёсий тизимга эга бўлишига қарамай, Тайваннинг ҳуқуқий мақоми ноаниқлигича қолмоқда.

Тайван ва Хитой муносабатлари ҳозирда қандай?

1980 йилда Хитой ва Тайван муносабатлари илиқлаша бошлаган: аввалига Тайван Хитойга бориш ва сармоя киритиш қоидаларини юмшатади, 1991 йилда эса Хитой Халқ Республикаси билан уруш якунланганини эълон қилади.

Хитой «бир мамлакат, икки тизим» вариантини таклиф этади, унга кўра Пекин Тайванни қайта бирлашишга рози бўлса, автономияни сақлаб қолишга ишонтиради. Пекин шундай ваъдалар билан 1997 йилда Ҳонгконгни ўзига қайтарганди - хитойликлар яқин вақтгача сўзида турди, аммо кейин куч билан демократик Ҳонгконгни ўз тартибларига бўйсундирди.

Тайван эса бундай таклифни рад этган.

Тайван президенти, 2000 йилда ҳокимиятга келган Чэн Шуйбян Хитой учун жиддий бош оғриғига айланади, чунки у ва унинг Демократик тараққиёт партияси очиқчасига алоҳида давлат тузишни тарғиб қилади.

2004 йилда Чэнни иккинчи муддатга сайлашади, бир йил ўтиб эса Хитой «ажралиб чиқишга қарши қонун» номли қонун қабул қилади, бу агар Тайван ажралиб чиқишга ҳаракат қилса, Хитой Тайванга қарши «тинчликпарвар бўлмаган воситалар»дан фойдаланишига имкон беради.

2008 йилда Чэннинг ўрнига ҳокимият Ма Инцзюга ўтади - у Гоминдан партияси вакили бўлиб, иқтисодий келишувлар орқали муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилган.

2016 йилда эса яна Демократик тараққиёт партияси вакили Сай Инвэн президентликка сайланади, натижада Тайваннинг Хитой билан муносабатлари яна ёмонлаша бошлайди.

Сай Инвэн бошқаруви даврида Пекин ва Тайван муносабатлари яна издан чиққан

2018 йилда вазият кескинлашади, ўшанда Пекин халқаро компанияларга босимни кучайтириб, агар ўз сайтларида Тайванни Хитойнинг бир қисми сифатида кўрсатмаса, уларга Хитойда бизнес юритишни тақиқлаш билан таҳдид солади.

2020 йилда Сай рекорд даражада 8,2 миллион овоз қўлга киритиб, иккинчи муддатга сайланади ва кўплар буни тайванликлар ХХР билан бирлашиш ғоясидан бутунлай совиганини англатишини айтади.

Бу вақтда Ҳонгконгда Хитой таъсири кучайишига қарши кенг миқёсли намойишлар авж олганди ва Тайван бу воқеаларни диққат билан кузатиб бораётганди.

Кейинроқ, ўша йил охирида Хитой Ҳонгконгдаги миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни қабул қилди, бу эса ҳонгконгликлар эркинлигини бўғишга қаратилган навбатдаги қадам бўлди.

Тайван учун мустақиллик нақадар муҳим?

Пекин ва Тайбэй фундаментал сиёсий масалада келиша олмаса-да, сўнгги ўн йилликларда иқтисодиёт борасида уларнинг муносабатлари фақат кенгайган ва мустаҳкамланган. Тайван расмий маълумотларига кўра, 1991 йилдан 2021 йил май ойи охиригача Хитойдаги Тайван инвестициялари ҳажми 193,5 млрд долларни ташкил этади.

Тайвандагиларнинг айримлари уларнинг иқтисоди энди Хитойга қарам бўлиб қолганидан хавотирланади. Бошқалар эса янада қалин иқтисодий алоқалар ХХРнинг эҳтимолий ҳужуми хавфини камайтиради деб ҳисоблашади.

2014 йилда Хитой ва Тайван «Икки мамлакат ўртасидаги савдо келишуви тўғрисида»ги ҳужжатни имзолаган. Бу «Кунгабоқарлар ҳаракати» номи остида норозилик ҳаракатини пайдо қилган. Ҳаракат иштирокчилари, талабалар ва фаоллар Хитой таъсири ўсиши эҳтимолига қарши намойиш ўтказиб, маълум вақтга Тайван парламентини эгаллаб олишган.

Ҳозирги ҳукмрон Демократик тараққиёт партияси ҳамон орол мустақиллиги тарафдори ҳисобланади, ўз навбатида Гоминдан бирлашишга қарши эмас.

Яқинда Тайванда ўтказилган ижтимоий сўровлар кўрсатишича, аҳолининг асосий қисми - амалда суверенитет тарафдори ҳисобланади.

Тайван мустақиллиги тарафдорлари Тайбейдаги намойиш чоғида, 2018 йил 20 октябр
AFP/GETTY IMAGES

Аммо тайванликларнинг катта қисми, афтидан, қандайдир ўрталикни тутади. 2022 йил июнида ўтказилган сўров фақат 5,2 фоизлик аҳоли тез орада мустақиллик эълон қилинишини ёқлайди ва фақат 1,3 фоизи - биринчи имкон туғилгандаёқ материкдаги Хитой билан бирлашиш тарафдори.

АҚШнинг бу зиддиятга қандай алоқаси бор?

Вашингтоннинг минтақадаги азалий сиёсати стратегик иккиланиш учун намунадир: Қўшма Штатлар расман «ягона Хитой» сиёсатига амал қилади ва фақат Пекинни тан олади ҳамда Тайбэй билан эмас, айнан у билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Аммо шу билан бирга Тайван билан иттифоқчилик муносабатларини сақлаб келади.

Шу йил майида президент Байдендан Хитой босқини рўй берган тақдирда, АҚШ Тайванни ҳимоя қилишга қанчалик тайёр бўлиши тўғрисидаги саволга тасдиқ жавобини берганди. Шундан кейин Оқ уй зудлик билан АҚШнинг Тайван бўйича позицияси ўзгармаслиги ва «ягона Хитой» сиёсатига амал қилишини маълум қилишига тўғри келганди. Шу каби ҳолат Байденнинг Тайванни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги аввалги баёнотларидан кейин такрорланганди.

Пекин Вашингтон томонидан Тайбэйни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни қоралайди ва Байденнинг баёнотларига жавобан Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими назоратидаги ҳудудга ҳарбий самолётларини юборишни фаоллаштирганди.

Мавзуга оид