Тўртинчи қаватдан қулаган қизалоқни тутиб қолган йигитлар қаҳрамонга айланди
Самарқанд шаҳрида тўрт нафар мактаб битирувчиси кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидан тушиб кетган қизалоқни қутқариб қолди.
Kun.uz мухбири воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Маълум бўлишича, ҳолат 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида содир бўлган.
Қаҳрамон йигитлар – Шоҳрух Бобораҳимов, Мурод Сайдалимов, Жасур Эшназаров ҳамда Озод Ўткиров. Улар Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактабининг 11-синф битирувчилари эканини маълум қилишди.
“Қизалоқ тушиб кетган кўп қаватли уйда ўртоғимиз ҳам яшайди. Ўша куни мактабда имтиҳонларни топшириб, уй яқинида дўстимизни кутиб тургандик. Тасодифан юқорида осилиб турган қизчага кўзимиз тушди. Бир синфдошимиз қизалоқнинг яқинларига хабар бериш учун югурди. Биз, уч киши бўлиб қизчани тутиб олишга интилдик. Пастдан туриб қизчага бироз сабр қил, қўйиб юборма, деб бақирдик. У бизни эшитди, лекин кучи етмай пастга қулади. Пастки қаватдаги тунукага урилиб, ҳавода икки метрча узоқлаб кетди. Ўзимни орқага олиб қўлимни тутдим, дўстларим ҳам тезда ёрдамга ошиқишди. Худога шукур, қизча қўлимизга тушди ва омон қолди”, – деди Шоҳрух Бобораҳимов.
Маълум бўлишича, қизча деразага ўрнатилган темир тўсиқ орасида маълум муддат боши билан осилиб қолган. Ўша жараёнда унинг бош қисми бироз жароҳат олган. Йигитлар уни тутиб олгач, тезлик билан унга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага олиб кетилган.
Қизнинг онаси Шаҳло Шодиёрова ўша куни фарзандларини кўчага айлантиришни режалаштириб турган. Кичик ўғли эҳтиётсизлик сабаб уй эшигини ичкаридан ёпиб қўйган. Натижада она ташқарида қолиб, ташқаридан эшикни очиш учун ҳаракат қилган. Бироқ ичкарида қолган кичик қизи қўрқув сабаб дераза токчасига чиққан. Ўша ердан пастга қараб ёрдам чақирмоқчи бўлган ва ўзи темир панжара орасидан тушиб кетган.
Шодиёрова бир неча кун давомида руҳий азобланганини маълум қилди. Йигитларнинг ўша куни шу ерда бўлишини мўъжиза, деб ҳисоблашини билдирди.
Қизалоқнинг онаси йигитларга миннатдорчилик билдираркан, ушбу ҳолатни Аллоҳнинг мўъжизаси, деб атади.
Қаҳрамон йигитларнинг тезкор хатти-ҳаракати, кўрсатган жасорати ижтимоий тармоқ кузатувчиларида илиқ таассурот уйғотди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарлари битирувчи йигитлар таҳсил олган Самарқанд шаҳридаги 80-умумтаълим мактабида бўлиб, уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди. Ёшларга кўрсатган жасорати учун рағбат берилди.
Йигитларнинг олий ўқув юртига тайёрлов курслари учун сарфланадиган маблағ Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, улар келгуси ўқишларида ҳам моддий-маънавий қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов бу ёшлар эндигина мактабни битирган бўлишига қарамай, дадил ҳаракат қилгани, ёш авлод ичида жасур йигит-қизлар борлигини эътироф этаркан, улар бошқа тенгдошларига ўрнак сифатида кўрсатилишини билдирди.
Фалокатдан омон қолган қизалоқнинг ҳолати ҳозирги вақтда яхши ва у ота-онасининг бағрида.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
13:24 / 28.11.2024
“Самарқандни одамлар шаҳрига айлантиришимиз керак, ҳозир машина-шаҳарга айланган” — Турдимов
21:39 / 27.11.2024
Самарқандда трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин
11:25 / 29.09.2024
Самарқандда бешта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
11:14 / 24.09.2024