Жаҳон | 07:43 / 15.04.2023
4873
2 дақиқада ўқилади

Капитолийга ҳужум: ҳодиса иштирокчиси 7 йилга қамалди

Капитолийга ҳужумда қатнашган Патрик Маккой III етти йил-у олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, у полициячилардан бирининг пластик қалқонини тортиб олиб, иккинчисига нисбатан зўравонлик қўллаган.

Фото: AP

АҚШ округ судьяси Тревор Макфадден Капитолийга ҳужум қилган Патрик Маккой III'ни етти йил-у олти ойга озодликдан маҳрум қилди, сўнгра у икки йиллик назорат остида озодликка чиқарилади. Ҳукм 14 апрель, жума куни эълон қилинди.

Маккой офицерлардан бирининг пластик қалқонини юлиб олиб, ундан зобитни орқага суриш учун фойдаланган. AP эпизодни 2021 йил 6 январдаги ҳужумнинг энг зўравон ҳолатларидан бири деб атади. The Washington Post нашри тарқатган кадрларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бири оғриқдан қичқираётганини кўриш мумкин.

Федерал прокурорлар 15 йил-у 8 ойлик қамоқ жазосини тавсия қилди, бу Капитолий тепалигидаги тартибсизлик иши бўйича энг узун муддат бўлади.

«Сизнинг қилмишларингиз ўша қора кунда содир этилган энг даҳшатли жиноятлардан биридир», деди судья. Айбланувчининг ўзи ҳам ўзини «фуқародек эмас, балки ҳайвондек тутганини» тан олди.

2022 йил 22 декабрда АҚШ Вакиллар палатасининг махсус қўмитаси 1000 дан ортиқ гувоҳлар билан сўров, 10 та эшитув ўтказиб, миллионлаб варақли ҳужжатларни ўрганиб чиққанидан сўнг 814 бетдан иборат ҳисобот чиқарган ҳолда 18 ойлик терговни якунлади.

Мавзуга оид