Ўзбекистон | 10:00 / 28.04.2023
9979
2 дақиқада ўқилади

Май ойида Марказий Осиё ва Хитой раҳбарлари саммити ўтказилади

Келаси ой Хитойнинг Сиан шаҳрида давлат раҳбарларининг Марказий Осиё – Хитой саммити ташкил этилади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирларининг Сианда ўтган учрашувидан кейин эълон қилинди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

27 апрел куни Хитойнинг Сиан шаҳрида «Марказий Осиё – Хитой» шаклидаги ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Туркманистон вазир ўринбосари даражасида вакили иштирок этди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Вазирлар учрашувида 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида давлат раҳбарларининг «Марказий Осиё – Хитой» саммитини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун делегациялар раҳбарлари иштирокида пресс-брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз нутқида ушбу формат минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш учун муҳим платформа эканлигини таъкидлади. Ушбу минтақавий мулоқотнинг устувор йўналишларига савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар йўналишлар киради. Ишбилармон доиралар вакилларининг фаол иштирокида Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш имконини беришига ишонч билдирилди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Брифингда иштирокчи мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиб, вазирлар учрашуви якунлари бўйича ўз баёнотлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўз позицияларини билдирдилар.

Хитой Давлат кенгаши аъзоси ва ташқи ишлар вазири Син Ган ўз нутқи давомида Хитой Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. У томонлар бир-бирларининг миллий манфаатларини ҳурмат қилишларини ва ташқи кучларнинг ички ишларга аралашишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

Мавзуга оид