Зеленский: «Биз Путинга ҳужум қилганимиз йўқ, буни халқаро трибуналга қолдирамиз»
У Путиннинг Москвадаги қароргоҳига Украина дронлари билан ҳужум қилингани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.
Украина президенти Володимир Зеленский Москвада юз берган воқеалар бўйича ўз фикрларини айтди.
Кремль матбуот хизмати 3 майга ўтар кечаси украиналикларнинг иккита дрони Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берган эди.
Зеленский бу айбловларни рад қилди.
«Биз на Путинга, на Москвага ҳужум қилмаяпмиз, биз ўз ҳудудимизда жанг қиляпмиз, қишлоқ ва шаҳарларимизни ҳимоя қилмоқдамиз. Бунинг учун қуролимиз ҳам етарли эмас... Шунинг учун биз Путинга ҳужум қилганимиз йўқ, буни (халқаро) трибуналга қолдирамиз», деди Украина президенти Ҳелсинкида Шимолий мамлакатлар раҳбарлари билан қўшма брифингда.
«Биз ўз ватанимиз учун ва фақат ўз заминимизда курашмоқдамиз. Россияда Россия фуқаролари билан нима содир бўлаётгани бизни қизиқтирмайди. Бизни босқин ва Россия тажовузи остида қолган Украинада нима содир бўлаётгани қизиқтиради», деди у.
Шу билан бирга, Зеленский бутун дунёга мурожаати, Россияни Украина суверен ҳудудидан сиқиб чиқариш учун бирлашишга чақириғи борлигини айтди.
«Уруш фақат Россия агрессияси тўхтатилиши билан якунланиши мумкин», деди Украина президенти.
Финляндия, Швеция, Норвегия, Дания ва Исландия раҳбарлари Украинанинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва зарур бўлган вақтгача Киевга сиёсий, молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади, деди Финляндия, Швеция, Норвегия, Дания ва Исландия раҳбарларининг қўшма баёнотида.
Зеленский Украина НАТО аъзоси бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Украина НАТОнинг 33-аъзосига айланади. Биз тажовуз даврида Украина альянсга қўшила олмаслигини тушунамиз, аммо НАТОга кириш жараёни бўйича сиёсий қарор қабул қилишимизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаяпти», деди у.
Шунингдек, Украина президенти Скандинавия мамлакатларига Киевни Россия ҳарбий агрессиясини қайтариш учун зарур бўлган зирҳли техника ва ўқ-дорилар билан зудлик билан таъминлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Зеленский таъкидлаганидек, яқин келажакда Украина армиясининг қарши ҳужуми кутилмоқда.
Ушбу саммит орқали Россия ва Путинга қандай хабар юбормоқчи эканлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Зеленский Россияга «ҳеч қандай хабар» юбормоқчи эмаслигини айтди.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024