Иқтисодиёт | 20:16 / 14.03.2023
39041
12 дақиқада ўқилади

Йирик активларни сотишда кимлар консултантлик қиляпти?

Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг янги тўлқини кетмоқда. Бу сафар жараёнга нуфузли халқаро маслаҳатчилар ҳам жалб қилиняпти. Kun.uz хусуcийлаштириш жараёнларида қатнашаётган профессионал консалтинг компаниялари қайсилар эканига қизиқди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳукумати 2021-2025 йиллар давомида ўз эгалигидаги корхоналар сонини 75 фоизгача қисқартиришини эълон қилган. Бу борада ишларнинг бир қисми якунланди, 20 дан зиёд йирик давлат корхоналари хусусийлаштирилди.

2020 йилда ҳукумат ҳар бир корхона учун нуфузли халқаро консалтинг ташкилотларини танлов асосида жалб қилишга қарор қилди.

Шундай қилиб, 2021 йилдан давлат активларини хусусийлаштиришга халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослашган компанияларни жалб этиш амалиёти бошланди.

“Олдинги хусусийлаштириш жараёнларига халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиш тажрибаси бўлмаган. Бундай амалиёт Cоcа-Cоlа компаниясини хусусийлаштиришга Rothschild компаниясини жалб қилишдан бошланган. Йирик объектлар консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда хусусийлаштирилади. Мақсад – хусусийлаштириш жараёнларида рақобат ва очиқликни таъминлаш”, – дейилади Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган ахборотда.

Консалтинг компаниялари томонидан давлат активларини сотиш мақсадида аниқланган қиймат ёки қийматлар оралиғи савдо жараёнида мўлжал сифатида ҳисобга олинишига рухсат берилган. Яъни жалб қилинган консалтинг компанияларининг қарорлари давлат активларини сотиш жараёнида, нарх белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Йирик давлат активларини сотишга қайси компаниялар жалб қилинди?

Давлат активларини бошқариш агентлиги Kun.uz'га 2021 йилдан бери хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилинган консалтинг компаниялари ҳақидаги маълумотларни тақдим қилди.

Ўтган даврда йирик давлат объектларини сотишда Deloitte ва KPMG етакчилик қилган – катта тўртликка кирувчи бу икки халқаро консалтинг компанияси 6 тадан корхонани хусусийлаштиришда иштирок этган.

Deloitte ва муҳокамали кейслар

Deloitte Ўзбекистонда инвестицион маслаҳатчи фаолиятини олиб бориш учун лицензияни 2020 йилда олди. У ўтган даврда “Қўқон биокимё заводи”, “Қизилқумцемент”, “Ўзбеккимёмаш заводи”, “Кварц” заводларини хусусийлаштиришга жалб қилинган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Deloitte “Биринчи резинотехника заводи” (Ангрен шина заводи)нинг сотилишида ҳам иштирок этган.

2021 йилда Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводлардан бири “Қизилқумцемент” АЖ устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга United Cement Group'га сотилди. Натижада офшор ҳудуд бўлмиш Кипрда рўйхатдан ўтган бу компаниянинг Ўзбекистонда эгалик қиладиган цемент заводлари сони (“Қувасойцемент” ва “Бекободцемент” билан бирга) 3 тага етди.

Fusion Wealth Management Ltd компанияси менежери Майкл МакГофи 2021 йилнинг охирида заводнинг ҳар бир акцияси учун 6500 сўм таклиф этилгани, бироқ нарх 4859 сўм этиб белгиланганидан ҳайратга тушди. У бундай нарх бозор нархига нисбатан сезиларли арзонлигини айтганди.

“Қўқон биокимё” АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакети 277 млрд сўмга “First Premium Alliance” МЧЖ, яъни собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга қарашли компанияга сотилди.

2023 йилда “Кварц” заводидаги давлат улуши 265 млрд сўмга Кипрда рўйхатдан ўтган офшор – “Raybird limited”, “Rayblock limited” ҳамда “Rayeross limited” компаниялари эгалик қилувчи “Қувасойцемент” АЖга сотилди.

2017 йилда Хитойдан 156,4 млн доллар қарз олиб қурилган “Биринчи резинотехника заводи” (Ангрен шина заводи) “Татнефт”га 73,2 млн долларга сотилди. 2 баробар арзон сотилганига сабаб сифатида “Татнефт” заводнинг 153 млн долларлик қарзини тўлаш мажбуриятини ҳам олгани айтилди.

