Жаҳон | 10:44 / 12.02.2023
20991
10 дақиқада ўқилади

«Айбим тизимни яхшилашга уринганим» – Сергей Фургал 22 йилга қамалди

Россиянинг Хабаровск ўлкаси собиқ губернатори Сергей Фургал 2000-йиллар бошидаги қотилликни ташкил этишда айбдор деб топилиб, 22 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Фургал 2020 йилда қўлга олинган ва бу воқеа ортидан ўлкада бошланган оммавий намойишлар бир неча ой давом этганди.

Фото: Анатолий Жданов / Коммерсантъ / Sipa USA / Vida Press

Прокурор Фургал учун 23 йиллик қамоқ жазоси сўраганди, суд эса ҳукмда бир йил камроқ жазо берди. Хабаровскнинг собиқ раҳбари судда айбига иқрор бўлмади ва бу ҳукмни уятли деб атади.

2000-йиллардаги қотилликда айблов

Фургал устидан суд иши Москва областидаги Либерец район судида кўриб чиқилди ва айнан шу ерда ҳукм ўқилди. 2 феврал куни судялар ҳайъати Фургални тадбиркор Александр Смолскийга суиқасдда айбдор деб топди. Шунингдек, собиқ губернатор бошқа тадбиркорлар Евгений Зори ва Олег Булатовга нисбатан қотилликни ташкил этишда ҳам айбдор деб топилди. Айбловга кўра, 2000-йилларда Фургал бу тадбиркорлар билан бизнес оламида рақобатлашган.

«Балки болаларимиз одил судловни кўрар...»

Ҳар уч ҳолат бўйича судялар Фургалга берилган жазони енгиллатиш имкони йўқлигини билдирган. Ўз устидан чиқарилган ҳукмни эшитган Фургал эса қафасда туриб судялар учун у уялаётганини айтди.

Фургал икки йилдан буён ўзига нисбатан айбловларни уюштирилган ва сиёсийлаштирилган деб айтиб келади. Ҳукм ўқилган суд мажлисида ҳам у айбини тан олмади. «Менинг айбим шунчаки тизимни яхшилашга интилганим», деди сўнгсўз ўрнида собиқ губернатор.

У суд жараёнида ўзига чиқарилган ҳукмни «адолатнинг буткул ўлиши» деб атади. «Бу адолатнинг буткул ўлиши бўлса, ниманидир муҳокама қилиш мумкинми? Шунчаки ижобий нимадир пайдо бўлишини кутишга мажбурмиз. Балки болаларимиз, балки набираларимиз одил судловни кўрар», дея Фургалнинг сўзларини келтирган «Фургал штаби» Telegram-канали.

Ўта оғир жиноятда айблов

Судялар ҳукм чиқарилгач, Фургалдан ҳукм тушунурлими, деб сўрашди. «Ўртоқ судя, ҳукм-ку тушунарди, фақат бир нарсани тушунмаяпман: бундай қарор чиқарганингиз учун уялмаяпсизми?» деган Фургал.

Фургал айбланаётган жиноятлар Россияда ўта оғир жиноятлар ҳисобланади ва бундай жиноятлар учун бир умрлик қамоқ жазоси сўралади. Аммо жиноий жавобгарликка тортиш муддати 15 йилдан ўтиб кетгани учун прокурор унга бир умрлик қамоқ сўрай олмасди. Шу боис 23 йил жазо сўради ва суд 22 йилга ҳукм чиқарди.

Фургал иши бўйича қолган айбдорлар Марат Қодиров, Андрей Палей ва Андрей Карепов ҳам узоқ муддатларга қамалди.

Марат Қодиров. 2020 йил. Фото: Антон Новодережкин / ТАСС

Карепов 21 йил, Палей 17 йил, Қодиров 9,5 йил олди. Уларнинг барчаси жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди. Улар ҳам ўз айбига иқрор бўлмаган. Сергей Фургалнинг ҳимояси суд ҳукмидан арз қилиб, оқловга эришмоқчи.

