Жаҳон | 20:40 / 04.08.2023
20700
5 дақиқада ўқилади

Навалний 19 йилга қамалди

Россия мухолифати етакчиси, икки йилдан буён қамоқда бўлиб турган Алексей Навалнийга қарши навбатдаги суд мажлиси якунланди. Сиёсатчи гўёки экстремистик фаолият билан шуғуллангани учун 19 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

Евгений Фельдман / «Медуза»

Бу иш доирасида Навалний билан бирга унинг собиқ ходими Даниэл Холодний ҳам судланган. Унга ҳам қамоқ жазоси тайинланган ва жазо умумий тартибдаги қамоқхонада ўталиши эълон қилинган. Аммо суд залига журналистлар киритилмагани, онлайн узатилган видеода эса сифат жуда ёмон бўлгани сабаб Холоднийга қанча муддат жазо тайинлангани тушунарсиз бўлиб қолган. Прокурор унга 10 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди.

19 йил – Навалний унга қарши эълон қилинган барча айбловлар бўйича ўташи керак бўлган умумий муддат. Аввалроқ сиёсатчи фирибгарлик ва судга ҳурматсизликда айбланиб 9 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Навалний устидан бу галги маҳкама ҳам у жазони ўтаётган Владимир областидаги 6-рақамли колонияда ўтказилган ва доимгидек судда ОАВ вакиллари иштироки таъминланмаган.

Навалнийнинг сафдоши Иван Ждановнинг айтишича, унга қарши Россия жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилинган:

* «Экстремистик жамият» тузиш. Ждановнинг айтишича, гап Коррупцияга қарши кураш фонди ҳақида кетмоқда.

* Оммавий тарзда экстремизмга даъват қилиш. Бунга сабаб сифатида Коррупцияга қарши курашиш фондининг собиқ тасвирчиси Павел Зеленскийнинг постлари ва Уфадаги митинг иштирокчилардан бирининг чиқиши келтирилган.

* Нацизм реабилитацияси. Навалний жамоасининг маълум қилишича, унга қарши бундай модда билан сиёсатчига 2017 йилда ҳужум амалга оширилган вақтда очилган. Ўшанда унга зеленка сепишганди. Ўша воқеадан кейин Навалнийнинг Волгограддаги штаби Россиядаги «Она ватан» монументининг кўзи зеленка билан бўяб қўйилган коллаж эълон қилади. Катта эҳтимол билан, тергов бу ишда Навалнийнинг алоқаси бор деб ҳисоблаган.

* Вояга етмаганларни ҳаёти учун хавфли ишга жалб қилиш. Бунга сабаб сифатида Навалний ўтказган митингларда вояга етмаган фуқаролар қатнашгани келтирилган.

* Инсон ҳуқуқларига дахл қилувчи нотижорий ташкилот тузиш.

* Молиявий экстремизм. Бунга сабаб сифатида Навалний ташкил этган фондга қилинган хайриялар келтирилган.

Даниэл Холодний эса экстремистик фаолият билан шуғулланиш ва уни молиялаштиришда айбланган.

Ҳимоя томонидан Навалнийни қўллаб қамоқда бўлиб турган бошқа мухолифатчилар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин ва Лилия Чанишева чиқиш қилган.

Навалний устидан суд жараёни жуда ёмон сифатдаги видеода олиб берилган бўлса-да, у иш бўйича баъзи нарсаларни айтиб беришга улгурган. Унинг сўзларига кўра, айблов материаллари орасида қўшиқчи Моргенштерннинг қўшиғидан олинган «Навалний Лёха» сўзи, бошқа бирида эса дунёнинг энг бой одами Уоррен Баффет ҳам бор. Тергов хулосасида айтилишича, Коррупцияга қарши кураш фонди криптоҳисоби орқали бир неча тўловлар амалга оширилган. Тўловларда бири «I Putin Huj» деб бошланувчи манзилга, бошқаси эса миллиардер Уоррен Баффет номига амалга оширилган.

Навалний сўнгсўз ўрнига Россиядаги судда адолат излаётган одамдан ҳимоясиз ҳеч ким йўқлигини айтди. Унинг таъкидлашича, «Россия атрофдаги ҳаммани йиқитаман деб бир нечта катта сакрашни амалга оширган, аммо сирпаниб кетиб атрофдаги ҳамма нарсани қулатган, кейин йиқилган». Навалнийга кўра ҳозир Россия «қонгами, киргами беланган ҳолда, суяклари синган ҳолатда турибди». У Россия қачондир оёққа туриши ва у келажакда нимага таяниши бугунги россияликларга боғлиқ эканини таъкидлади.

«Дунёга янги инсон келиши учун икки киши қандайдир қурбонлар берилиши ҳақида келишиб олиши керак. Янги одамни қийналиб туғиш, кейин эса у билан уйқусиз тунларни ўтказиш керак. Кейин унга ит олиб бериш, бу ит билан сайр қилиш керак. Худди шундай, янги, эркин давлат туғилиши учун унинг ота-онаси бўлиши керак. Яъни унинг туғилишини хоҳлайдиган ота-онаси. Унинг туғилиши учун қурбонликларга тайёр инсонлар. Бу нима эканини тушуниб етиши керак. Албатта қамалиш шарт эмас, бу лотереяга ўхшаган нарса ва мен бу чиптани «ютиб юбордим». Аммо ҳар ким қандайдир ҳаракат қилиш, қандайдир қурбон бериши керак», деган Навалний.

Алексей Навалний 2021 йилдан буён қамоқхонада бўлиб турибди. 2022 йилда 9 фирибгарлик ва судга ҳурматсизликда айбланиб 9 йилга қамоққа ҳукм қилинган. Терговга кўра Навалний ва жамоаси Коррупцияга қарши кураш фондига хайрия қилинган пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатган. Ваҳоланки, фонд доимий тарзда ўз молиявий ҳисоботларини эълон қилиб борган.

Мавзуга оид