Жаҳон | 15:41 / 24.03.2023
6504
3 дақиқада ўқилади

Украина суди Медведчукнинг хотинига тегишли мулкни хатловга олди

«СБУ» талабига биноан суд Оксана Марченконинг офшор компаниялар тармоғи орқали эгалик қилган металлургия заводидаги улушини хатловга олди.

Фото: ТАСС

Украина суди Виктор Медведчукнинг рафиқаси Оксана Марченконинг 440 миллион гривнадан (11 миллион евро) ортиқ «яширин активлари»ни хатловга олди. Бу ҳақда 24 март, жума куни Украина хавфсизлик хизмати («СБУ») маълум қилди

«СБУ» Марченкони Россия оккупацион гуруҳларини молиялаштирганликда гумон қилмоқда. Суд қарори Запорижжядаги А.М.Кузмин номидаги «Днепроспецсталь» ОАО электрометаллургия заводининг 6,8 фоиз улушига тегишли бўлиб, унга Марченко учта офшор компания орқали эгалик қилади, деб хабар берди хавфсизлик хизмати. Корхона стратегик аҳамиятга эга бўлиб, саноатда пўлат ва темир буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

«Активларнинг хатловга олиниши уларни бошқа шахсларга қайта рўйхатдан ўтказишдан ҳимоя қилади ва келажакда давлатимиз фойдасига ўтказиш имконини беради», — дейилади «СБУ» хабарида. 

Февраль ойи охирида Украинада Марченконинг қиймати 5,6 миллиард гривнадан (140,5 миллион евро) ортиқ бўлган мол-мулки хатловга олинди. Ўшанда учта ҳудудий энергия таъминоти компаниясининг улуши, 18 та инвестицион, агросаноат, телекоммуникация ва бошқа компаниялардаги активлари, шунингдек, иккита ер участкаси, Киев ва Қримдаги тўртта турар жой биноси ва 10 та автомобил хатланган. 

Марченконинг ўзи «СБУ» томонидан «конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартириш ёки ағдариш ёки давлат ҳокимиятини эгаллаб олиш, Украина ҳудуди ёки давлат чегарасини ўзгартириш мақсадида содир этилган ҳаракатларни молиялаштириш» моддаси бўйича гумонланаётганини маълум қилди (Жиноят кодексининг 110-2-моддаси 3-қисми). 

Медведчук Кремлнинг Украинадаги асосий сиёсий иттифоқчиларидан бири эди. Ўз сўзлари билан айтганда, 2004 йилда Путин кенжа қизининг чўқинтирган отаси бўлган. Унинг «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» россияпараст партияси уруш бошланишидан олдин Олий радада 44 ўринга эга бўлган. 20 март куни Зеленский ҳарбий ҳолат даврида партия фаолияти тўхтатилганини эълон қилди.

Медведчукнинг ўзи 2021 йил май ойидан бери уй қамоғида бўлган, унга хиёнат ва «миллий бойликларни талон-торож қилишга уриниш» айблови қўйилган. Терговнинг таъкидлашича, у «ДХР» ва «ЛХР» деб аталмиш ҳудудлардан кўмир етказиб бериш билан шуғулланган ва шу тариқа ушбу «республикаларни» молиялаштирган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан уч кун ўтиб, Медведчукнинг уй қамоғидан қочгани маълум бўлди. 12 апрелгача унинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди, ўша куни Украина президенти Володимир Зеленский сиёсатчи ушланганини эълон қилди. «СБУ» Медведчук Киев вилоятидан чиқишда қўлга олинганини, унинг қочишини эса Россия махсус хизматлари уюштирганини даъво қилмоқда. Сентябрь ойида Киев Медведчук 200 нафар украиналик ҳарбий асирга, жумладан «Азовстал» ҳимоячиларига алмаштирилганини эълон қилди.

Мавзуга оид