Сергей Фургал ва Андрей Карепов. 2022 йил
Анатолий Жданов / Коммерсантъ / Sipa USA / Vida Press

Фургал нимада айбланганди?

Айбловда Хабаровск области собиқ губернатори Сергей Фургал 2004-2005-йилларда тадбиркорлар Евгений Зори ва Олег Булатовни ўлдирган ва яна бир тадбиркор Александр Смолскийга суиқасд уюштирган жиноий гуруҳ раҳбари экани айтилган. Тергов гўёки Фургал бу жиноятларни ўз тижорий манфаатлари учун амалга оширганини исботлаган.

Терговга кўра, Фургал тижорий ҳамкори Николай Мистрюков билан биргаликда металлом қабул қилиш пунктларига эгалик қилган ва уларга рақобатчи бўлган тадбиркор Александр Смолскийни йўқотмоқчи бўлган. Тергов хулосасига кўра, Смолский бўлган гаражга ҳужум қилинган вақтда унинг ўзи ҳам ичкарида бўлган. Гаражга иккита граната ташланган. Битта граната дарвоза олдида портлаган, иккинчиси эса гараж ичига тушиб портламаган. Шу сабаб Смолский тирик қолган. Терговга кўра, бу воқеадан кейин Смолский металл сотиб олиш нархини пасайтирган.

Тергов хулосасида айтилишича, кейинчалик Фургал ва шериги Мистрюков темирбетон заводини қўлга киритган тадбиркор Евгений Зорини узоқ давом этган суддаги келишмовчиликдан кейин ўлдиртиришади. «Жабрланувчи тортишувли объект бўйича суд ҳукми ўқилишидан бир кун аввал отиб кетилади. Бу қотилликни жиноий гуруҳ аъзоларидан бири Палей ташкиллаштиради. У ҳам ҳозирда қамоққа олинган», дейилади хулосада.

Андрей Палей судда. 2020 йил. Фото: Сергей Киселев / Агентство «Москва»

2004 йилда Фургал, Мистрюков ва собиқ губернаторнинг яна бир ҳамкори Олег Булатов Зорининг ўлимидан кейин очилган жиноий иш доирасида қўлга олинади. Лекин етарли исбот топилмагани учун иш ёпилади.

Терговга кўра, собиқ милиция ходими бўлган Булатов ҳам шериклари Зорини ўлдиришни ташкил қилишда гумонланганини айтади. Унинг «гуллаб қўйиши»дан қўрққан Фургал ва Мистрюков эса Булатовни ўлдиришни яна Палейга буюришади.

Булатов уйи олдида отиб кетилади. Уни ҳали тириклигида вояга етмаган қизи кўриб қолади, аммо олган жароҳати сабаб воқеа жойида ҳалок бўлади.

«Халқ губернатори»

Сергей Фургал Россиядаги кам сонли чинакамига халқ томонидан сайланган губернатор экани айтиларди. 2018 йилги губернаторлик сайловларида Фургал Жириновский етакчилигидаги Либерал-демократлар партиясидан ўз номзодини илгари суриб, Кремль қўллаётган номзодларни мағлуб этган тўрт губернатордан бирига айланади.

Хабаровск ўлкаси губернатори  Сергей Фургал лавозимга киришиш маросимида. Хабаровск, 2018 йил 8 сентябр
Дмитрий Моргулис / ТАСС

2020 йил 9 июл куни Фургални ишга кетаётганида Хабаровскда қўлга олиб, самолётда Москвага олиб кетишади. Собиқ губернатор ўшандан буён «Лефортово» қамоқхонасида сақланаётганди.

Ўша вақтда BBC'нинг Россия президенти администрациясидаги манбаси Фургалнинг қўлга олинишига ўз ихтиёри билан губернаторликдан кетишни истамаганини сабаб қилиб келтирган. Фургалнинг Хабаровскда обрўси баланд бўлгани учун унинг қўлга олиниши ўлкада жиддий намойишларга олиб келади. Дастлабки кунларда ўн минглаб хабаровскликлар Фургални қўллаб намойишга чиқишди, кейинчалик норозилик акциялари бир неча ой давом этди.