2019 йилдан “Саноат энергетика гуруҳи” (собиқ Jizzakh Petroleum) компанияси шубҳали равишда 104 та нефт конларига эгалик қила бошлади. Бунинг учун Saneg конлар бўйича активларнинг қолдиқ баланс қийматини баҳолашга Deloitte компаниясини ёллаган. Kun.uz ихтиёридаги, “Ўзбекнефтгаз”га оид ёзишмалардан кўринишича, “Ўзбекнефтгаз” ўзига тегишли бўлган 104 та нефт конлари бўйича активларнинг қолдиқ баланс қиймати 3,4 трлн сўм бўлган ҳолатда халқаро компаниянинг хулосасига асосан 1,8 трлн сўмга, яъни баланс қолдиқ қийматидан деярли икки баробарга паст баҳоланган, деб ҳисоблайди. Айни пайтда, 3,4 трлн сўмлик нарх – активларнинг ўша вақтдаги эгаси, яъни бевосита манфаатдор томоннинг баҳоси эканини таъкидлаш лозим.

Saneg Ўзбекистоннинг газ-кимё флагмани бўлиши кутилаётган, қиймати 1,8 млрд долларга тенг “Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш” лойиҳасини “Ўзбекнефтегаз”дан ўзининг ихтиёрига ўтказишни таклиф қилган. Бунинг учун лойиҳа доирасида шу вақтгача сарфланган маблағларни баҳолаш учун ҳам Deloitte'га мурожаат қилиниши мумкинлиги айтилади.

Айни компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятига оид сўнгги янгиликлардан  бири – у “Uzbekistan Airways”нинг хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқишга жалб қилинган.

KPMG ва муҳокамали кейслар

KPMG Ўзбекистонда активларни баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун 2020 йилда лицензия олган. У “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси, “Сирдарё вино” АЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ, “Урганч шароб” АЖ, “Конвин” АЖ, “Мастона” АЖ, “Нукус вино” АЖларни хусусийлаштиришда иштирок этди.

Улар орасидан “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг хусусийлаштирилиши муҳокамаларга сабаб бўлди. 205 млн долларга қурилган меҳмонхона бундан уч баробарга кам – 87 млн долларга Abu Dhabi Uzbek Investment инвестицион фондига сотилди.

Меҳмонхонанинг якуний харажатлари 205 млн доллардан ҳам қимматроққа тушган бўлиши мумкин. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 42 млн долларлик, Халқ банкининг 100 млрд сўмлик кредитлари ва Тошкент шаҳри маъмуриятининг ўз маблағлари ҳисобидан қурилиши молиялаштирилган “Hyatt Regency” кредитларини сўндириш учун охирги 3 йилда бюджетдан жами 206,3 млрд сўм ёки 20 млн доллардан ортиқ бюджет пули сарфланган. Бундан ташқари, меҳмонхона қурилиши ва кейинги фойдаланувида берилган бож ва солиқ имтиёзлари қиймати ҳам харажатлар таркибида акс этмаган.

Давактив меҳмонхона арзонга сотилганини инкор қилган. Унга кўра, бу масалада асосий нуқта – 2013 ва 2022 йиллардаги валюта курси ўртасидаги фарқда. 2013 йилдаги АҚШ доллари/сўм курси ўртача 2097 сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 10 ойида ўртача 11 010 сўм бўлган. “Меҳмонхонанинг тўлов қиймати жорий курс билан ҳисобланганда 974  млрд сўмдан ошади, бу қурилиш харажатининг миллий валютадаги қиймати (566  млрд сўм, ушбу харажатлар 2013 йилги валюта айирбошлаш курси бўйича сўмда тан олинган)га нисбатан 1,7 баробарга юқори демакдир”, – деганди агентлик директори Акмалхон Ортиқов.

Хусусийлаштириш жараёнига KPMG жалб қилинган “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”нинг 100 фоиз улуши 100 млн долларга “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ – Кипрда рўйхатдан ўтган офшор компанияга сотилди.

Маълум қилинишича, KPMG “Иссиқлик электр станциялари” АЖни хусусийлаштириш стратегиясини ҳам ишлаб чиқиши кутиляпти.

Савдо жараёнлари давом этаётган йирик активлар

Савдолари давом этаётган 20 га яқин давлат активларини хусусийлаштиришга ҳам KPMG (6 та объектга) ва Deloitte (4та объектга) энг кўп жалб қилинган.

