Ўзбекистон | 15:53 / 10.08.2023
21994
11 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар учун сабоқ: катта йўллардаги катта ҳалокатлар

Куни кеча Тожикистонда юк машинаси катта тезликда енгил машиналар билан тўқнашиб, кейин аҳоли уйларига бориб урилиши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди. Kun.uz ҳайдовчиларни огоҳликка чақириш мақсадида яқин ўтмишда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг аянчли ЙТҲларни жамлади.

Дунёда автомобил саноати ривожланиши ортидан ҳар йили Ер юзи бўйлаб кўчаларда бир неча ўн миллионлаб янги машиналар пайдо бўлмоқда. Бу эса кечагина машиналар бемалол юрган кўчаларда бугун узундан узун тиқилинчларни юзага келтирмоқда.

Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисалари ортиб, оқибатда кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Бошқалари турли даражада тан жароҳатлари олиб, бир умрга ногирон бўлиб қоляпти.

БМТ маълумотларига кўра, ЙТҲ туфайли Ер юзи бўйлаб ҳар 24 секундда бир нафар, ҳар куни 3,5 минг одам ЙТҲ қурбони бўлади. Бир йилда 1,3 млн нафар ва ундан кўпроқ одам ҳалок бўлади. ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Бундан бир неча кун аввал, 2023 йил 6 август куни Тожикистоннинг Хатлон вилоятида юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлган, 13 киши жароҳатланган.

Ҳодисага юк машинасининг тормоз қисмида носозлик юз бергани сабаб бўлган: машина қияликдан тушаётганда тормози ишламай қолган. Натижада у катта тезликда ҳаракатланиб, аввалига йўлида учраган машиналар билан тўқнашган. Охирида бориб турар жой биносига урилган.

Тожикистонда содир бўлган ЙТҲда юк машинаси шу куйга тушган. 
Фото: Asia-Plus

Қуйида хорижда ва Ўзбекистонда кўплаб одамларнинг ҳалокатига сабаб бўлган ЙТҲлар ва бундай фожиаларнинг асосий тўрт сабабига тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистонда

2006 йил 30 июн. Навоий вилояти ҳудудида йўловчи автобуси МАЗ юк машинаси билан тўқнашади. Оқибатда, 20 дан ошиқ одам ҳалок бўлади. Яна кўплаб одамлар жароҳатланади.

2009 йил 2 май. Қашқадарё вилоятида салонида 50 нафар йўловчи бўлган автобус катта тезликда ҳаракатланиб экскаваторга урилади. Оқибатда 26 нафар йўловчи ҳалок бўлади, бошқалари жароҳатланади.

Юқоридаги икки йирик ЙТҲ маҳаллий нашрларда ёритилмаган, жамоатчилик фақат хориж ОАВ орқали хабар топган эди.

2012 йил 21 ноябр. Сирдарё вилоятида ҳаракатланиб кетаётган йўловчи автобуси бошқарувни йўқотиб, ағдарилиб кетади. Оқибатда ўндан ошиқ одам ҳалок бўлади. Кўплаб йўловчилар турли даражада тан жароҳатлар олади.

2019 йил 11 октябр. М-39 Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Термизга кетаётган Lacetti рўпарадан келаётган Камаз юк машинаси билан тўқнашади. Оқибатда 4 киши воқеа жойида ҳалок бўлади, бир киши шифохонага ётқизилади.

Фото Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

2021 йил 24 май. А-373 Тошкент-Ўш автомобил йўлининг Ангрен шаҳрига яқин қисмида “MAN” юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, темирйўл кесишмасида тўхтаб турган машиналарга бориб урилган. Оқибатда 7 киши ҳалок бўлган, 14 киши тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

2022 йил 13 март. Зомин туманидан ўтган 4Р-40 йўлида KIA русумли машина Nexia-2 машинаси билан тўқнашган. Оқибатда 2 киши воқеа жойида, 6 киши шифохонада вафот этган.

Ўшанда KIA жуда катта тезликда ҳаракатланган ва ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб рўпарадан келаётган Nexia-2 машинасига урилганди. 8 кишининг ўлимига сабабчи бўлган KIA ҳайдовчиси фақат тан жароҳати олган холос.

2022 йил 15 август. А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус Бейнов халқаро автомобил йўлининг Қашқадарё вилояти Муборак туманидан ўтган қисмида Spark ва Gentra ўзаро тўқнашади.

