Тошкент яна иккита дарахтзоридан айрилди
Чилонзор ва Учтепадаги икки дарахтзор тақдиридан хавотирланиб, бонг уриб келган фаоллар дарахткуш инвесторлар ва ўз вазифасига тупурган масъуллар қаршисида яна ожиз қолди. Муаммо илдизига етиш учун шу биргина фактга қарашнинг ўзи кифоя: Тошкент шаҳар ҳокими ўнлаб катта дарахтлар жойлашган бу иккала ер майдонини тадбиркорларга 2020 йилда бериб юборган, ваҳоланки дарахт кесишга мораторий 2019 йилдаёқ кучга кириб бўлганди.
Тошкентда бир кунда иккита дарахтзор яксон қилингани маълум бўлди. Чилонзор ва Учтепа туманларида рўй берган қонунбузарликларнинг юзага келиш тарихи жуда ўхшаш.
Аввало, ҳар иккала ҳудуддаги дарахтлар ҳақида жамоатчилик анчадан бери хавотир билдириб келаётган, масъулларни кутилган жиноятларнинг олдини олишга чақираётган эди, лекин ҳеч ким тайинли чора кўрмаган.
Қолаверса, ҳар иккала ер майдонини Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йилда, яъни дарахт кесишга мораторий аллақачон кучда бўлган вақтда тадбиркорларга ажратиб берган.
Чилонзордаги жиноят туман прокуратураси рўпарасидаги шу турдаги иккинчи жиноят экани билан эътиборли. Учтепадаги дарахтзор эса аввалроқ ҳордиқ чиқариш учун боғга айлантирилиши ҳақида айтилган, кейинчалик сотилиб кетган.
Яна Чилонзор кўчаси
Чилонзор кўчасини кенгайтириш ишлари сабаб юзга яқин кўп йиллик дарахтга зарар етказилгани, бунинг ортидан Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан олинганига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди. Дарахтларга нисбатан навбатдаги суиқасд яна шу кўчада, туман прокуратурасининг рўпарасида содир бўлди.
20 сотихли қуюқ дарахтзор ҳудуди Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарори билан "Dream house stroy" МЧЖга ажратилган. Компания шу йил бошида ҳудудни ўраб олган, хавотирли ҳолатни Kun.uz ҳам ёритган эди. Ўшанда ўзини компания раҳбари деб таништирган Умар Ғаффоров фаоллар ва экологлар қаршисида бирорта ҳам дарахтга зиён етказмасликка ваъда берганди. У бу ерда бизнес марказ ва меҳмонхона қураётганини айтганди.
Ўша воқеадан кейин ҳудуддаги дарахтларни хатловга олган экологлар барибир уларни сақлаб қололмади. Тадбиркор ҳудудни яна баланд тўсиқлар билан ўраб олиб, у ердаги 58 туп дарахтни (уларнинг аксарияти қимматбаҳо) бир-икки кун ичида кесиб ташлаган.
Зарар миқдори 797 млн 700 минг сўмга баҳоланяпти. Жиноят иши очилган. Ободонлаштириш бошқармаси зудлик билан бу ерга дарахт кўчаларини экиб чиқди.
“Бир қизиқ ҳолат бор, мана шу қурилиш объектининг рўпарасида Чилонзор тумани прокуратураси жойлашган. Шуларнинг кўз олдида шундай ишлар бўляпти, тушуняпсизми? Марказда мана шундай ишлар бўляпти, энди четроқларда қандай аҳвол, тасаввур қилса ҳам бўлаверади”, – дейди воқеа жойида Kun.uz билан суҳбатлашган депутат Расул Кушербаев.
Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов “Dream house stroy” МЧЖнинг дарахт кесиш ҳақидаги мурожаатига рад жавоби берилиб, унга огоҳлантириш хати юборилгани, тадбиркордан дарахтларни кесмаслик бўйича кафолат хати ҳам олинганини айтди.
“Бундан ташқари, экологларимиз 2-3 марта визуал назорат қилиш учун тўсиқларни очиб қўйиш бўйича кўрсатмалар берган. Баъзи жойлар очиб ҳам қўйилган эди, аммо тадбиркор уни қайта тиклаб, ҳудудга киришни ҳар томонлама чеклаб, нима қилган бўлса, қандай ҳуқуқбузарлик бўлса, шунинг ичида қилган”, – деди Деҳқонов.
Экология қўмитаси раисининг ўринбосари Ислом Боқижоновнинг айтишича, Тошкент шаҳрининг ўзида мана шундай устунлар билан ўралган қурилиш объектларининг сони 700 га яқинни ташкил қилади.
“Тадбиркорнинг бу тарзда ҳудудни ўраб олиши ноқонуний, қонуннинг ҳеч ерида қурилиш объектининг атрофи 6-7 метрли устун билан ўраб олиниши ёзилмаган. Энди иложи бўлса, қурилиш объектини 2 метрга етмайдиган устунлар билан ўраб чиқиш бўйича норматив ишлаб чиқишимиз керак. Ўшанда ичкаридаги дарахтнинг яшаётгани, касалланаётгани ёки суғориш ишлари қандай кетаётганини била оламиз.
