Ўзбекистон | 07:34 / 05.03.2023
201730
2 дақиқада ўқилади

Mittivine асосчиси Фарҳод Маннопов вафот этди

Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси, таниқли блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этди.

Фото: SUBYEKTIV

Kun.uz марҳумнинг дўстларидан олган маълумотга кўра, у жарроҳлик амалиётидан кейин, 5 мартга ўтар кечаси вафот этган.

Бир неча кун олдин у бассейнда сузиш жараёнида бурнини синдириб олганди. Шундан сўнг операция қилинган, аммо комага тушиб қолиб, ўзига келмаган.

Instagram'да 1,1 млн обуначиси бўлган Фарҳод Маннопов ўзининг самимий вайнлари билан кўплаб инсонларга кулги улашган, обуначилари меҳрини қозонган эди.

Таҳририят марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

UPD. Маълум бўлишича, Фарҳод Маннопов Чилонзор туманидаги Star Med хусусий клиникасида операция қилинган.

Ҳолат бўйича текширув ўтказган Чилонзор тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» банди билан (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келиши) жиноят иши қўзғатди.

Kun.uz суҳбатлашган прокуратура катта терговчиси Star Med клиникасида бошқа ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганини инкор этмади. “Тергов сири бўлгани сабабли бу ҳақда маълумот бера олмаймиз. Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, деди терговчи Отабек Бекиев.

Марҳумнинг вафоти юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг ҳаракати юзасидан хизмат текширувлари ўтказмоқда.

Мавзуга оид