Жаҳон | 11:42 / 01.08.2023
22810
3 дақиқада ўқилади

Москвага яна дронлар ҳужум қилди

Яна Москва-Ситидаги осмонўпар бинолардан бирига дрон урилди.

Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA

1 августга ўтар кечаси бир неча дрон Москвага учиб киришга ҳаракат қилган, аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин хабар қилди.

Дронлардан бири 30 июлга ўтар кечаси ҳам ҳужумга учраган Москва-Ситидаги бинолардан бирига келиб урилган. Натижада бинонинг 21-қавати ҳудудида фасадга шикаст етган, 150 квадрат метр майдондаги хоналар деразалари тўкилган. Жабрланганлар йўқ.

РФ мудофаа вазирлиги  «Киев режими томонидан учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида Москва шаҳри ва Москва областидаги объектларга қарши террорчилик ҳужуми амалга оширишга уриниш»нинг олди олинганини эълон қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳужумда украинларнинг учта дрони иштирок этган. Улардан иккиси Москва ташқарисида Одинцово ва Нарофоминский районларида уриб туширилган. Учинчиси радиоэлектрон кураш воситалари орқали йўлдан оғдирилган ва у бошқарувни йўқотиб, «Москва-Ситидаги нотурар жой бинолар ҳудудида қулаган».

ТАСС маълумотига кўра, дрон Рақамли тараққиёт вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ҳамда Саноат ва савдо вазирлиги офислари жойлашган «IQ-квартал» осмонўпар биносига урилган. Astra нашри аниқлик киритишича, ҳужумга учраган 21-қаватда РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги жойлашган.

Москва-Сити осмонўпар биносига урилган дрон қолдиқлари топилган ва экспертиза учун юборилган.

Москвага дронлар ҳужуми туфайли Внуково аэропорти фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Икки кун олдин, 30 июлга ўтар кечаси ҳам Москва-Сити ҳудудидаги осмонўпар бинолар дронлар ҳужумига йўлиққанди. Ўшанда икки дрон ҳукумат офислари жойлашган осмонўпар бинолар фасадларига зарар етказганди. Бинолардан бирида қўриқчи жароҳат олган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён Москва бир неча бор дронлар ҳужумига йўлиққан. 2023 йил 3 май кунига ўтар кечаси икки дрон Кремл ҳудудидаги Сенат саройига етиб бориб, улардан бири гумбазга урилган. РФ ҳукумати ҳодисани «теракт» ва президент Владимир Путинга суиқасд деб атаган (ҳужум вақтида у бошқа қароргоҳда бўлган).

30 май тонгида учта дрон пойтахт марказидаги Нова Москва турар жой биноларига зарба берди. 21 июн куни учта дрон Нова Москва ва Наро-Фоминск шаҳар округи ҳудудларида уриб туширилганди. 4 июл куни бир неча дрон Москвага кириш вақтида тўхтатилади.

24 июлга ўтар кечаси икки дрон аҳоли яшамайдиган биноларга зарба беради. Улардан бири Лихачев проспектидаги янги қурилаётган бизнес марказга, бошқаси Комсомолский проспектидаги РФ мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг бўшаб ётган биносига урилган. 28 июл куни Троицкий маъмурий округида битта дрон уриб туширилган.

Мавзуга оид