Бу – Чилонзор туманида бўлаётган иккинчи ҳолат. Қурилиш соҳасида муаммоларимиз борлиги чиқиб келяпти. Лойиҳалаштиришлари пухта бўлмаган, бунда Экология қўмитасидан рухсат олмасдан, тегишли хулосалар олиб, келишмагани учун иш бошлаб юборишяпти. Ҳозир бунинг ҳам ҳеч қандай хулосаси йўқ, лойиҳаси йўқ”, – дейди у.
Маълум бўлишича, тадбиркор бу ерни 2020 йил 3 сентябр санасида олган ва 2 йилгача ҳудудда қурилиш қилинмаса, автоматик равишда бу ер давлат захирасига ўтиши белгиланган.
Учтепа: Бу жойни боғ қилиш бўйича лойиҳалар бўлган...
Шундан кейин фаоллар ва экологлар билан Учтепа туманидаги Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчаларининг кесишмаси (“Ватан” кинотеатри), собиқ трамвай депоси ўрнидаги қурилиш жойига бордик. У ер ҳам Чилонзордаги каби ўраб олинган, тадбиркор ҳеч қандай рухсатсиз 42 туп дарахтни жойидан кўчириб, уларнинг қуришига сабабчи бўлган. Етказилган зарар қиймати 425 млн 100 минг сўмга баҳоланди.
1 гектарлик майдон ҳудуди “Goroda Stroy” МЧЖга 2020 йил 21 февралда Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан захиралаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун берилган.
Экоқўмита томонидан ҳудуддаги ҳолат ўрганилганда 42 туп дарахт қуриб қолгани аниқланган. Шундан 27 туп дарахт (чинор, шумтол, сафора, арча) кўчириб ўтказилгани оқибатида, 4 та терак эса қаровсизлик оқибатида қуриб қолган. Биринчи хатловда бор бўлган яна 11 та дарахт (9 туп чинор, 2 туп арча) эса ҳозир мавжуд эмас.
Учтепа тумани ҳокимиятидан келган вакилнинг айтишича, қурувчи корхонада ҳатто эгалик ҳуқуқи ҳам йўқ, ер ҳозирча захираланган. Аммо шунга қарамай, ҳудуд ноқонуний равишда ўраб олинган. Бунга нисбатан эса ҳеч ким чора кўрмаган.
Экология қўмитасининг билдиришича, Тошкент шаҳри бўйича ўртача 5 мингдан ортиқ дарахтлар йўқ қилиниш хавфи остида турибди. Дарахтлар жойлашган ҳудудлар худди шундай ўраб олинган.
Халқ депутатлар кенгашининг Учтепа тумани депутати Нуриддин Зайниддиновнинг таъкидлашича, бошида бу ерга боғ, турли кўчма дўконлар ва ўйингоҳ қурилиши режалаштирилган.
“Ҳатто бу бўйича туман ҳокимиятининг видеоролиги ҳам эълон қилиниб, кейин дарҳол ўчирилган. Бир ярим йил олдин бу ерда жуда кўплаб дарахтлар бор эди. Ўша вақтда бизга дарахтларнинг бирортасига зарар етмаслигини ваъда қилишган эди. Ҳозир кўриб турибмизки, дарахтларни кўчириш баҳонасида уларни нобуд қилишган. Биз ҳақ бўлиб чиқдик. Мен туманнинг ҳам, шаҳар ҳокимиятининг ҳам позициясини тушунмаяпман. Бу ерда боғ барпо қилинишини айтишганди. Кейин қандайдир инвестицион лойиҳалар, шаҳар ҳокимининг қарори чиқиб келяпти. Унинг ортидан ҳудуд ўралиб, дарахтлар нобуд қилинди.
Ҳеч ким кўрмадими, билмадими буни?! Биз 1 ярим йилдан бери бонг уриб келамиз. Лекин шу вақтгача ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ.
Бизга келган маълумотларга кўра, бу ерда манфаатдор томонлар ҳам бор мансабдорлар орасида”, – деди Нуриддин Зайниддинов.
Етказилган зарар бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш шаҳар прокуратурасига оширилган.
Дилшода Шомирзаева,
Жавоҳир Ғайратов, Kun.uz
Мавзуга оид
19:52 / 26.12.2024
“Автобуслар учун 100 та камера”: улар Тошкентда жамоат транспортига ажратилган алоҳида йўлакдаги қоидабузарликларни қайд этади
14:55 / 26.12.2024
Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди
21:54 / 23.12.2024
Мўғулистон ҳаво ифлосланишини камайтириш учун «кўк кўмир» ишлаб чиқаради
16:35 / 23.12.2024