Россия тарғиботи россияликларни Украина қарши ҳужумига тайёрламоқда
Кремль мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш учун эҳтимолий мағлубиятни худди ғалабадек, эҳтимолий ғалабани эса бўрттириб кўрсатмоқчи.
Meduza нашри россиялик тарғиботчилар учун Владимир Путин маъмурияти томонидан тайёрланган янги қўлланмани қўлга киритди. Унда давлат ва ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларига Украинанинг яқинлашиб келаётган қарши ҳужумини қандай ёритиш кераклиги айтилади.
Кремль тарғиботчилардан «Украинанинг НАТО кўмагида эълон қилинган қарши ҳужумини паст баҳоламаслик» ва «Киев гўёки қарши ҳужумга тайёр эмас» демасликни сўрамоқда. Ҳукуматпараст ОАВ, аксинча, Ғарб давлатлари Киевни қурол-яроғ билан таъминлаб, Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганига эътибор қаратиши керак.
Президент маъмуриятига яқин бўлган манба яқинлашиб келаётган қарши ҳужумни ёритиш учун оддий тушунчалар борлигини айтган.
Агар қарши ҳужум муваффақиятсиз бўлса, Россия армияси куч жиҳатидан устун бўлган ҳужумни моҳирлик билан қайтарди. Бу ғалабанинг нархи жуда баланд, дейиш мумкин.
Агар Украина АҚШ ва Европа қуроллари ёрдамида қандайдир муваффақиятларга эришса ва ҳудудларни эгаллаб олса, уларнинг йўқотилиши сабаблари ҳам маълум: Ғарб фронтда катта саъй-ҳаракатларни жамлаган, аммо унинг муваффақиятлари ушбу саъй-ҳаракатлар билан солиштирганда жуда камтарин. Яъни, умуман олганда, рус армияси ҳам вазифани эплади.
Худди шу қўлланмада Кремль тарғиботчиларга Россия бюджетидан босиб олинган ва аннексия қилинган Украина ҳудудларида инфратузилмани тиклаш учун сарфланадиган «маблағлар миқдори тўғрисида маълумот бермасликни тавсия қилади». Россия бунга қанча пул сарфлаши аниқ маълум эмас - эҳтимол бу миқдор бир триллион рублдан ошади. 2023 йилнинг биринчи чорагида бюджет тақчиллиги 2,4 триллион рублни ташкил этган.
Бунинг ўрнига, тарғиботчилар Россияда мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналардаги таъмирлаш каби муаммолар қандай «ҳал қилинаётгани» ҳақида гапириши керак. Қўлланмага кўра, Кремль бундай ҳикоялар «жамоатчилик томонидан маъқулланишига» ишонади.
Шунингдек, аннексия қилинган ҳудудларга сарфланаётган маблағлар миқдорини ҳам ошкор қилмаслик тавсия этилади. Россиялик бу пуллар биздан олинган деб эътироз билдириши мумкин. Бюджетдан қанча олинганини аниқ миқдорларда кўрсатмаслик яхшироқ. Бу Қрим билан аллақачон содир бўлган, деган манбалардан бири.
Унинг сўзларини 2017 йилда Левада маркази томонидан ўтказилган Россия ички сўрови маълумотлари тасдиқлайди. Ўша пайтда респондентларнинг муҳим қисми (41%) Қримга бюджет инвестициялари «таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фанга сарфланадиган харажатларни камайтириш, иш ҳақи ва пенсияларни индексация қилиш орқали» амалга оширилганини таъкидлаган.
Шу тарзда жавоб берганларнинг ярмидан кўпи (55%) расмийлар Қримни Россия ҳудудларида ижтимоий харажатларни қисқартириш орқали молиялаштириб, нотўғри иш қиляпти, деб ҳисоблашган. Бундан ташқари, ўша йилги сўровларига кўра, россияликларнинг 84 фоизи Қрим учун қўшимча молиялаштиришга қарши эди.
Тарғибот учун яна бир «номақбул мавзу» кутилмаганда 9 май паради репетициялари бўлиб чиқди. Россиянинг бир нечта минтақаларида «хавфсизлик нуқтаи назаридан» аллақачон байрамдан бутунлай воз кечишга қарор қилишган. Бундан ташқари, Москва ва бошқа шаҳарларда «Ўлмас полк» анъанавий юриши ўтказилмайди. Кремлга яқин манба нашрга бу қарор сабабини изоҳлашдан бош тортди.
Катта эҳтимол билан бу 2023 йилги парадда олдингисига қараганда камроқ техника иштирок этиши, уларнинг кўпчилиги эскирган бўлиши билан боғлиқ.
Meduza бундай далиллар ҳақиқатга мос келадими ёки йўқлигини билмайди, аммо Кремль ўзининг ўқув қўлланмасида тарғиботчиларга 9 майга тайёргарлик мавзусини «бўрттириб юбормасликни» тавсия қилади.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024