Бундан ташқари, давом этаётган хусусийлаштириш жараёнларидаги консултантлар рўйхатида – МMosaic Financial (1та), Portfolio investment (1та), Rezolut ва Dentons компаниялари консорциуми (1та), Abrau Capital ва Centil компаниялари консорциуми (1та), Orion Capital (1та), ACC Aviation (1та), Merritz (2та)ни ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, “Uzbekistan Airways”нинг хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун Deloitte, “Ўзбекнефтгаз” бўйича Rotschild & Сo ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бўйича KPMG жалб қилинган.

Давактив: “Хусусийлаштиришда асосий мезон юқори нарх эмас, балки талабгорнинг соҳадаги тажрибаси ҳам”

Бир қатор йирик давлат мулклари, халқаро консултантлар жалб қилинган бўлса-да, арзонга сотилгани ҳақидаги танқидлар юзасидан Kun.uz берган саволга жавобан Давактивнинг маълум қилишича, стратегик аҳамиятга эга объектларни сотишда асосий мезон сифатида фақатгина  юқори нарх эмас, балки талабгорнинг соҳадаги тажрибаси ҳам инобатга олинади.

“Дейлик, сиз фермерсиз, сизнинг кимё заводини сотиб олиш учун етарли пулингиз бор, аммо кимё соҳасида тажрибангиз йўқ. Катта корпорация даражасидаги корхонани бошқаришга тажрибангиз йўқ. Энг юқори нархни шу инвестор беряпти деб, заводни сизга сотсак, тажрибангиз йўқлиги учун у корхона банкрот бўлиши мумкин. Шунинг учун биз сотишдан олдин, таҳлил ўтказишимиз керак: талабгор ким, унинг қандай тажрибаси борлигини ўрганишимиз керак.

Дейлик, Англиянинг кимё саноатидаги инвестори “Фарғона азот”ни сотиб олишга талабгор бўлса, уни биз қандай ўрганамиз. Ўша давлатга бориб, ҳар бир талабгорни ўрганишимиз керакми? Бунга бизнинг ресурсимиз етмайди, шунинг учун халқаро консултантлар жалб қилинади”, дейди агентлик матбуот хизмати вакили.

Агентлик масъулининг тушунтиришича, консалтинг компаниялари талабгорларни саралаб олгач, охирги босқичда улар қандай нарх таклиф қилаётгани ва соҳадаги тажрибаси инобатга олинади. Энг юқори нарх таклиф қилган ва тажрибаси юқори инвестор таклифи танлаб олинади.

Энг охирги босқичда бош вазир ҳузуридаги тендер комиссияга халқаро консултант берган тавсиялар асосида талабгорлар рўйхати олиб кирилади ва комиссия қарор қабул қилади. Шу қарор асосида актив сотилади.

СИА: “Ҳеч қайси бир консультантга алоҳида преференция берилмайди”

Шу ой қабул қилинган президент қарорига асосан, 31 та йирик корхонанинг давлат акция пакетларига эгалик ҳуқуқи Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилмоқда. Хусусийлаштириш жараёнларини ташкил этишда қатнашаётган “Uzassets” компанияси ҳам эндиликда Давактив эмас, Стратегик ислоҳотлар агентлигига бўйсунади.

Агентликнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 31 та йирик давлат корхонасини бу агентлик бошқарувига ўтказишдан кўзланган мақсадлар қаторида уларни ислоҳ қилиб, самарадорлигини ошириш ва адолатли хусусийлаштириш ҳам бор.

“Агар биз хусусийлаштириш ва халқаро молия бозорига чиқиб, у ерда инвесторларнинг маблағларини жалб этишни ният қиладиган бўлсак, потенциал инвесторлар билан улар билган ва ишонган таҳлил қилувчи, молиявий аудит ўтказувчи, юридик ҳолатга баҳо берувчи ва бошқа соҳаларда ўз малакаси ва профессионал билимлари, турли мамлакатларда ана шу соҳаларда транзакцияларни доимо амалга ошириб келаётган консалтинг компаниялари ёрдамида гаплашишимиз керак”, – дейилади СИА ахборотида.

Агентлик Deloitte Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини биринчилар қаторида 90-йилларда очгани, хусусийлаштириш жараёнларига катта тўртликдаги KPMG ва Ernst & Young ҳам жалб қилинаётганини қайд этган.

“Биз ана шу катта тўртликка кирувчи ва бошқа дунёга танилган консалтинг корхоналари билан турли тендерлар ва очиқ танловлар асосида иш олиб боришга интиламиз. Ҳеч қайси бир консультантга алоҳида преференция берилмайди”, – дейилади Стратегик ислоҳотлар агентлиги Kun.uz'га тақдим этган изоҳда.

Мавзуга оид