Ўзбекистон | 19:27 / 28.03.2023
36967
14 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет»да авж палла: қинғирликлар ва ислоҳот зарурати

«Опенбюджет»нинг 2023 йилги 1-мавсумига овоз йиғиш жараёни авжида. Айни пайтда, жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинган, фуқароларга маҳаллий бюджет пулларининг бир қисмини қаерга ишлатишни ҳал қилиш имконини берган лойиҳага айрим конструктив ўзгаришлар киритиш зарурати кўзга ташланмоқда.

Маълумот учун, 1,5 трлн сўм ажратилган ва тасдиқланган 33 мингдан зиёд ташаббус учун 12 млндан ортиқ овоз тўплаб бўлинди. Бу – мутлақо рекорд. Аввалги мавсумда жами 7,8 млн овоз тўпланган эди.

Овоз тиланаётган ўқитувчилар

Бироқ «Опенбюджет»га бу йилги овоз тўплаш жараёни кўчиликнинг ғашини келтирмоқда. Кўчаларда ўқитувчилар ва ҳамширалар овоз тиланиб юрибди. Бошқа одамлар «Пепси», «Кола» тарқатиш ва «Пайнет» орқали пул ўтказиб бериш эвазига овоз сотиб оляпти. Бу ноҳақлик, адолатсизликдек кўринмоқда, чунки кичикроқ маҳаллалар ва мактаблар ўз ташаббусига овоз тўплолмасдан қолиб кетмоқда.

Рости, ўзи яқиндагина мажбурий меҳнатдан қутилган ўқитувчилар армияси мактабларнинг моддий техника таъминоти ва таъмирлаши учун овоз тўплашга сафарбар қилинаётгани кишини ўйлантиради.

Ўқитувчилар уйма-уй юриб, кўчаларда одамлардан илтимос қилиб овоз тўплашмоқда. Директорлар томонидан ҳар бир ўқитувчи зиммасига 100-200 тадан овоз тўплаш мажбурияти юкланган, юкламани бажармаганларга чора кўрилиши билан ҳам таҳдид қилинмоқда экан. Мактабларнинг Telegram гуруҳларидан келаётган скриншотлар бундан далолат бериб турибди.

Шифохона, поликлиникалар билан ҳам худди шу аҳвол. Ҳамширалар кўчама-кўча сарсон, врачлар эса ҳузурига келган беморнинг овозини олмаса кўрикни бошламаяпти. Болалар боғчалари билан ҳам айни мана шундай ҳолат.

Овоз тўплаб бериш учун хизмат кўрсатувчи ўртакашлар пайдо бўлган. Одамларга овози эвазига «Кока-Кола» ва «Пепси» бериб, шунингдек, телефон рақамига 10-15 минг сўм пул ўтказиб овозларни сотиб олишмоқда.

Мен ўзим отам яшайдиган маҳалланинг кўчасини қўйдим. Қариндош-уруғ, таниш-билиш, ижтимоий тармоқларда эълон бериб, атиги 55 та овоз жамғара олдим. Ҳолбуки, туманда кўчалар борасида энг илғор маҳалла 5 мингдан зиёд овоз тўплаб қўйибди.

Хўш, ташаббусларга овозлар қандай тўпланмоқда?

Вазиятдан таниш суҳбатдошим шундай ҳикоя қилади:

«Лойиҳалар пайтида бу ишларга аралашиб қолган эдим, сабаби – бир қурувчи қариндошим «боғча таъмири бўйича лойиҳани ютишим керак, бўлмаса бу лойиҳани менга бермайди», деб ёрдам сўраб келиб қолди.

Шундан сўнг суриштириб, шаҳар марказидаги барча «Пайнет» шохобчаларини бошқарувчи бир инсон билан танишдим ва у барчасини тушунтирди: ўтган турда бир овоз нархи сўнгги ҳафтада 10 минг сўмгача чиқибди. Шунда ҳам талабгорлар анча бўлган. Одамлар нима бўлсаям овоз керак, деб пул кўтариб навбатда турган экан.

Бу мавсум олдидан энди ўша қариндошим бирйўла учта лойиҳа олганини ва ҳаммасида ютиши кераклигини айтиб, яна олдимга ёрдам сўраб келди.

Мен эски «таниш»ларга алоқага чиққанимда ҳаммасида турлича нарх экан: 8 минг сўмдан бошлаб 15 минг сўмгача нарх айтилди. Катта «пайнетчи» эса 15 минг сўмдан «буюртмалар» олган дафтарини кўрсатганда ёқамни ушладим! Ўтган турда ёрдам берган болаларга алоқага чиқиб, битта овозни 8 минг сўмдан гаплашдим.

