Жаҳон | 21:06 / 14.02.2023
12622
2 дақиқада ўқилади

Никки Ҳейли АҚШ президентлиги учун номзодини қўйишини эълон қилди 

У Республикачилар партиясидан ягона номзод бўлиш учун Доналд Трамп билан курашади. 

Фото: Reuters

Америка Қўшма Штатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги собиқ доимий вакили ва Республикачилар партияси аъзоси Никки Ҳейли 2024 йилги сайловларда АҚШ президентлигига номзодини қўйишини эълон қилди. 

Унинг сайловдаги рақиби АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп бўлади. Аввалроқ Ҳейли хоним агар Доналд Трамп ўз номзодини қўйиш ниятини билдирса, сайловда қатнашмаслигини айтган эди. 

Аёл ўз мурожаатида келиб чиқиши ҳиндистонлик эканини, ирқий сегрегация шароитида катта бўлганини ва АҚШ янги авлод етакчиларига муҳтож эканини таъкидлади. 

«Баъзилар ўтмишимизни Қўшма Штатларнинг асосий тамойиллари ёмон эканлигига далил деб ҳисоблайди. Баъзилар озодликни ваъда қилиш сохта эканини айтади. Баъзилар ғояларимизни нафақат нотўғри, балки ирқий камситувчи ва зулмкор деб ўйлайди. Аммо ҳеч нарса ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин эмас», деди у. 

Никки Ҳейли 1972 йилда туғилган. 2004 йилда Жанубий Каролина штатида Вакиллар палатасига сайланган. Бу лавозимда у биринчи америкалик ҳинд бўлган эди. 2011 йилдан 2017 йилгача Жанубий Каролина губернатори лавозимида ишлаган. 2017-2018 йилларда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили бўлган. 

Доналд Трамп 2022 йил ноябрида АҚШ президентлигига номзодини қўйиш ниятида эканини маълум қилди. Никки Ҳейли Республикачилар партиясидан ягона номзод бўлиш учун айнан у билан курашади. 

Қўшма Штатларнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳали қайта сайланиш бўйича якуний қарорга келгани йўқ. 

Мавзуга оид