Оқибатда ёнғин келиб чиқади ва ҳар икки машинада бўлган 8 киши тириклайин ёниб кетади. Мазкур ҳодисада машиналар тўқнашган пайтда ташқарига отилиб чиқиб кетган абитуриент қиз тирик қолган.

2022 йил 26 ноябр. А-373 Тошкент-Ўш халқаро автомобил йўлининг Андижон вилоятидан ўтган қисмида Isuzu автобуси Howo юк машинаси билан тўқнашади.

Оқибатда автобус йўловчиларидан 4 нафари ҳалок бўлади. 40 нафари жароҳатланади.

2023 йил 30 июн. М-39 Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида Chakman юк машинаси енгил машиналардан бирининг орқасидан келиб урилган.

Шу пайтда улар билан олдинма-кейин ҳаракатланиб кетаётган яна иккита юк машинаси ва бир қанча енгил машиналар бир-бири билан тўқнашган.

Оқибатда икки киши ҳалок бўлган ва ўнга яқин машина шикастланган. Мазкур ЙТҲга юк машинасининг тормоз қисмида носозлик юз бергани сабаб бўлган.

Хорижда кўплаб одамлар ўлимига сабаб бўлган йирик ЙТҲлар

2015 йил 31 май. Нигерия жанубида жойлашган Онича шаҳрида бензин ташувчи махсус машина бошқарувни йўқотиб, бекатга бориб урилган ва ёниб кетган. Оқибатда у ерда бўлган 37 киши ҳалок бўлган. Мамлакат ички ишлар вазирлиги воқеани бахтсиз ҳодиса деб таснифлаган.

2016 йил 10 март. Замбия марказидаги Кабве шаҳрида автобус ва микроавтобус иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда, автобусда бўлган 25 киши ҳалок бўлган.

Автобус ҳайдовчиси йўл четида нотўғри тўхтаб турган юк машинасини айланиб ўтмоқчи бўлганида рўпарадан келаётган микроавтобуснинг йўлига чиқиб кетган ва у билан тўқнашган.

2017 йил 19 январ. Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида мактаб автобуси ва юк машинаси ўзаро тўқнашган. Оқибатда камида 25 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 18 нафари мактаб ўқувчилари бўлишган. Яна 50 га яқин инсон жароҳатланган.

2017 йил 29 март. АҚШнинг Техас штатида черковга тегишли махсус юк машинаси ва фуқаролардан бирига тегишли пикап ўзаро тўқнашган. Оқибатда черков машинасида бўлган кекса ёшдаги 14 киши ҳалок бўлган.

2018 йил 1 январ. Кения марказидаги Накару шаҳри яқинида йўловчи автобуси ва юк машинаси ўзаро тўқнашган. Оқибатда автобус ёниб кетган ва ундаги йўловчилардан 36 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.

2018 йил 14 феврал. Нигериянинг Канто шатида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда, 28 нафар ўқувчи ва автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Бир неча нафар ўқувчи жароҳатланган.

Ҳодисага йўлдаги носозлик сабаб бўлган. Автобус ҳайдовчиси йўлдаги чуқурни айланиб ўтаётиб, бошқарувни йўқотган ва юк машинасининг рўпарасига чиқиб кетган.

2018 йил 3 ноябр. Хитойнинг Ланчжоу провинциясида 26 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда 14 киши ҳалок бўлган, 27 киши жароҳатланган. Ҳодисага юк машинаси ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши сабаб бўлган.

Фото: Getty Images

2019 йил 20 октябр. Конгода йўловчи автобуси бошқарувни йўқотиб, йўл четига ағдарилган. Сўнг автобус ёна бошлаган. Оқибатда 25 киши ҳалок бўлади, 57 киши жароҳатланади. Мазкур ЙТҲга автобус ҳайдовчисининг тезликни ошириши сабаб бўлган.

2020 йил 20 сентябр. Нигерияда йўловчи автобуси дарёга тушиб кетади. Оқибатда 15 киши ҳалок бўлади, 13 киши бедарак йўқолади. Ўшанда Нигерияда беш кун ичида учта аянчли ЙТҲ содир бўлганди.

Жумладан, 15 сентябрда автобус ва юк машинаси ўзаро тўқнашган ва унда беш киши, 17 сентябрда автобус ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲда эса 12 киши ҳалок бўлади.

2020 йил 25 ноябр. Бразилиянинг Сан-Паулу штатида жойлашган Тагуаи шаҳрида ичида одамлар бўлган автобус ва юк машинаси ўзаро тўқнашади.

