Ўзбекистон | 09:30 / 19.02.2023
45686
11 дақиқада ўқилади

Газ бўйича изоҳлар, панел ура-ураси ва артистнинг юбилейи — ҳафта дайжести

35 йил ва 35 млрд долларга раддия: изоҳталаб ҳолатлар ҳали анчагина. Қуёш панеллари: эзгу ташаббус мажбурий кампаниябозликка айланиб кетяпти. Автомобилга навбатлар: 27 йил сабр қилганлардан яна озгина сабр қилиш сўралди. Ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

“Узоғи 10 дақиқа”

Ҳафтанинг энг умидбахш янгилигидан бошласак. Тошкент шаҳар транспорт бошқармасининг бизга маълум қилишича, шаҳарга мингта янги автобус олиб келинганидан кейин автобуслар интервали 10 дақиқадан ошмайдиган бўлади.

“1 мартдан бошлаб автобуслар келишни бошлайди ва интервали катта бўлган йўналишларга бириктирилади. Шунда Тошкент шаҳрида автобус оралиқ вақти билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди, энг узун интервал 10 дақиқа бўлади”, – деди бошқарма матбуот котиби Элмира Нурова.

“Тошшаҳартрансхизмат” берган маълумотга кўра, мингта катта сиғимли автобус апрелгача етиб келиши кутиляпти. Улардан 300 таси электробус бўлади. Қолган 700 таси газда юради, шундан 200 таси 18 метрлик автобуслар бўлади. “Гармошкали” бу автобуслар асосий магистрал йўналишларда қатнайди. Маълум бўлишича, транспортлар Хитойнинг Yutong ва King Long компанияларидан сотиб олиняпти.

Автобуслар тирбандликда туриб қолмаслиги учун ҳозирча 4 та асосий кўчада улар учун алоҳида йўлаклар ажратилди. Охирги бир ой ичида бу кўчаларга 55 та камера ўрнатилди. Бу камералар ишга тушгач, қоидага зид равишда автобус бўлагидан ҳаракатланган ҳайдовчилар жаримага тортилади. Аввалроқ жамоат транспорти учун бундай алоҳида ҳаракат бўлаклари Тошкентдаги 73 та кўчада ташкил этилиши айтилганди.

Пайшанба куни имзоланган президент қарорига асосан, жамоат транспортида кунлик “план” бекор қилинди. Тошкентдан ташқари Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳам автобус қатновларини ташкил этиш тизими ўзгарадиган бўлди. Ташувчи корхоналар билан брутто-шартнома асосида ишлашга ўтилади. Босиб ўтилган йўл ва сифат асосий мезон бўлиши, буни назорат қилиш учун 14 та шаҳарда автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати ташкил этилиши кутиляпти. Нукус шаҳри ва вилоят марказлари учун йил охиригача жами 1000 та автобус сотиб олиниши ҳам режалаштирилган.

“Озгина сабр”

Автомобилчилар учун ҳам янгиликлар йўқ эмас. “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умрзоқов автомобилга навбатлар йўқ бўлишига яна бир марта ваъда берди. Унинг айтишича, бунга автомобил ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали эришилади.

“Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр”, деди “Ўзавтосаноат” раиси. Бунга жавобан одамлар 27 йилдан бери сабр қилиб келаётганлари ҳақида интернетда постлар қолдиришди.

Шавкат Умрзоқов қўшимча пул тўлаб, машинани навбатсиз олиш имкониятини яратиш, оддий қилиб айтганда “шапка”ни қонунийлаштиришга қарши эканини ҳам айтиб ўтди. “Мен бу таклифга қаршиман, нотўғри нарса”, деди у.

“Ўзавтосаноат” раҳбари бу сўзларини Асакада, Onix модели серияли ишлаб чиқарилиши бошлангани муносабати билан ўтказилган тадбирда айтиб ўтди. Маросимда Onix'нинг энг юқори комплектациядаги варианти ҳам тақдим этилди. Унда аввалги комплектацияларда бўлмаган люк, орқа ўриндиқни иситиш, климат контрол ва бошқа қулайликлар бор. Энг юқори комплектация нархи – 215 млн сўм, ҳозирда шартномалар 30 сентябргача етказиб бериш шарти билан тузиляпти.

