Ўзбекистон | 18:21 / 11.07.2023
25620
2 дақиқада ўқилади

«Сувтаъминот» раҳбари ва яна икки вазир ўринбосари ишдан олинди

Истеъфоларга инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйилгани сабаб бўлди.

Фото: Kun.uz

«Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камалов ва транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов  лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ушбу амалдорлар «инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйгани» келтирилган.

Шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси раиси И.Ҳайдаров, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Б.Жўраев, «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси С.Аннакличевга ҳайфсан эълон қилинди.

Маълумот учун, Соҳиб Саифназаров 2001 йилдан иқтисодиёт вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, 2012-2017 йилларда «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ДАК директори бўлган, 2017 йил Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган, 2017-2019 йилларда ташқи савдо вазири ўринбосари, 2019 йилда иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритган, 2019 йилдан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзсувсаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаётганди.

Бахтиёр Камалов 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 2000 йилда Тошкент давлат аграр университетини бакалавр, 2002 йилда магистратура босқичини, 2009 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган.

У 2008 йилдан буён Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида ишлаган, 2023 йил январида вазир ўринбосари лавозимида иш бошлаганди.

Абдусамад Мўминов 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1997 йилда Тошкент темирйўл транспорти муҳандислари институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини «Ўзбекистон темирйўллари»да бошлаган. Президент администрацияси транспорт салоҳияти, божхона маъмуриятчилиги ва логистикани ривожлантириш шуъбаси мудири лавозимида ишлаган.

2021 йил мартида транспорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид