Қиролича Елизавета II вафот этди. Чарлз III — янги қирол
Елизавета эраси якунланди.
Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этди. «Қиролича бугун кундузи Балморалда оламдан ўтди», — дейилади Букинҳем саройи баёнотида. 8 сентябр куни аввалида Букингҳэм саройи шифокорлар қироличанинг ҳолатидан «ташвишда» экани ҳақида хабар тарқатганди. Шундан сўнг қироллик хонадони аъзолари Шотландиядаги Балморал қасрига йўл олди, Букинҳем саройи атрофида эса фуқаролар тўплана бошлади. Виндзор қалъасида қироличанинг ўлимидан сўнг байроқни туширишди. АҚШ, Германия, Украинадан қироличанинг вафоти муносабати билан таъзияномалар келган.
Сўнгги ойларда Елизавета II соғлиги туфайли кўплаб тадбирларда иштирок эта олмади. 2022 йил февралида у ковидга чалинганди; баҳорда қиролича «ҳаракатланишдаги эпизодик муаммолар» туфайли қатор оммавий тадбирларни ўтказиб юборди, июн ойи бошида эса у ўзининг тахтга чиқишининг 70 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган тантаналарда деярли қатнашмади. Расмий қабуллар валиаҳд шаҳзода Чарльз томонидан ўтказилди.
Буюк Британияда миллий мотам даври бошланди, Sky News хабарига кўра бу дафн маросимига қадар давом этади. Елизавета Иккинчининг жасади Букинҳем саройига олиб келинади ва бу ерда беш кун қолади. Ўлимидан беш кун ўтиб унинг тобути Вестминстер саройига келтирилади, бу ерда уч кун мобайнида 23 соат уни зиёрат қилишлари мумкин. Дафн маросими қироличанинг ўлимидан 10 кун ўтиб бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Елизавета Иккинчининг ўлимидан кейин унинг катта ўғли Чарлз мамлакатнинг янги қиролига айланади — у Буюк Британия тарихида Уэльс шаҳзодаси ва тахт вориси мақомида энг узоқ вақт қолган шаҳзода бўлди. Букингҳэм саройи уни аллақачон қирол Чарлз III (Карл III) деб атади.
Қирол онасининг ўлимидан кейин илк баёнотини берди:
Менинг севимли онам, қиролича Ҳазрати олияларининг вафоти — мен ва бутун оиламиз аъзолари учун қайғули лаҳзалар. Қадрли ҳукмдоримиз ва суюкли онамизнинг вафотидан дилимиз вайрон бўлди. Биламанки, унинг кетиши Ҳамдўстликнинг барча мамлакатлари ва қиролликларида, шунингдек бутун дунёдаги кўп сонли одамлар томонидан чуқур ҳис қилинади. Мотам ва ўзгаришлар даврида қироличага чуқур ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишларини билиш мен ва оилам учун тасалли беради.
Эндиликда Британия мадҳияси ҳам ўзгаради. У шу вақтгача «God save the Queen» (Яратган қироличани асра) деб аталарди, эндиликда унинг номланиши «God save the King» (Яратган қиролни асра)га алмашади.
9 сентябр куни янги қирол тахтга чиқиши расман нишонланадиган қатор тантанали маросимлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. У шу куни бош вазир Лиз Трасс билан учрашади, шунингдек Ҳамдўстлик мамлакатлари халқларига мурожаат қилади.
Елизавета II вафоти муносабати билан кўплаб сиёсатчилар ва таниқли шахслар таъзия билдирмоқда. Улар қаторида — Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс, британ ҳукуматининг собиқ раҳбарлари Борис Жонсон ва Тони Блэр, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден, АҚШнинг собиқ президентлари Барак Обама ва Билл Клинтон, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел, Apple раҳбари Тим Кук бор.
Елизавета II 70 йил мобайнида Буюк Британия, Канада, Австралия ва яна 12 мустақил давлатни бошқарди. У тахтга 1952 йил 6 февралида, Уинстон Черчилл бош вазир эканида чиққан. У 25 ёшида, ўз отаси — қирол Георг VI ўлимидан кейин қиролича бўлган. Аввалига Елизавета Александра Марияда қиролича бўлиш имконияти деярли йўқ эди, аммо унинг амакиси Эдуард VIII тахтдан воз кечгач, унинг укаси Георг VI монарх бўлади, Елизавета II эса тахт валиаҳдига айланади. Унинг ҳукмронлик йилларида Буюк Британияда 15 нафар бош вазир ўзгарган, улар орасида Уинстон Черчилл, Маргарет Тэтчер, Тони Блэр ва Борис Жонсон каби номлар бор. Қиролича 6 сентябр куни Балморалда мамлакатнинг навбатдаги ҳукумат раҳбари Лиз Трассни лавозимга тайинлаганди. Елизавета II британ монархлари орасида тахтда энг узоқ вақт қолгани бўлди. 2021 йил апрелида унинг турмуш ўртоғи, шаҳзода Филипп 99 ёшида вафот этганди. Уларнинг турмуши 73 йил давом этди. Елизавета II тўрт фарзанднинг онаси, шунингдек саккиз набира ва 12 эваранинг бувиси эди.
Мавзуга оид
00:10 / 25.12.2024
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024