Бу ҳафта, шунингдек, UzAuto Motors ўтказган IPO якунланди. Компания аввалига бу орқали ўз акциялар пакетининг 5 фоизини биржага чиқаришни режалаштирганди, лекин талаб кутилганидан 17 баробарга кам бўлди ва жараёнда компаниянинг атиги 0,3 фоиз акцияси сотилди. Оддий қилиб айтганда, монопол ишлаб чиқарувчининг акциядори бўлишни истовчилар ўта даражада камлиги маълум бўлди. Натижада компания инвесторлардан атиги 57 млрд сўм жалб қила олди холос.

35 йил ва 35 млрд рад этилди, қолган ҳолатлар-чи?

“Озодлик” радиоси эълон қилган ва шов-шувга сабаб бўлган газ шартномалари бўйича суриштирувдаги айрим маълумотлар ҳафта давомида расмийлар томонидан рад этилди. Бу масалада энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев бир гуруҳ журналист ва фаоллар билан очиқ мулоқот ўтказди. Кейинроқ “Ўзбекнефтгаз”, Saneg, ERIELL ва Surhan Gas Chemical компанияларининг расмий раддиялари, Altmax Holding'нинг изоҳли мактуби эълон қилинди.

Уларда айтилишича, Ўзбекистондаги барча нефт-газ конларига оид эксклюзив ҳуқуқ 35 йилга Россияга берилмаган. Бу муддат фақат Сурхондарёдаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига тааллуқли. Конни ўзлаштириш лойиҳасининг инвестори ўз молиявий ҳисоботида келтирилган хато жумлани “бошқача талқинга имкон қолдирмайдиган қилиб” ўзгартирадиган бўлди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда 300 га яқин кон очилган бўлиб, уларнинг 40 фоизини давлат, 60 фоизини эса қўшма ва хорижий компаниялар ишлатяпти. Энг янги ва энг йирик захиралардан бири бўлмиш “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони ва “Лукойл”га берилган 13 та кон бўйича маҳсулот тақсимотига оид битимлар 50/50 нисбатда тузилган. Яъни олинган фойда давлат ва инвестор ўртасида тенг тақсимланади.

Ўзбекистондаги нефт-газ секторининг бош пудратчиларига айланган компаниялар – ERIELL ва Enter Engineering'га 5 йил ичида 35 млрд долларлик лойиҳалар “тутқазилгани” ҳам рад этилди. Расмийларга кўра, бу икки компанияга берилган лойиҳалар 10 та эмас, 9 та – АЭС қуриш бўйича ҳали якуний қарорга келинмаган. Қолган 9 та лойиҳанинг қиймати эса суриштирувда айтилганидек 23 млрд доллар эмас, 18 млрд доллар. Шундан 10 млрд долларлик қисми – инвесторнинг зиммасида.

Айни пайтгача берилган раддиялар, асосан, суриштирувдаги 35 йиллик муддат ва 35 млрд доллар деган иккита рақамга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Газ қандай қилиб 9 доллардан сотилгани, ишчи гуруҳ хулосаси ва яна бир қатор ҳолатлар бўйича қўшимча изоҳларга жиддий зарурат сақланиб турибди.

Газдан муқобил энергияга

Ҳафта давомида газни тежаш ва энергетикани ўнглаш бўйича янги чоралар эълон қилинди. Газ ва “свет”даги ўғриликларни аниқлаш учун Энергоинспекцияга катта ваколатлар берилди. Бош прокурорнинг энергетика соҳасидаги қонунчиликка масъул ўринбосари лавозими жорий этилди.

Йил охиригача республика бўйлаб 2229 та боғча, 2432 та мактаб ва 746 та шифохона кўмирга ўтказилади. Яъни давлат боғчаларининг учдан бир қисми, мактабларнинг тўртдан бир қисмидаги газда ишловчи иситиш тизимлари кўмирда ишлашга мослаштирилади. Бундан ташқари, 1147 та иссиқхона, 126 та оҳак заводи, 101 таси ғишт заводи, 23 та цемент заводи ҳам газдан узилиб, кўмирга ўтказилади. Бу турдаги янги очиладиган корхоналарни газга улаш тақиқланади.

