Жаҳон | 18:49 / 11.07.2023
27860
5 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина тактикани ўзгартирди

Ҳозирча фронт чизиғи ўзгаришсиз қолмоқда, Украина қуролли кучлари Россия армиясининг фронт ортига зарба йўллашга эътибор қаратмоқда.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 4 июл куни Украина қуролли кучлари қарши ҳужумнинг ҳозирги босқичида рақибнинг жонли кучи ва техникаларини йўқ қилишга урғу қаратгани, ҳудудлар озод этилиши эса РФ қуролли кучлари ҳолдан тойиши ортидан рўй беришини айтганди. Кўпчилик буни қарши ҳужум «стратегияси ўзгариши» сифатида қабул қилди, бошқа украин сиёсатчилари амалиёт олдиндан шундай ўйланганини таъкидламоқда.

Аммо агар стратегия ўзгармаган бўлса ҳам, Украина қуролли кучлари тактикаси ўзгартирилгани кўриниб турибди: июн ойи бошида украин армияси Россия мудофаа линиясини зирҳли танк бўлинмалари билан ёриб ўтишга уринаётганди, ойнинг иккинчи ярмидан эса Россиянинг фронт орти ҳудудларига зарбалар беришга ҳамда РФ қуролли кучларининг мустаҳкамланган пунктларини артиллерия томонидан қўллаб-қувватланаётган пиёдалар отрядлари билан штурм қилишга эътибор қаратилмоқда. Сўнгги кунларнинг ўзида Россиянинг фронт чизиғига энг яқин жойлашган ўқ-дори омборхоналари, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш тизимларига зарбалар берилгани акс этган юздан ошиқ видеолар намойиш этилди.

РФ қуролли кучлари ҳам шундай жавоб бермоқда: украинларнинг фронт ортига зарбалар июн ойи бошидан буён давом этмоқда. Энди бунга Россия қисмларининг ҳам фронтнинг турли участкаларида амалга ошираётган кичик ҳужумлари қўшилган — бундан мақсад украин захиралари мамлакат жанубидаги ва Бахмут атрофидаги асосий зарба йўналишларига юборилишининг олдини олиш ҳисобланади.

Бахмут

  • Ҳозирда ҳар икки томоннинг ҳам Бахмут фронтидаги қанотларда жамланган кучлари сон жиҳатдан мамлакат жанубида жанг қилаётган тузилмалардан кўпроқ. Украина қуролли кучлари бу ерда май ойидан буён россияликларнинг позицияларига ҳужум қилмоқда, аммо фақат июл ойи бошига келиб Бахмутдан жанубда Россия мудофаасининг муҳим нуқтасига етиб келди. Гап Клешчиевка қишлоғидан ғарбдаги тепаликлар ҳақида бормқода, бу ерда Украина қуролли кучлари Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар катта истеҳкомлар барпо этганди. 2022 йил декабрида бу позициялар «Вагнер» ХҲК кучлари томонидан эгалланди, бу эса Бахмутнинг жанубий ҳудудлари тезда қулашига олиб келди. Энди украин кучлари бу позицияларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда. 9 июл куни Украина қуролли кучлари ушбу мустаҳкамланган ҳудуд яқинида ҳужумга ўтгани акс этган видео пайдо бўлганди; унинг натижаси ҳозирча номаълум.
  • Клешчиевка ва унинг атрофидаги тепаликлар озод қилинса, Украина қуролли кучлари Бахмутни жанубдан ўраб олишга ва РФ қуролли кучларининг Бахмутдаги гуруҳи таъминоти амалга ошириладиган Ҳорливка ва Попаснаяга олиб борувчи йўлни тўсиб қўйишга муваффақ бўлади.
  • Бахмут фронтининг шимолий қанотида Украина ҚК шаҳарнинг шимоли-ғарбий чеккаларидаги Берховка қишлоғи ва Яҳидне посёлкасига яна ҳужум қилмоқда. Аммо ҳозирча жиддий ютуқларга эришилмаган.

Орихив йўналиши

Жанубий фронт марказида Украина қуролли кучлари Орихив шаҳри томондан муҳим йўллар кесишмасига ва РФ қуролли кучларининг Токмакдаги фронт орти базасига етиб келишга уринмоқда. Бу йўналишда биринчи нишон Россия армиясининг биринчи мудофаа линияси ўтган Работине посёлкаси бўлиб қолмоқда.

Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари ушбу посёлкага яқинлашиб келишган. Украин пиёдалари Орихив — Токмак йўли бўйидаги биринчи қатор хандақларини штурм қилиб эгаллашган, аммо ҳозирча РФ қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлишмаган.

Бошқа йўналишлар

РФ қуролли кучлари иккита юришни ташкиллаштирган (катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари захираларини банд қилиш мақсадида). Россиянинг йирик кучлари Авдийивкадан шимолда ҳужумга ўтган, бу ерда Россия армияси бунгача шаҳар ва унинг атрофидаги украинларнинг йирик истеҳкомларини қуршовга олиш учун амалга оширган кўп уринишлари самарасиз якунланганди. Жанглар кимё заводи атрофида — Украина қуролли кучлари назорат қилаётган техноген тепаликларни эгаллаш учун кечмоқда. Катта эҳтимол билан, бу РФ қуролли кучларининг Бахмут эгалланганидан кейин энг йирик (жалб этилган кучлар миқдори жиҳатидан) юриши бўлмоқда. Ҳужум натижалари ҳозирча аниқ эмас.

РФ қуролли кучларининг яна бир ҳужуми — кўлами жиҳатдан Авдийивкадагидан кичикроқ — Сватове йўналишида олиб борилмоқда, бу ерда Россия кучлари Украина қуролли кучлари қишда озод этган Новоселовское қишлоғи ва Куземовка темирйўл станциясини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча Россия қўшини бу участкада қайсидир ҳудудни эгаллашга муваффақ бўлгани ҳақида маълум эмас.

Мавзуга оид