Жаҳон | 17:03 / 21.03.2023
17539
6 дақиқада ўқилади

Украина учун ўқ-дори ишлаб чиқариш кечикмоқда

Бу Украина қуролли кучларининг «снаряд қаҳатчилиги»ни кучайтиради ва бўлажак қарши ҳужумга халақит қилиши мумкин.

Фото: Фото: Violeta Santos Moura / Reuters

Украина қуролли кучлари учун снарядлар етказиб беришни ваъда қилган Евроиттифоқ давлатлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда катта қийинчиликларга учрамоқда. Урушдан олдинги даврдагидан икки баробар кўп миқдорда ўқ-дори ишлаб чиқариш учун уларга портловчи моддалар ва порох етишмаяпти. Financial Times нашри бундай муҳим таркибий қисмларни ишлаб чиқаришни тезда ошириш имконсиз экани ҳақида ёзди. Шу тариқа, Украина армиясига бир неча ойга етказиши учун миллионлаб снарядлар етказиб бериш режаси хавф остида қолмоқда. Айни пайтда, Европа давлатларининг ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича аллақачон олган мажбуриятлари ҳам Киевни қониқтирмайди: Украина мудофаа вазирлиги европалик ҳамкорларга украин қўшинлари мамлакатнинг барча ҳудудларини муваффақият билан озод этиши учун ҳар ойда 600 минггача снаряд талаб этилиши, амалда эса улар фақат 120 минг снарядга эга бўлиши мумкинлигини айтган.

Украина ҳам, Россия ҳам «снаряд тақчиллиги»дан азият чекмоқда

Ғарб разведкаси ва экспертлари Россия армияси снарядлар етишмовчилигига учраётгани (ёки тез орада тақчиллик бошланиши) ҳақида ўтган йил кузидаёқ маълум қила бошлаганди. РФ қуролли кучлари ўтган йил ёзида Донбассда амалга оширилган юриш давомида жуда кўп ўқ-дориларни сарфлаб юборди: армия уруш бошидан буён шахсий таркибда учралган катта йўқотишлар ўрнини тўлдиришга улгурмагани сабабли украин позицияларини кам сонли кучлар билан ҳам эгаллаш умидида артиллерия зарбаларига зўр берди. Бу эса захиралар тезда тугашига олиб келди. Ёзда РФ қуролли кучлари кунига 30 минг снаряд отган бўлса, қишда бу миқдор 10 минггача камайди 

Россияда снарядлар ишлаб чиқариш ўсиб бормоқда, аммо айнан қандай суръатда экани — номаълум. Урушга қадар, экспертлар баҳоларига кўра, мамлакатда кунига ўртача икки минг снаряд ишлаб чиқарилган, шундай экан, танқисликни бартараф этиш учун (ўқ-дориларнинг катта истеъмолига асосланган тактика сақлаб қолинган ҳолда) ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш талаб этилади, агар бир неча баробар бўлмаса.

Украина учун, афтидан, вазият янада ёмонроқ. Украина қуролли кучлари ҳамон советлар даврига мансуб юзлаб қуроллар билан жанг қилмоқда. НАТО снарядлари уларга мос келмайди, Европадаги совет калибрлари захираларининг катта қисми эса Киевга ўтган йилиёқ бериб бўлинган. НАТО ишлаб чиқарган қуроллар етказиб берилиши вазиятни вақтинча яхшилади: алянснинг кўплаб мамлакатларида снарядлар захиралари тезда тугаб қолди; ҳозирги кўламдаги ишлаб чиқариш эса юзага келган етишмовчиликни, айниқса Украина қуролли кучларининг ўсиб бораётган талабини қоплаш учун етарли эмас. Ғарб рақибга зарба беришнинг асосий воситаси сифатида артиллерияга таяниб уруш қилишга тайёрланмаганди; алянс доктринаси бунда биринчи навбатда авиациядан фойдаланишни кўзда тутади.

НАТО бир томондан ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, бошқа томондан Украина қуролли кучлари камроқ снаряд сарфлаган ҳолда ғалаба қозониши имконини берувчи тактика ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Иккинчи ҳолатда Украинага жанговар авиация етказиб беришни кескин ошириш талаб этилади ва бунда советлар ишлаб чиқарган самолётлар билан чекланиш керак эмас, — алянс эса ҳозирча фақат шундай самолётларини беришга тайёр.

Нима бўлганда ҳам, Украина қуролли кучлари авиация гуруҳини кенгайтириш кўп вақт талаб этади, снарядлар етишмовчилиги эса яқин келажакда уларнинг жанговар қобилиятига таъсир кўрсатиши ва кутилаётган йирик юришга халақит бериши мумкин. Март ойи бошида Бахмутда бўлган ғарблик ҳарбий экспертлар тасдиқлашича, «снаряд тақчиллиги» — Украина қуролли кучларининг ушбу шаҳар учун жанглардаги муваффақиятсизлигининг асосий сабаби бўлмоқда.

Донбассдаги украин ҳарбийлари юк машинасидан Д-30 гаубицаси учун мўлжалланган снарядларни туширмоқда. Бу снарядлар маркировкасидан улар Шарқий Европа ҳудудида ишлаб чиқарилганини билиш мумкин. 2023 йил 2 март.
John Moore / Getty Images

Ғарб ишлаб чиқариш ҳажмини нега кескин ошира олмайди?

Financial Times нашри ёзишича, муаммо (камида Европада) — снарядлар учун асосий материаллар — порох ва портловчи моддалар, шунингдек, уларни ишлаб чиқариш учун бошқа компонентлар, масалан, нитроцеллюлозалар етишмаётгани билан боғлиқ. Европалик қуролсозлар бу материалларни ишлаб чиқаришни зудлик билан ошириш имконсизлигини айтишмоқда. Нашр сўров ўтказган ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, бундай материаллар ишлаб чиқариладиган заводларни қуриш учун камида уч йил кетади.

Дефицит айни вақтда кичикроқ ҳажмдаги снарядларни ишлаб чиқаришга ҳам таъсир кўрсатади: хусусан, порох етишмовчилиги туфайли Европада снаряд ишлаб чиқариш баҳоси уруш бошидан буён 20 фоизга қимматлашган. 155 мм калибрли битта оддий снаряд энди 850 евро турмоқда.

Таққослаш учун, «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин бир тонна ўқ-дори унга 50 минг долларга тушаётганини айтганди; снаряднинг ўртача оғирлиги 50 килограмм деб олинса, битта снаряд тахминан 2500 доллар атрофида туради.

Мавзуга оид