Оқибатда автобусда бўлганлардан 37 киши ҳалок бўлади, яна 15 киши жароҳатланади. Ҳодисага транспорт воситаларидан бирининг иккинчисини қувиб ўтгани сабаб бўлган.

Фото: Globoplay

Дунёда ва Ўзбекистонда содир бўлаётган оғир оқибатли ЙТҲларга бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда.

Жумладан:

1. Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши туфайли

Енгил машиналарда бўлгани каби, юк машиналари билан содир бўлаётган ЙТҲларнинг бир қисми ҳайдовчилар томонидан йўл-ҳаракати қоидаларининг бузилиши туфайли юз беради.

Бундан асосан тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, светофор ишораларига бўйсунмаслик кабилар аянчли ЙТҲларни келтириб чиқаради.

Жиззахда катта тезликда ҳаракатланган Lacetti дарахтга урилиб иккига бўлиниб кетган, оқибатда икки киши ҳалок бўлганди.

2. Сифатсиз йўллар туфайли

Дунё бўйлаб содир бўлаётган турли ЙТҲларнинг маълум бир қисми сифатсиз йўллар сабабли содир бўлиши ҳеч кимга сирмас. Бу ҳақда ҳатто БМТ ҳисоботларида ҳам кўрсатилади.

Жумладан, 2022 йил июн ойида БМТ Бош Ассамблеясида йўл-ҳаракати хавфсизлиги масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ташкилот бош котиби Антонио Гутерриш ривожланаётган ва камбағал давлатларга мурожаат қилиб, йўл инфраструктурасини яхшилаш ишларига эътибор беришга чақирганди.

«Ҳар йили ЙТҲлар туфайли турмуш даражаси паст бўлган давлатларда кўплаб одамлар ҳалок бўляпти. Оқибатда бутун бошли оилалар боқувчисиз қолиб, камбағаллар сони баттар ошяпти. Ёки кимдир тан жароҳати олса, оилалар сўнгги пулларини овқатланиш учун эмас, ЙТҲда жароҳат олган инсонларни даволатиш учун сарфлашга мажбур бўлишяпти. Турмуш даражаси паст бўлган давлатларда ЙТҲларнинг асосий қисми сифатсиз йўллар туфайли содир бўляпти. Шу сабабли бундай давлатларни йўлларни яхшилашга чақираман», деган эди БМТ бош котиби.

Шунингдек, ЙТҲларда ҳалок бўлаётганларнинг ўнтадан тўққизтаси турмуш даражаси паст бўлган камбағал давлатларда содир бўлмоқда.

«Жигули» йўл носозлиги учун қарама-қарши томонга ўтиб ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда.

3. Носоз транспорт воситалари билан ҳаракатланиш

Оғир оқибатлар келтириб чиқарган ЙТҲларнинг бир қисми носоз транспорт воситалари билан ҳаракатланиш туфайли юз беради.

Бунда муддати ўтган шиналарда ҳаракатланиш, ёритиш ва огоҳлантирувчи чироқларнинг ишламаслиги, тормоз қисмидаги носозликликлар «авария»ларни келтириб чиқариши мумкин.

Айниқса юк машиналарининг тормоз қисмида тез-тез носозликлар кузатилади ва бу аянчли ЙТҲлар содир бўлишига олиб келади. Тожикистонда юз берган аянчли ЙТҲ ҳам юк машинасининг тормоз қисмидаги носозлик туфайли келиб чиққан.

Жумладан, Қамчиқ довонида юк машиналари иштирокидаги ЙТҲларнинг аксарияти тормоз қисмида юз берадиган носозлик туфайли содир бўлади.

Қамчиқ довонида тормози ишламай қолган Isuzu авария содир этганди

4. Чарчоқ туфайли ухлаб қолиш

Ҳайдовчилар кўпинча вақтдан қизғаниб, дам олмасдан машина бошқаришади. Бундай ҳолларда чарчоқ устун келиб, улар машина бошқариб кетаётганларида ухлаб қолишади.

Оқибатда машина бошқарувни йўқотиб, йўлида нима учраса тўқнашади. Ёки йўл четига чиқиб кетиб ағдарилади. Турли транспорт воситалари билан содир бўлаётган ЙТҲларнинг маълум қисми шу тарзда содир бўлади. Бундай вазият кўпроқ юк машиналари ҳайдовчиси ва таксичилар билан кўпроқ содир бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид