Жаҳон | 09:44 / 22.02.2023
40415
5 дақиқада ўқилади

Байден Варшавада Путинга жавоб қайтарди: Ғарб Россияга ҳужум қилмоқчи эмас

АҚШ президенти Варшавадаги чиқиши давомида Киев Россия босқинидан бир йил ўтиб ҳам мустаҳкам тургани, россияликлар президенти Владимир Путин украинларга тўғри баҳо бермаганини айтиб ўтди. Шунингдек, Украинани охиригача қўллаб-қувватлашга ваъда берди ва Россия уни ҳеч қачон мағлуб этмаслигини айтди.

Фото: Evan Vucci / AP / Scanpix / LETA

«Бир йил олдин дунё Киевнинг қулашини кутаётганди. Мен айтишим мумкинки, у бардош берди, у кучли ва энг асосийси - у эркин», дея Варшавадаги Қироллик қалъасидаги нутқини бошлади Байден.

У автократларнинг иштаҳасини ён бериб тўхтатиб бўлмаслиги, уларга фақат қарши туриш лозимлиги, Украинадаги уруш эса ҳеч қачон Россия ғалабаси билан якунланмаслигини айтди.

«Автократларга ён босмаслик керак, уларга фақат «йўқ» дейиш мумкин: Йўқ, менинг эркинлигимни тортиб ололмайсан. Йўқ, менинг ватанимни ололмайсан. Қўпол куч ҳеч қачон эркинлик руҳини синдирмайди. Украина ҳеч қачон Россия учун ғалаба майдонига айланмайди. Россия ҳеч қачон Украинада ғолиб бўла олмайди, ҳеч қачон», деди Байден. Бу сўзларни йиғилганлар олқишлар билан қаршилади.

Ўз чиқишида Байден Ғарб Россияга ҳужум қилиш ниятида бўлмагани ва унинг устидан назорат ўрнатмоқчи бўлмаганини айтиб ўтди.

«Россия халқига мурожаат қилмоқчиман: АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни йўқ қилиш ёки унинг устидан назорат қилишга интилмайди. Биз бугун Путин айтганидек, Россияга ҳужум қилишни, уни эгаллаб олишни режалаштирмаганмиз. Ўз қўшнилари билан тинч-тотувликда яшашни хоҳлайдиган миллионлаб россияликлар - душманлар эмас. Бу урушга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. Бу фожиа. Урушни президент Путин танлади. Урушнинг ҳар янги куни - бу унинг танлови», деди Байден.

АҚШ президенти Россияни НАТОга аъзо давлатга ҳужум қилиш оқибатларидан огоҳлантирди.

«Қўшма Штатлар НАТО иттифоқи ва Бешинчи модда тамойилига содиқлигига шубҳа бўлмаслиги керак», деди Байден альянс аъзосига қилинган ҳужумга коллектив жавоб қайтарилиши тўғрисидаги моддани назарда тутган ҳолда. «НАТОнинг ҳар бир аъзоси буни билади. Ва Россия ҳам: бир мамлакатга ҳужум қилиш - бу барчага ҳужум қилишга баробардир».

Владимир Путин ҳақида гапираркан, Байден россияликлар раҳбари Ғарб мамлакатлари Украинага босқинга жавобан кўрсатган бирдамликни кутмагани ҳақида такрорлаб ўтди.

«У ўзи каби автократларни - кучли, демократик раҳбарларни эса заиф деб ўйлаганди, кейин эса у Америка ва қўрқув ҳукмрон бўлган дунё бўлишидан воз кечган мамлакатларнинг темир иродаси билан тўқнашди», деди АҚШ президенти.

Полшадаги музокаралар

Мурожаатдан олдин Байден полшаликлар президенти Анджей Дуда билан музокаралар ўтказди.

Дуда АҚШ президентининг Полшага ташрифини «АҚШнинг дунё ва Европа хавфсизлиги учун масъуллиги белгиси» деб атади, Байден эса бунга жавобан АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашда собит қолишини таъкидлади. Байден шунингдек Дудага Полша Украинадан рекорд миқдордаги қочқинларни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди - 10 млн киши атрофида.

Байден ва Дуда НАТО ишларини муҳокама қилишди ва Байден ўзининг Владимир Путин билан суҳбатини ёдга олди.

«Мен россиялик ҳамкасбимга айтганимдек - сиз НАТОни «финландизациялаштириш»ни истадингиз, амалда эса Финландия «натолашди». Мен Швеция ҳам [альянсга] қўшиладими, йўқми билмайман. Аммо, ҳазилдан ташқари, агар биз диққатни жамласак, ўйлайманки, биз ҳар қачонгидан яхшироқ ҳолатда бўламиз», деди Америка етакчиси.

Сешанба куни Россия президенти Владимир Путин Федерал йиғилишга мурожаатида Россия стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича келишувдаги иштирокини тўхтатишини эълон қилди. Бу келишув АҚШ ва Россия ўртасида 2010 йилда имзоланган, 2021 йилда эса 2026 йилга қадар узайтирилганди.

Бу келишув Россия ва АҚШ учун ядровий каллаклар, қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталар ва бомбардимончи самолётларни чеклайди.

Европа ва НАТОдагилар Россиянинг бу қароридан афсус билдиришди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг сешанба куни бу қарор «қурол назорати архитектурасини бутунлай йўқ қилиши»ни қайд этди.

Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга кўра эса, Россиянинг бу қарори Кремлнинг мақсади - совуқ уруш давридан кейин тикланган хавфсизлик тизимини йўқ қилиш эканини тасдиқлайди.

Байденнинг Киевга ташрифи

Жо Байден Михайлив собори фонида. У Украина байроғини ифодаловчи кўк-сариқ ранглардаги галстук таққан.
Фото: Украина президенти матбуот хизмати / AP / Scanpix / LETA

Душанба куни президент Жо Байден олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келиб, Володимир Зеленский билан учрашган ҳамда у билан урушнинг тўққиз йили мобайнида ҳалок бўлган ҳарбийлар учун ўрнатилган ёдгорликни зиёрат қилганди.

Хабар қилишларича, Украина пойтахтига Байден поезд орқали Полшадан келган. Бунгача бошқа юқори мартабали шахслар ҳам шу йўналишдан фойдаланганди.

Байденнинг баёнотида айтилишича, у Украинага Америка демократия, суверенитет ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги сақланишига содиқ эканини намойиш этиш учун келган.

Мавзуга оид