Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди
У таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг турмуш ўртоғи эди.
Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 14 май куни 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.
«Ойдин Ҳожиеванинг деярли барча тўпламларида покиза ва меҳрибон, кечиримли ва садоқатли она туйғулари, вафодор ёр, дидли, фаросатли ва нозиктаъб шоира қалби жўш уриб туради. Айни чоғда дунё воқеаларига ҳамдардлик, инсонлар мушкулини енгиллатиш учун кураш, ўз она халқи, она тупроғи, маданий меросига меҳр туйғуси балқиб туради», дейилади уюшма ахборотида.
Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Бўстон қишлоғида туғилган. 1966 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини тамомлаган. У 1965−1976 йилларда «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1976−1985 йиллар «Саодат» журналида бўлим мудири, 1985−1995 йилларда «Гулхан», 1995 йилдан эса «Саодат» журнали муҳаррири лавозимида ишлаган.
Ойдин Ҳожиева ижоди 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган. Унинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда «Шабнам» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг 20 га яқин ортиқ шеърий китоблари нашр қилинган. Хусусан, 1972 йил «Мен севган қўшиқ», «Зар кокил қиз ва қуёш», 1975 йил «Манзиллар», 1977 йил «Наво», 1978 йил «Тароват», 1979 йил «Бувисининг ўз қизи», 1980 йил «Достонлар», «Тамал тоши», 1989 йил «Сайланма», 1991 йил «Нажот», «Олисдан келган овоз», 1996 йил «Кўзимнинг оқу қароси» ва бошқа кўплаб шеърий тўпламлари нашр қилинган.
Ойдин Ҳожиева таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мцкевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнецвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова ва бошқа кўплаб жаҳон ҳамда қардош халқлар адабиёт вакилларининг ижод намуналарини ўзбекчага ўгирган. Ўзининг шеърлари рус, украин, қозоқ, қирғиз, тожик, беларус, француз, инглиз ва урду тилларида нашр этилган.
Шоира 1975 йилда Ёшлар иттифоқи мукофоти совриндори бўлган. 1992 йил Ўзбекистон халқ шоири унвони, 1999 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
Ойдин Ҳожиева таниқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан турмуш қурган.
Мавзуга оид
12:08 / 30.08.2021
«Мен Шавкат Мирзиёевни президентлик лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб чиққани учун ҳурмат қиламан» — Иброҳим Ғафуров
11:19 / 30.08.2021
«Бу инсоннинг бутун умри меҳнатда ўтди» – президент адабиётшунос Иброҳим Ғафуров ҳақида
21:16 / 24.08.2021
Тўрт кишига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди
21:50 / 27.12.2017