Ўзбекистон | 17:33 / 02.04.2023
50581
3 дақиқада ўқилади

Видео: Тошкент шаҳрида ёмғир оқибатида сув тошқинлари юзага келди

Ноқулай об-ҳаво туфайли рейслар Самарқандга йўналтирилди, метро бекатларига сув кириб келди, айрим ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида 2 апрел куни, куннинг иккинчи ярмида кучли момақалдироқлар кузатилди ва айрим жойларда дўл аралаш кучли ёмғир ёғди.

Ижтимоий тармоқларда бу табиат ҳодисаси оқибатида йўлларда автомобиллар ҳаракати қийинлашгани, туннеллар ва метро бекатларига сув кириб кетгани акс этган видеолар тарқалди.

Видеоларда Тошкент метрополитенининг «Амир Темур хиёбони» бекатига ҳам сув тушаётганини ҳам кўриш мумкин.

Метрополитен матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабатида бунга махсус ирригация, яъни сув кетиш йўллари (ариқлар) тўлиб қолгани ва бунинг натижасида ёмғир сувлари бекатга туша бошлаганини келтирган.

«Бу ҳолат масъуллар томонидан бартараф этилган ва поездлар ҳаракатига ҳеч қандай тўсқинлик ҳосил қилмаган», — дейилади хабарда.

Шу куни «Уфа-Тошкент» ҳамда «Сочи-Тошкент» йўналишидаги самолётлар Тошкент халқаро аэропортида кучли чақмоқ ва жала ёғин кузатилгани боис Самарқанд аэропортига йўналтирилди.

Кучли шамол ва жала пойтахтнинг бир қисмида электр узилишларига сабаб бўлган.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Олмазор, Сергели ва Тошкент туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилаётгани, тармоқда юзага келган носозликлар бартараф этилаётгани ҳақида хабар берган. 

«Айни вақтда электр таъминоти корхоналарининг махсус бригадалари томонидан мазкур носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур носозликлар қисқа вақт ичида бартараф этилиб, ҳудудларнинг электр таъминоти қайта тикланади», дейилган хабарда.

Авариявий ҳолат туфайли Сергели туманининг айрим жойларида табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди.

«Сергели тумани «Зиёлилар» МФЙ, Янги ҳаёт кўчасидан ўтган d-100 мм.ли ўрта босим газ қувурини чақмоқ урганлиги туфайли d-100 мм.ли зулфун флянсда аланга чиқиб, ёнғин содир бўлган. Ҳозирда «Сергелитумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли «Зиёлилар» МФЙдаги жами 600 та уй хўжаликларида табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилди.

Таъмирлаш ишлари якунлангач, табиий газ таъминоти қайта тикланади», дейилади «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабарида.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, 3 апрел куни ҳам Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, дўл ёғиши мумкин.

Мавзуга оид