Экспертлар фикрича, Сергей Фургал 2018 йилги Хабаровск губернаторлиги учун сайловда ўлка раҳбарияти билан келишган ва ютқазиши аниқ бўлган «ўткинчи номзод» сифатида қаралади. «Режа бўйича» Фургал ўлканинг Кремль томонидан қўллаб-қувватланадиган амалдаги губернатори Вячеслав Шпортга ютқазиб бериши керак бўлган, аммо охир-оқибат сайловда ютиб кетган.

«Президентнинг одами»

Мутахассислиги бўйича врач-невролог бўлган собиқ тадбиркор Сергей Фургал 2007 йилдан 2018 йилгача Россия Давлат думасига ЛДПРдан сайланган депутат бўлган.

«Президент администрацияси узоқ вақт у билан ишлаган. Фургал вазифаларни бажарар ва доим президентнинг одами эканини айтган», дейди BBC билан суҳбатда Тинч океани давлат университети профессори Илдус Ярулин.

Илдус Ярулин Хабаровск губернатори қўлга олинганда ҳам ВВС билан суҳбатда бу воқеалар ҳақида фикр билдирганди.

«Бу сабаб эмас, баҳона. Ҳойнаҳой бу ҳақда «матросларча сукут сақловчилар» кўрсатма бергандир. Металлни қайта ишлаш соҳаси криминалга жуда яқин соҳа», деган профессор. Ярулин Фургал 1990-йиллардаёқ ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи органлар назарига тушганига ишонмайди. «Акс ҳолда у қандай қилиб уч муддат депутатликка сайланган?» деганди бу ҳақда профессор.

Фургал ва бошқа судланувчилар ўз айбини тан олмади. Улар ўз ишларини судялар ҳайъати кўриб чиқишини сўрашди. Фақат Мистрюковдан ташқари – у судгача келишув имзолаб, тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Мистрюков бошқа айбланувчиларга қарши кўрсатма бергач, унинг иши алоҳида кўриладиган бўлди.

Николай Мистрюков Басман судида. 2020 йил
Кирилл Зиков / Агентство «Москва»

Фургал судда собиқ ҳамкори Мистрюков ўзига ва бошқаларга туҳмат қилиб озод бўлмоқчи эканини айтди.

«Мамлакатнинг шармандали ҳолатини кўриб қўйишсин»

ЛДПР партиясининг вафот этган собиқ раҳбари Владимир Жириновский Фургалнинг қўлга олиниши сабаб либераллар партияси думадан кетиши билан таҳдид қилганди.

«Агар чиндан 2004-2005 йилда у қандайдир жиноят қилган экан, 15 йил нимани кутдингиз? Унинг қўлга олиниши ҳам нотўғри ҳолда амалга оширилди. У жиноятчи эмас, губернатор. У ҳеч қаерга қочиб кетаётгани йўқ-ку?! Бандитлар билан шунақа муносабатда бўлишади. Фургални ҳеч қачон партия сафидан чиқармаймиз. Бу бизга берилган зарба бўлди. Хабаровсклик сайловчилар Фургал ўлка тарихидаги энг зўр губернатор бўлганини кўришсин.

Ўйлайманки, губернаторимизнинг қўлга олинишига барча партиядошларимиз муносабат билдиришади. Керак бўлса, ЛДПР думадан чиқиб кетади, одамлар мамлакатдаги шармандали аҳволни кўриб қўйишсин», деганди у.

Қамалган губернаторлар

Сўнгги 10 йил давомида Россияда кўплаб губернаторлар қамалган. Тула областининг собиқ раҳбари Вячеслав Дудка, Брянск раҳбари Николай Денин, Сахалин губернатори Александр Хорошавин, Коми Республикаси собиқ раҳбари Вячеслав Гайзер ва Киров области собиқ раҳбари Никита Белих шулар жумласидан. Яна кўплаб губернаторлар ҳукмларини кутишмоқда, Челябинск собиқ губернатори Борис Дубровский эса терговдан қочиб юрибди.

Мавзуга оид