Бундан ташқари, шундоғам меъёрдан ортиқ юклама билан ишлаётган электр ва газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш тақиқланди. 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томида қуёш панеллари бўлиши мажбурий деб белгиланди. Бу панеллар уй томининг камида 50 фоиз қисмини қоплаши керак.

Йил давомида “Қуёшли хонадон” дастури асосида 37 мингта уйга қуёш панелларини ўрнатиш режа қилиняпти. Аҳолини ўз уйининг томига панел ўрнатишга рағбатлантириш учун субсидия ва солиқ имтиёзлари бериладиган бўлди. Панеллар ишлаб чиқарган ва хонадоннинг ўз истеъмолидан ортиб қолган токнинг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан тўланади. Бу пул кейинги ойнинг 25-санасигача абонентнинг пластик картасига тушириб берилади.

Афсуски, қуёш панелларини кўпайтиришдек эзгу ният ҳам жойларда яна ура-урачиликка айланиб кетди. Деярли ҳамма вилоятларда кичик бизнес вакиллари ва аҳоли, айниқса, бюджет ходимлари ўз уйига кредит эвазига қуёш панели ўрнатишга мажбурланяпти. Панелларнинг нархи эса арзон эмас; электр энергиясининг ҳозирги тарифлари асосида ҳисоблаганда, бу маблағ ўзини оқлаши учун анчагина узоқ вақт керак бўлади. Юқоридан келган ҳар қандай топшириқни юмалоқ ёстиқ қилиб обрўсизлантиришга уста маҳаллий амалдорлар эса масаланинг бу томони билан қизиқаётгани йўқ. Шу билан бирга, ҳукуматнинг ўзи ҳам мажбурий панеллаштириш ҳақидаги хабарларга реакция билдирмаяпти. Панеллар нархини арзонлаштириш учун таклифни кўпайтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам кўзга ташланаётгани йўқ.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов битирувчиларининг ишга кириш кўрсаткичи етарлича бўлмаган хусусий университетларни ёпиб юбориш билан таҳдид қилди. Бу жамоатчиликнинг танқидларига сабаб бўлгач, вазирлик тушунарсиз муносабат билдирди. Унда вазир давлат тасарруфидаги олийгоҳларга топшириқ беришга ваколатли экани ёзилган.

Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари созанда Абдуҳошим Исмоиловнинг юбилейини нишонлаш учун бюджетдан 239 млн сўм пул ажратди. Шунча муаммо турганда халқнинг пуллари артистларнинг юбилейига ишлатилгани интернетда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Янаям эътиборлиси, Абдуҳошим Исмоилов 70 ёшини бундан анча аввал – ўтган йилнинг 9 июнида қарши олиб бўлган. Унинг юбилейи ўша пайтда ҳам бюджет пулидан нишонланган.

Бир қатор миллий федерациялар март ойида Тошкентда ўтказиладиган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини бойкот қилди. АҚШ, Чехия ва Ирландия федерациялари мусобақада қатнашмаслигини маълум қилди. Буюк Британия ва Канада ҳам шундай қарорга яқин. Сабаби – мусобақа ташкилотчиси бўлмиш Халқаро бокс ассоциацияси Россия ва Беларус бокс федерацияларига нисбатан санкцияларни юмшатган. Ассоциациянинг ўзи “Газпром”га, унинг президенти Марек Шимак эса Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги айтилади.

Собиқ АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ҳукуматга қайтди. 2021 йилда Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ортидан ишдан олинган Содиқов бош вазир котибияти раҳбарининг ўринбосари сифатида иш бошлади. Котибиятга Абдурашид Жўрабоев раҳбар бўлди. У бунгача президент маслаҳатчисининг ўринбосари эди.

АҚШ президенти Жо Байден Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактуб бирор муҳим сана ёки воқеа-ҳодисага бағишланмагани эътиборли. Байден ўз хатида Ўзбекистон президентига хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирган. Мактубда Америка Ўзбекистон билан иқтисодиёт ва энергетикадаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги, Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат сиёсий тизимини янгилаш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ёзилган.

Мавзуга оид