Жаҳон | 10:13 / 11.07.2023
7002
2 дақиқада ўқилади

Кулеба: Киевнинг НАТОга йўлини қисқартириш бўйича консенсус мавжуд

«Кўплаб музокаралардан сўнг НАТО иттифоқчилари аъзоликка тайёргарлик бўйича ҳаракатлар режасини Украинанинг аъзолик йўлидан олиб ташлаш юзасидан консенсусга эришди», деб ёзди Украина ТИВ раҳбари.

Фото: EPA-EFE

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг 10 июль, душанба куни маълум қилишича, НАТОга аъзолик бўйича ҳаракатлар режасини Украина Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш йўлида бажариши керак бўлган чоралардан чиқариб ташлаш бўйича келишувга эришилди.

«Кўплаб музокаралардан сўнг НАТО иттифоқчилари аъзоликка тайёргарлик бўйича ҳаракатлар режасини Украинанинг аъзолик йўлидан олиб ташлаш бўйича консенсусга эришди», — деб ёзди Кулеба Twitter’да. 

«Бизнинг НАТОга йўлимизни қисқартирувчи узоқ кутилган қарорни олқишлайман», — деди у. «Бу Украинани альянсга аъзо бўлиш таклифига ойдинлик киритиш учун ҳам энг яхши ҳолат», — дея қўшимча қилди украиналик вазир. 

НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси очиқ эшиклар сиёсатининг амалий ифодаси бўлиб, беш йўналишда – сиёсий ва иқтисодий соҳалар, мудофаа, ресурслар, хавфсизлик ва қонунчилик бўйича аниқ қадамларни ўз ичига олади. 

НАТО Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига ҳозирча изоҳ бермади. 

Украина альянс аъзоси бўлмаган ҳолда, 2020 йил июнь ойидан бери НАТО билан ҳамкорликнинг алоҳида мақомига эга - кенгайтирилган имкониятларга эга ҳамкор. 

Украина президенти Володимир Зеленский Украинанинг 2022 йил 30 сентябрда тезлаштирилган режимда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериш қарорини эълон қилди. 

Вилнюсдаги иттифоқ саммити 11-12 июль кунлари бўлиб ўтади. 

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден альянсга интеграциялашув жараёни давом этаётган бир пайтда Вашингтон Киевга ёрдам бериши мумкинлигини айтган эди. «Қўшма Штатлар Исроилга берган ёрдам каби... хавфсизликни таъминлашга тайёр бўлади», деб тушунтирди Америка раҳбари CNN телеканалига интервьюсида. 

Мавзуга оид