Жаҳон | 13:42 / 06.05.2023
11775
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Капитолийга ҳужум иши бўйича энг қаттиқ ҳукм чиқарилди

Трамп тарафдорлари томонидан АҚШ Конгресси биносига бостириб кириш вақтида оломонни бошқарган ва полициячига ҳужум қилган Пенсилвания штатида яшовчи эркак 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фото: AP

Вашингтондаги суд 5 май, жума куни Пенсилвания штатида яшовчи, 2021 йил январида Капитолий тепалигидаги тартибсизликлар ва АҚШ Конгресси биносига бостириб киришда иштирок этган 49 ёшли фуқарони 14 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бугунги кунга келиб, бу иш бўйича эълон қилинган энг оғир ҳукмдир.

АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирган куни айбланувчи оломонни бошлаб, полициячини стул билан урган. Бундан ташқари, у аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ўғирлаб кетган кўздан ёш оқизувчи газни полициячининг юзига сепган. 2022 йил декабрь ойида эркак хавфли қурол билан ҳужум қилиш, шунингдек, хавфсизлик хизмати ишига аралашиб, кириш тақиқланган бинога хавфли қурол билан кириб, у ерда зўравонлик содир этганликда айбдор деб топилди.

2021 йилнинг 6 январида Доналд Трамп тарафдорлари конгрессменларнинг 2020 йил ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида демократ Жо Байден ғалабасини расман тасдиқлашига тўсқинлик қилиш мақсадида Конгресс биносига бостириб киришди. Ушбу воқеалар натижасида 950 кишига нисбатан айблов эълон қилинди. 600 га яқин суд қарори аллақачон чиқарилган.

Мавзуга оид