Ҳозир, мана, кунига 5 мингдан 10 мингтагача овоз йиғиб беришмоқда. Мен уларга 8 минг сўм бераман, лойиҳачилардан эса камида 10 минг сўм ҳаттоки 15 минг сўмдан ҳар бир овоз учун буюртма оляпман», деб ҳикоя қилади у.

Унинг айтишича, овоз бериш 7 апрел куни тугаса, сўнгги 3–4 кунда ҳар бир овоз нархи 20 минг сўмгача чиқиши кутилмоқда. Чунки кўплаб лойиҳаларда олдинги турларга нисбатан овоз сони анча кўпайган. Масалан, аввал бир туманда ташаббус 3000 та овоз билан ютилган бўлса, ҳозир 5000 та овоз билан ҳам ютишнинг имкони йўқ. Кимўзарга катта пуллар эвазига овозлар сони ошиб бормоқда, уларга қараб нарх ҳам.

Мисол учун, 1,2 млрд сўмлик лойиҳани ютиш учун буюртмачи (яъни қурувчи) 200 млн сўмгача сарфлаши мумкин экан. Ўтган турда 50 млн сўмга ғолиб бўлиш учун етарли овоз тўплаб бериш кафолати берилган бўлса, бу турда 100 млн сўмга ҳам ҳеч ким буюртма олмаяпти экан.

Яъни, кўчаларда «кола» тарқатувчилар, «пайнет» олдида пул тарқатувчилар маҳалла ё мактабнинг эмас, лойиҳани ютишдан манфаатдор қурувчининг одамлари бўляпти.

Бу йил ғолиблик учун кўпроқ овоз керак бўлаётгани учун қурувчи ўша таълим/тиббиёт муассасаси раҳбари билан келишмоқда. Ўша муассасага камида 2000 та овоз йиғишга юклама қўйилган. Ўтган турда бу нарса йўқ эди. Бу йил кўчаларда ўқитувчи, ҳамшира ва тарбиячилар овоз тўплаш учун изиллаб сарсон бўлиб юришибди.

Кейин аҳамият берилса, бундай ташаббусларнинг барчасида энг юқори чегарадаги сумма – 1,2 миллиард сўм деб таклиф киритилган. Сабаби – турли ортиқча «харажатлар» кўп бўлгани учун имкон қадар максимал сумма кўрсатилмоқда.

«Опенбюджет»нинг минуслари

Ҳар қандай эзгу ташаббус энг қуйидаги ҳокимиятлар томонидан пачағи чиқарилиб, дискредитация қилинишига кўникиб ҳам қолдик. Мана шундай нопок йўллар билан ғолиблик учун курашаётган қурувчиларга тендерда ютишни ваъда қилаётганлар ҳам ўша ҳокимиятдагилар.

Туман ҳокимиятлари давлат дастурига тушириб қилинадиган ишларни ҳам «бор, ана, «опенбюджет»га қўйиб ютиб ол керак бўлса», деб қайтараётганини эшитиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шифохона, боғча, мактаб кабиларда ташаббусда 1,2 млрд сўм кўрсатилгани билан аниқ нима иш қилиши кўрсатиб ўтилмаган. Нопок қурувчилар шунинг учун жон жаҳди билан шу лойиҳаларга ёпишиб олишган. Чунки манзилли дастурдан фарқли ўлароқ, бундай таъмирлаш ишларини 1,2 млрд сўмни қўлга киритиб, дейлик, бор-йўғи 300 млн сўмлик иш билан ёпиб юбориш имкони бор. Бунга калласини лиқиллатиб розилик берувчи томонлар ҳам кутиб турибди.

Қолаверса, катта аҳолига эга маҳаллалар ташаббуси кетма-кет ғолиб бўлмоқда. Уларда ютиш учун тажриба бор, бу қолган маҳаллаларга нисбатан адолатсизликдек кўринади.

Турли коррупцион схемалар аллақачон ишга тушган. Пул тикиб, 1 млрд сўмлик йўлни 1,2 млрд сўм қилиб ўтказилади. Ютиш учун 100 млн сўм сарфлашади. Ютгач қурувчидан 200 млн сўмни олишади. 100 млн сўм жойига қайтади, яна 100 млн сўм кейинги лойиҳани ютиш учун олиб қўйиларкан.

