Жаҳон | 20:59 / 30.04.2023
41645
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Киев катта юришга тайёр эмас. Аммо бошқа танлов йўқ

Ўз навбатида, Путиннинг вариантлари ҳам чекланган.

Фото: Getty Images

Британиядаги Sunday Times нашри Россия бўйича эксперт ҳамда 20 дан ортиқ китоблар муаллифи бўлган профессор Марк Галеоттининг мақоласини эълон қилди. Унда қайд этилишича, Украина армияси ва сиёсатчиларнинг хоҳиш-истакларига қарамай, бўлажак юриш, катта эҳтимол билан сезиларли натижаларга олиб келмайди - аммо уни ортга суриш, жумладан, сиёсий сабабларга кўра тобора қийин бўлиб бормоқда.

Галеоттининг қайд этишича, украиналик ҳарбийлар билан ишлаган британиялик зобитлар ўз ҳамкасбларидаги қатъийлик ҳақида айтишган. Бошқа томондан, Америка разведкасининг сиздирилган маълумотларига кўра, Украина кичик ҳудудий ютуқлардан ташқари каттароқ нарсага эришиши даргумон.

«Украин ҳарбийлари ҳозирга қадар нафақат маҳорат ва қатъиятни, балки тасаввурдагиларни ҳам намоён этган», дея ёзади муаллиф Украина армиясининг биринчи босқичдаги мудофаа муваффақиятларини қайд этган ҳолда.

Украинлар, масалан, Харкив йўналишидаги юриш вақтида россияликларни оператив ва стратегик даражада донг қолдиришга муваффақ бўлишганди. Ўшанда Москванинг эътибори жанубга қаратилганида, улар рус қўшинлари сийрак жойлашган йўналишда зарба бериб, бир ой ичида 12 минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни қайтариб олганди.

Киевнинг муаммолари

Аммо, украинлар ғарбнинг янги ва таъмирдан чиққан 230 та танки ҳамда 1550 та зирҳли машиналарини тезда ўзлаштирган бўлса-да, уларда ҳамон исталган йирик юриш амалиёти учун керак бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими етарли эмас. Шунингдек, ғарбдаги экспертларнинг катта командирлар янги тизимларга ва уларни бошқарувчи аскарларга мослаша олишига ишончи комил эмас.

Украин ҳарбийлари бир неча ойдан буён ғарб танклари, хусусан, Британиянинг Challenger II танкларидан фойдаланишни ўрганмоқда. Фото: Getty Images

«Шунга қарамай, Киевда баҳор ёки ёзда йирик ҳужум бошлашдан бошқа реал танлов йўқ. Унинг раҳбарлари ўзларини борган сари тор доира ичида қолдирмоқда, - деб ҳисоблайди Галеотти. - Президент Зеленский Ғарбни моҳирлик билан бошқаради, аммо қўллаб-қувватловни сақлаб қолиш учун у Вашингтондаги инсайдерлар «инвестицияларнинг қайтиши» деб атайдиган нарсани кўрсатиши керак».

Зеленский ички сиёсатда ҳам мувозанатни сақлаши талаб этилади. Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов каби «қирғийлар» Москва билан музокаралар ҳақида эшитишни ҳам истамайди, ҳукуматдаги айримлар эса ҳозир бунинг айни вақти деб ҳисобламоқда.

Муаллифнинг ёзишича, Киевдаги ғарблик дипломатлардан бири Киевдаги «сюрреалистик тажриба»сини тасвирлаб берган - унинг суҳбатдошлари кечқурун «эҳтимолий музокаралар форматларини муҳокама қилган» бўлса, кейинги куни тонгда «Россия билан ҳеч қандай музокара бўлиши мумкин эмаслигини»ни жар солишган.

Ўқ-дорилар тақчиллиги

Ғарб мамлакатларининг ҳам ўз чекловлари мавжуд. Янги замонавий қурол тизимларини (F-16 қирувчилари ёки 300 км масофага учувчи ATACMS русумли оператив-тактик ракеталар) етказиб беришдаги сиёсий мураккабликлардан ташқари, ўқ-дорилар етишмовчилиги муаммоси ҳам мавжуд.

Ўқ-дори тақчиллиги – ҳал қилиш тез амалга ошмайдиган энг ўткир муаммолардан бири

Айни вақтда украинлар бир ой ичида сарфлаётган 155-миллиметрли снарядлар АҚШ бир йилда ишлаб чиқарадиганидан кўпроқ бўлмоқда, дея эслатади Галеотти. Ғарб янги ишлаб чиқариш қувватларига инвестиция киритмоқда, аммо бу вақт талаб этади.

«Ўқ-дориларни ҳаводан яратиб бўлмайди ва Париж ЕИнинг блокдан ташқаридан харидларини блокламоқда, - деб ҳисоблайди муаллиф. - Киев эса нима бўлишидан қатъи назар, қандайдир амбицияли мақсадни кўзлаган ҳолда - масалан, Мелитополга, озод этилиши Россия ва Қримни боғловчи йўлакни тўсиб қўядиган автомобил ва темирйўлларига ҳужум қилишга мажбур бўлади.

