Жаҳон | 11:12 / 16.02.2023
8501
2 дақиқада ўқилади

Эстония «Ўлмас полк» координаторини Россияга чиқариб юборди

Сергей Чаулин «йиллар давомида антифашистик ҳаракат шиори остида миллий ва сиёсий нафратни кучайтириб келган», дея маълум қилди Эстония хавфсизлик полицияси. 

Сергей Чаулин / Фото: Ohtulet

Эстония ҳукумати Кремль сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаган «Ўлмас полк» акцияси координатори Сергей Чаулиннинг ушбу мамлакатда яшаш рухсатномасини бекор қилди. Эстониянинг ERR.ee интернет нашри 15 февраль, чоршанба куни хабар берганидек, Чаулин 14 февраль куни кечқурун Эстонияни тарк этган. Кейинчалик унинг ўзи журналистларга Россияга етиб келганини айтди.  

Қайд этилишича, «фуқаролиги аниқланмаган шахс» - Сергей Чаулиннинг Эстонияда яшаш учун рухсатномаси хавфсизлик полицияси ташаббуси билан ҳақиқий эмас деб топилган. Полиция ва чегара қўриқлаш бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, қонун хорижлик шахс жамоат тартиби ва миллий хавфсизликка таҳдид соладиган бўлса, бундай чора қўллашга рухсат беради. 

«Сергей Чаулин узоқ вақт давомида Россиянинг душманлик ташвиқотини фаол равишда олиб борди. У йиллар давомида антифашистик ҳаракат байроғи остида миллий ва сиёсий нафратни қўзғатди», - дея ҳужжатдан иқтибос келтиради ERR.ee. «Россиянинг Украинага қарши ўтган йилнинг 24 февралида қайта бошланган асоссиз тажовузкорлиги бундай фаолият хавфини тушунтиради», — дейилади пресс-релизда. 

Хавфсизлик полицияси вакили Сергей Чаулин «Эстония Республикасидан Россияга ўз ихтиёри билан чиқиб кетганини» айтди. Айни пайтда, Чаулиннинг ўзи полицияга «Ўлмас полк» портретларини беришмоқчи бўлгани баҳонасида таклиф қилинганини, шундан сўнг «унга 30 саҳифалик айблов қўйилгани, телефони, ҳужжатларини олиб қўйишгани ва чиқариб юборишганини» айтиб ўтди. 

Мавзуга оид