Шаффоф тизим ишга тушмоқда

Вазиятдан хабардор мутахассиснинг тушунтиришича, аввалги турларда бундай йўл билан қурувчилар айнан ўзлари «харажат» қилган лойиҳани қўлга киритишиинг қандайдир имкони бўлган бўлса (ўтган йилги тендерлар e-tender.uzex.uz орқали ўтказилган), бу йил ишга тушган шаффоф платформа — tender.mc.uz бундай найрангларга чек қўяди.

«Аввало, reyting.mc.uz орқали қурилиш ташкилотлари рейтинг кўрсаткичларига қаралади. Овоз тўплаш учун 100-200 млн сўм сарфлаб қўйган қурилиш ташкилотлари ҳаммаси аввалгидек бўлади, деб ўйлаётган бўлса қаттиқ адашади», – деди саволимизга жавобан мутахассис.

Унинг айтишича, ташаббусда ғолиб бўлган лойиҳа аввал синчиклаб кўриб чиқилади, экспертиза қилинади, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги сметани кесиб ҳам юбориши мумкин. Оширилган суммани қўйиб ўтказиш учун 5 та ташкилот билан келишиш керак. Лекин у ташкилотни ҳеч ким танлай олмайди, шаффоф тизим танлаб беради.

Шундан сўнг тендер платформасига чиқади. Шунда қурувчи ютиб олиш учун курашади. Фалончи қурилиш фирмаси ютсин деб, туман ҳокими ҳам, бошқаси ҳам ҳал қилиб бера олмайди. Яъни, ҳозирги кунларда овоз тўплаш учун пул сарфлаётганлар ким ютиши номаълум бўлган объектга пул тикишган бўлиши эҳтимоли катта. (Кетди бир Gentra'нинг пули осмонга учиб!)

«Опенбюджет»нинг плюслари

Маълумки, «Ташаббусли бюджет»да маҳаллий бюджетнинг марказий бюджетга ўтказилганидан ортиб қолган қисми «ўйналяпти». Узоқ йил навбат кутаётган ишларни тезроқ битириш учун. Бу дегани «опенбюджет»га қуйилмаса ҳам, маҳаллангиз кўчаси давлат дастури асосида асфальт қилиб берилиши мумкин: кейинги йилларда, агар навбати келса.

Иккинчидан, аввалги йиллари уюшиб, бирлашиб маҳалласини асфальт қилдирганлар, энди бошқа нарса, масалан, мактаб таъмирига овоз тўплашмоқда.

Учинчидан, ўша пулни ютиб олиб маҳаллани асфальт қилдирганлар йўл не-не қийинчилик билан асфальт ё мактаб таъмир қилинаётганини кўриб, қурувчилар устида туриб сифатни талаб қилиб олишмоқда. Ёки ишлар битгач, уни барча кўз қорачиғидай асрамоқда.

Яъни одамларда алоқадорлик ҳисси уйғонди. Одамлар бир мақсад йўлида уюшишни ўрганишди. Бекорга жойларда ташаббус ғолиб чиқса, байрам бўлиб кетмаяпти, ахир.

Одамлар 1-2 млрд сўм пул учун қурувчиларнинг, иш битгач, қолганлардан ён-атрофни кўз қорачиғидек асрашни талаб қилаётган бўлса, ҳар йили ЎТТИЗ МИЛЛИАРД АҚШ ДОЛЛАРИ миқдоридаги давлат бюджетини тасдиқлаб берувчи шол парламентимиз шундай талабчан бўлса, нималар бўлишини тасаввур қилиб кўринг энди!

Чет эллардаги парламентларда муштлашувлар ҳам айнан шундан келиб чиқади. Яъни пул учун!

Нима ўзгаришлар қилиш керак?

Хуллас, барчани бирдек рози қилолмаётган бўлса ҳам, «Опенбюджет» иш бермоқда. Уни маъқуллаган ҳолда, адолат таъминланиши ва барчаси шаффоф ўтиши учун, унинг айрим камчиликларини бартараф этиш учун айрим ўзгартиришлар киритиш керак, деб ҳисоблайман.