Москвадагилар эса бундай эҳтимолни ҳисобга олган ҳолда мудофаага тайёрланмоқда.

Украинанинг Буюк Британия мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқлаган ҳисоб-китобларига кўра, мудофаа позициясига ўтиш туфайли Россиянинг кунлик йўқотишлари қарийб учдан бир қисмига камайган. Сунъий йўлдошлар орқали олинган тасвирларда кўриш мумкинки, Украинанинг эҳтимолий юриши кутилаётган жанубдаги мудофаа линияларида окоплар ва истеҳкомлар кўпайгандан кўпаймоқда.

Киев бошқа жойда, масалан, Донецк йўналишида зарба бериши мумкинлигини истисно этиб бўлмайди, дея ёзади Галеотти, аммо бу фақат рамзий маънога эга бўлади: жанг янада оғир кечади, бундай юришдан амалий фойда эса янада камроқ.

Путиннинг вариантлари ҳам чекланган

Тўғри, Россияда ҳам муаммолар бор, дея қайд этади муаллиф. Хусусан, россияликларда ҳам ўқ-дорилар ва аниқ бошқариладиган ракеталар етишмайди.

«Бундан ташқари, Путин муваффақиятга эришмоқчи, аммо Россиянинг ҳужум амалиётлари қанчалик кўп бўлса, Россия қўшинлари шунчалик кўп йўқотишларга учрайди, натижада у яна қўшинлардаги камчиликларни қандай тўлдириш бўйича қийин танлов қаршисида қолади», дея ёзади Галеотти.

Йўқотишлар ўрнини қоплаш учун ёки сафарбарликнинг янги тўлқинини эълон қилиш ёки муддатли чақириқ асосида армияга жалб этилганларни фронтга юборишга тўғри келади. Икки вариант ҳам жамоатчилик томонидан яхши кутиб олинмайди ва Путин, айниқса сентябрда бўладиган регионал сайловлар арафасида бундай қарорларни қабул қилишга шошилмоқда.

«Шу тариқа, Зеленский назоратида бўлмаган кучлар Киевни ҳужумга ўтишга ундаётган бир пайтда, Москва истар-истамай мудофаага тайёрланмоқда, бунда фақат Украинанинг қаршилик кўрсатиш иродаси ва Ғарбнинг молиявий ёрдам кўрсатишга тайёрлиги сусайишига умид қилинмоқда, - дея ёзади Галеотти. - Бу амалда Путин қабул қилиши мумкин бўлган ягона стратегия.

Хитой ҳар қандай ҳолатда ҳам ютуқда

Муаллиф Россия ТИВнинг жанговар баёнотларига қарамай, Россиянинг халқаро майдондаги роли пасайиб бораётганига ҳам эътибор қаратган.

Москва НАТОга қарши тўғридан тўғри провокациялардан қочди, масалан, Ғарб қуролларининг Украинага келиш йўлларига зарбалар бермади. Россия ҳаво кампаниясининг авж нуқтасида ҳам Украинанинг ғарбий чегараларига яқин училмади - қўққисдан НАТО ҳаво кенгликларига кириб қолмаслик учун.

Си Жинпингнинг Москвага ташрифи катта хурсандчилик билан қарши олинди, аммо Пекин ҳамон Россияга моддий ёрдам кўрсатмаяпти

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чоршанба куни БМТдаги матбуот анжуманида НАТО «Россияни парчалашга» уринаётганини, лекин бу амалда уни жаҳон саҳнасида кучлироқ қилишини айтди. Аммо бу ерда барчаси оддий эмас.

«Бир пайтлар Москва иккинчи даражали державалар деб ҳисоблаган мамлакатлар ҳам энди Россия сиёсатининг айрим жиҳатларига вето қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда ўз ёрдами учун юқори нарх талаб қилиш имкониятига эга», деб эслатади Галеотти Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган ва Москва авваллари ўзиники деб ҳисоблаган ҳудудларда фаолроқ ишлаётган Туркия ва Эронни мисол келтириб.

«Уруш қанча узоқ давом этса ва Россия иқтисодиётига қанча кўп зарар етказилса, Хитой шунчалик кучаяди, дея қайд этади муаллиф. - Сининг март ойида Россияга ташрифидан кейинги севинчли коммюникеларга (баённомалар) қарамай, Пекиндан ҳамон Путин хоҳлаётган қурол, ўқ-дори ёки сўзсиз сиёсий қўллов берилмаяпти».

Бунинг ўрнига Си очиқчасига Москвага ядровий таҳдидларни юмшатиш учун босим ўтказди ва яқинда босқин бошланганидан буён илк бор Зеленский билан бир соат давомида телефон орқали мулоқот қилди.

«Икки томон ҳам сезиларли тактик эркинликка эга бўлса-да, улар стратегик жиҳатдан чекланган, - дея хулоса қилади муаллиф. - Украина йирик ҳужум амалга ошириши керак; Россия уларни ғалабадан маҳрум этишга уриниши керак».

Мавзуга оид