Ўзбекистон | 12:17 / 10.03.2023
52102
3 дақиқада ўқилади

Конституция бўйича референдум 30 апрелга белгиланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Референдум 30 апрел, якшанба кунига белгиланди.

Қонунчилик палатаси, 10 март / Фото: Палата матбуот хизмати

Конституцияни ўзгартириш бўйича қарор юзасидан Конституциявий суднинг хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди.

Референдум бюллетенида: “Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?” деб ёзилади.

“Биз фақат янги таҳрирни қабул қиляпмиз. [Бундан кейин ҳам] Конституция қабул қилинган кун – 8 декабр умумхалқ байрами сифатида нишонланади”, – дея аниқлик киритди Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов.

Палатанинг 10 март кунги ялпи мажлисида иштирок этган депутатлардан 132 нафари Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади, икки депутат бетараф қолди, уч депутат овоз бермади.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида овоз бериш натижаси

Конституциянинг янги таҳририни референдумга чиқариш ҳақидаги қарор эса 134 депутатнинг ёқлаши билан қабул қилинди; икки депутат бетараф қолди, бир депутат овоз бермади.

Референдум ўтказиш ҳақидаги қарор бўйича Қонунчилик палатасида овоз бериш натижаси

Янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти. 128 та модданинг 91 тасига концептуал ўзгаришлар киритилмоқда. Умуман олганда, конституция 65 фоизга ўзгартириляпти.

Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, сенаторлар сонини 100 нафардан 65 нафарга тушириш, Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш ва бошқалар ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, конституция ислоҳоти ҳақида биринчи марта президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябр ойида, иккинчи президентлик муддатига киришишидаги инаугурация нутқида эълон қилган эди. Давлат раҳбари ўша йили 7 декабр куни, Конституция куни арафасида йўллаган табригида асосий қонунни 2022 йили, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилишни таклиф қилганди.

Конституцияни янгилаш жараёнлари 2022 йил май ойида бошланди ва бунинг устида депутат Акмал Саидов раислигидаги Конституциявий комиссия иш олиб борди.

Мавзуга оид