Масалан:

  • Танлашда вилоят ва шаҳар/тумандан ташқари, МФЙни ҳам қўшиш керак.
  • Лойиҳаси бир марта ютган маҳаллага 1,5 мавсум дам бериш керак. Янги ташаббуси қабул қилинмаслиги керак, токи бошқа маҳаллаларга ҳам «нон» тегсин.
  • Ташаббус категориялари рўйхатидан мактаб, (махсус мактаблар), олий ўқув юртлари, боғча ва шифохоналар умуман чиқариб ташланиши керак – уларни давлат фақат инвестицион дастур асосида ўзи ремонт қилиб, моддий-техника базасини мустаҳкамласин. Олий ўқув юртлари эса ўзлари пул топиши учун имконли. Шу орқали ўқитувчи ва шифокорлар бўйнига юклатилаётган ноқонуний вазифа олиб ташланади.
  • Фақат маҳаллаларни асфальтлаш, ичимлик сув тортиш, электр симлари ва янги подстанциялар қуриш, аҳоли дам олиш ва спорт масканлари қуриш учун ташаббуслар қолдирилиши керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида адолатли рақобатни таъминлаш учун face-ID тизимини киритиш варианти бор экан. Лекин фикримизча, бу – нафақат овоз беришни мураккаблаштириб юборади, балки хавфли ҳам. Чунки бунда face-ID ишлатиладиган мобил иловага (масалан, Soliq иловаси) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) киритиш зарурати юзага келади. Бу эса миллионлаб фуқароларнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетишига, ўртамчи гуруҳлар бир мавсум пул эвазига сотиб олган паспорт маълумотларидан кейинги мавсумда ўша одамларнинг хабари бўлмай туриб ҳам фойдаланишига олиб келади.

Ягона портал орқали овоз беришни ташкил қилиш ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин: биринчидан, овоз бериш қийинлашиб кетади; иккинчидан, шахсий маълумотларнинг тарқалиб кетиши хавфи юзага келади.

Демак, овоз берувчиларни идентификация қилишнинг ҳозирги шакли (телефон рақам орқали) ҳам, ЖШШИРни тақозо қиладиган муқобил вариант ҳам талабга жавоб бермас экан, у ҳолда, фикримизча, IMEI воситасини кўриб чиқиш керак.

Бунда ҳозирги “хоҳлаганча сим-карта = хоҳлаганча овоз” деган формула “битта мобил қурилма = максимум иккита овоз” шаклига ўтади (кўплаб смартфонлар иккита сим-картали). Мобил қурилмалар эса сим-картачалик арзон турмайди, натижада минглаб фиктив сим-карталар сотиб олиш билан манипуляция қилиб бўлмай қолади.

Шу билан бирга, бу тизимда ҳам кўча-кўйда овоз сотиб олиш ҳолатлари давом этаверади, лекин қуйидагиларни инобатга олиш керак:

  • Овоз сотиб олувчиларнинг имкониятлари борган сари чекланиб бораверади: ўзининг маҳалласи туриб, билмаган ҳолда бировга овоз бериб қўйганлар кейинги сафар арзимаган пул эвазига бундай қилмайди, яъни мавсумдан мавсумга ўтиб борган сари ўз овозини сотадиганлар камаяверади.
  • Шу баҳона анча вақтлардан бери танқид қилиб келинадиган IMEI тизими ҳам тартибга солинади: овоз беришни ташкил қилиш учун тегишли тизимлар интеграция қилинади ва бу шундай қилиниши керакки, одамлар ўзларининг номига нечта ва қанақа мобил қурилма қачон ва қайси рақам орқали рўйхатдан ўтказилганини онлайн кўриб тура олиши керак.
  • IMEI орқали овоз беришни тўлиқ SMS шаклида ҳам ташкил қилиш мумкин: бу ҳатто амалдаги тизимдан ҳам осонроқ (ҳозир интернет алоқаси бўлмаса, овоз бериб бўлмайди) – ҳар бир ташаббусга муайян ID-рақам бириктирилади ва одамлар бу рақамни маълум бир қисқа рақамга юбориш орқали овоз бериши мумкин бўлади. Face-ID каби бошқа муқобил вариантлардан кўра бу анча қулай.
  • Асосийси, сим-карталар эмас, мобил қурилмалар биринчи планга чиқишининг ўзиёқ катта ўзгариш ясайди: “бир киши битта овоз беради” деган тамойилни рўёбга чиқариш осонлашади, чунки бир нечта мобил қурилмаси бор фуқаролар сони бир нечта сим-картаси бор фуқаролар сонидан каррасига кам.

Қолаверса, Инвестиция дастурига киритилган объектлар рўйхатини ҳам шаффофлаштириш керак. «Опенбюджет»га киритилмаган маҳаллалар, мактаб-у боғчалар ва шифохоналар қачон капитал таъмирланишини, одамлар навбати қачон келишини бемалол кузатиб тура оладиган бўлиши зарур.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Мавзуга оид